Э. Войничнинг "Сўна" романи ҳақида
“Сўна” номли романни ўқишга тутинганимга ҳали кўп вақт бўлганича йўқ. Китоб анчайин таъмирталаб ҳолатда қўлимга тегди. Адади тахминан 75 минг нусхадан ортиқроқ бўлишига қарамай, бугун уни жавондан топиш муаммо туғдирмоқда десам янглишмаган бўламан.
Ўйлашимча, бу китобга ҳам Совет тузумига қарши қўйилган навбатдаги “қопқон” сифатида қаралган ва унга етарлича “чора” кўрилган. Шундан бери уни ўрганиш, моҳиятини англаш, кенг жамоатчиликка тақдим этишдек савобли иш орқага сурилиб келиняпти.
Асар билан танишиб чиққан бир неча китобхон дўстларимиз унга нисбатан хайрихоҳлик билдиришди. Чунки китоб моҳиятини чақишга уриниш, унга тўғри баҳо беришдан адабиёт ҳеч вақт ютқизмайди. Тўғри, роман қаҳрамони ҳақиқатдан ҳам миллий озодлик курашчиси. Аммо воқелик бошдан-оёқ бир мавзу ўзанида қолиб кетмаган.
Баёнчиликдан воз кечилиб, ҳар бир қаҳрамон ўз характерига монанд ҳаракатда бўлган. Яъниким, қўрқоқ бир муддатдан сўнг ботирга айланиб қолмаган, дунёқараши ўртамёна киши дабдурустдан чуқур фикр эгасига эврилмаган. Бундан ташқари, муаллифнинг бадиий савияси сатрдан-сатрга кўчиб, юқорилаб боради.
Аниқ айтиш мумкин, асарда сиёсий жараёнлардан кўра бадиийлик, инсон ички дунёси ва кечинмаларини акс эттириш тўлароқ кўзга ташланади. Ўзаро фикр алмашинишлар мобайнида англадимки, китобни ўқиган ўқувчида қаҳрамон “озодлик курашчиси” сифатида эмас, кўпроқ чин инсон қиёфасида таассурот уйғотади.
Тушунчани жонлантириш мақсадида асарнинг қисқача мазмунини баён этмасликнинг имкони йўқ, табиийки бу “қисқаликлар” орасида юракка “жизз” этиб ёпишувчи каттагина туйғулардан вақтинчалик ҳатлаб ўтишга мажбур бўламиз:
Артур - католик дини руҳонийси, диний семинариянинг ректори Монтанеллининг ўғли. Аммо унинг бундан хабари йўқ. Артур дунёдаги энг яқин кишиси бўлмиш Монтанеллига дўст сифатида сиғинади. Оилавий ҳақиқатдан хабар топгач эса – Америкага жўнаб кетади. У ерда инсон бардошини чилпарчин қилишга етгулик кўргиликларни бошдан кечиради. Агар у ўзини ана шундай қийноқлар исканжасига маҳкум этмаганида эди, бир вақтлар ўйлаганидек “Орқада ҳаётнинг ифлос ёлғонлар, қўпол алдовлар ва сассиқ ҳидлар билан тўлиб ётган, ҳатто одамни кўмиб ташлашга ҳам саёзлик қиладиган турғун ботқоқ” қаърига чўкиб кетарди.
Америкада кечган ҳаёт Артурни ҳақиқий озодлик курашчиси (Сўна)га айлантирди. У ўз юртига қайтганида Монтанелли Рим папасида юқори мансабли руҳоний сифатида фаолият юритарди. Сўнани ҳеч ким яқиндан билмасди. Одамлар унинг уқубатга тўла ҳаёти ҳақида сўзлашар, том маънода у “барча бўронлар ва тўлқинларни ўз устидан ўтказган” шахс эди.
Тақдир тақазоси билан Артур жосуслар томонидан хибс этилади. Не кўз билан кўрсинки, у банди этилган яқин атрофда Монтанелли ҳам бор. Айни вазиятда Монтанелли Артурга ўз ўғлига ҳақиқатни айтишдан чўчиган ота кўринишида намоён бўлса, халқ учун бу инсон фариштанинг ўзгинаси эди. У тез орада қатл этилиши кутилаётган сўна билан гаплашишга чоғланади. Бу жараён оламон учун мартабали руҳоний ва озодлик курашчиси ўртасидаги товба-тазарру учрашуви бўлса, китобхон учун қондош ота-бола муносабатларининг тўқнаш келиши. Монтанелли ён-веридаги кишиларнинг бўғилиб кетгувчи чиркин дунёларини деб ўғлининг бахридан ўтишга мажбур бўлади. Гарчи у ботинан ўз фарзандининг тубанликларга қарши кураша олувчи шахс бўлиб улғайганидан кўнгли тўлса ҳам...
Артур қатл этилади. Руҳоний ота эса виждон азобида қолади. Ҳар доим кишиларни махлиё этиб келган кардиналнинг бу галги нутқи, аввалгиларидан батамом фарқли бўлиб, разолатга ботиб бораётган сохта дин пешволарини ялонғоч сўзлар билан фош қилишга қаратилган эди. Бу Монтанелланинг ўлими аввалидаги сўнгги ваъзи бўлиб қолади.
Шу ўринда менда руҳоний Монтанелли хусусида жиддий ўйлаб кўриш истаги пайдо бўлди. Артурнинг нафратини тўғри баҳолаш мумкин. Унингча, отанинг бу қилган ишини кечириб бўлмайди. Бу қараш Монтанеллини ёмонотлиқ қилишга етарли эмас. Чунки сирлар ошкора бўлмаган кезларда ҳам уларнинг муносабатлари ота-ўғилникидан фарқли эмасди. Асар давомида китобхон Монтанелла қиёфасида заррача ғуборни сезмайди. Агар масалага чуқурроқ шўнғисак, мен Артурнинг онаси ҳақида ҳам эслаган бўлар эдим. Нега ўзини алданган сифатида намоён қилган ўғилнинг онасига нисбатан заррача эътирози уйғонмади? Ахир Артур ва Монтанелли ўртасида ипсиз ришта боғланган кезларида унинг онаси ҳаёт эди-ку. Нега онанинг шунча вақт “мум тишлаб” юриши Артурга оғир ботмади экан? Демак ота-она ўртасида ошкор қилиб бўлмайдиган қандайдир муроса юзага келган. Артур буни тўғри англай олмади, назаримда.
Шахсан мен китоб мазмунини озодлик ҳаракатига бошчилик қилган қаҳрамон ҳақида эмас, бир-бирларига эътиқоди баланд кишилар ўртасидаги ишонч, муҳаббат туйғуларининг юксак даражада намоён бўлиши сифатида қабул қилдим.
Асарда диний эътиқод юксакларга кўтарилган. Шундай бўлсада, Артур барча фожеаларнинг келиб чиқишини такаббур кишиларнинг дин деб аталган ақлий хасталикка чалиниши оқибати деб билади. Чунки унинг бу кўйларга тушушига бут олдида қилган тавбаси сабабчи бўлди. Динга ишончсизликни Худога ишонмаслик деб тушунмаслик керак. Сўнани Худодан эмас, уни тутиб берган тош санамлардан кўнгли қолганди.
Асар қаҳрамони ўрнида ўзини қўйиб кўрган ҳар қандай одам ҳаётини чуқурроқ тафтиш қила бошлайди.
“У ҳаёт эканлигидан бери дунёда ҳеч бир нарса ўзгармаган, ҳар кун теварагида кўриб келган икир-чикирлардан биттаси ҳам ўзгармаган. Одам қалби, тирик инсон қалби улар даражасида барбод қилинган бўлса ҳам бошқа тус олмаган. Ҳамма нарса илгаригича. Фонтанларда сувлар ярқираб отилади. Пирамонларда чумчуқлар чирқиллашади, кеча улар қандай чирқиллашган бўлсалар, эртага ҳам яна шундай чирқиллашади... ”
Бундай ўйлар айни бизнинг замонамиз учун жуда қимматли. Китобни ўқиган ўқувчи ўзидаги ижобий фазилатларни янада кенгроқ кўрсатишга, ўзини ўзгартиришга ҳаракат қилади. Назаримда, бу романнинг ҳар бир ўқувчи жавонида бўлгани фойдадан ҳоли эмас. Асарнинг моҳиятида худбинликка ундовчи, динни кўз-кўз қилиш, китобхонни ўз йўриғига солишга уринишнинг асоратлари йўқ деб бемалол айтиш мумкин. Айниқса, муҳаббат туйғуси жуда босиқлик билан қаламга олинган. Артур ва Жемма анчадан бери бир-бирларига кўнгил қўйишган бўлса-да, асарда уларнинг муносабатлари Шарқ турмушига хос назокат билан бўй кўрсатади.
Менингча, китобдан салбий иллатларни топишга уриниш, унинг бўйини ўз замонасининг носоғлом қаричи билан ўлчашга чиранишдан бўлак нарса эмас. Бунинг натижаси бизга маълум: китобхон мағзи тўқ, ўқишли асарлардан бирини бой беради.
✍️ Бобур Элмуродов