May 18, 2020

Сизгинадан ўргилай

- Олдимга туш қани! Ҳе, энангни…

Эркин бува мезбонларнинг ҳай-ҳайлашига ҳам қарамай Жанон момони олдига солиб чиқиб кетади. Жанон момо ер ёрилмайди-ю, ерга кириб кетмайди. Ҳаммасидан ҳам, чолининг эллик йил деганда биринчи марта сенлаб гапиргани-ю, “энангни” дегани алам қилиб кетади.

“Мен нима қилдим аҳир, айбим нима мени?” Жанон момо йиғлагудек бўлиб ортига қарайди, важоҳат билан хассасини ўйнатиб келаётган чолини кўриб, нафаси ичига тушиб кетади, “Ҳа сўрашган бўлсам сўрашгандирман, шунга ота гўри…”

- Ўв, сен! Ҳа, ёшлигинг эсингга тушиб кетдими? Қўл бериб сўрашгилари келиб қолибди-да а? Яна ким билан, Эшмат карнай билан!

- Ҳай буваси-е, секинроғе, қўшнилар эшитади,- Жанон момо бармоғини лабларига босади.

- Ҳо! Қўшнилар эшитишидан номус қилган уят, қариндош уруғ, таниш билиш олдида қариб қуюлмаган чол билан қўл бериб кўришаётганда қаёқда эди?!

- Ҳа энди, қўлини чўзиб турса тескари ўгирилмайман-у буваси…

- Қўлини чўзса эмиш! Бетини чўзса нима қилардинг, а, нима қилардинг?

Жанон момо пиқ этиб кулиб юборади. Бунга сайин Эркин буванинг жини баттар қўзийди. “Бор-е!” дейди-ю, кампирига ҳам қарамай тез-тез юриб кетиб қолади.

Жанон момо кўчанинг ўртасида сўппайиб туриб қолади. “Бор-е дедими? Сенлагани, Худо раҳмат қилган энамни сўккани етмагандек, бир ўзимни ташлаб кетвордими? Ҳали қараб турсин…” …

Жанон момо атай жойини олисроқ солади, чолига қайрилиб ҳам қарамайди. Эркин буванинг тўшаги ёнига қўйиб қўйиладиган совуқ чой ҳам бугун қўйилмайди. “Яхши ётиб туринг, буваси”, “Сҳирин тушлар кўринг момоси” деган одатий сўзлар ҳам айтилмайди. Ҳар бир соатда бир уйғониб, “Буваси, оёғингиз оғримаяптими?” “Буваси тузукмисиз?” дейишлар ҳам йўқ…

“Қилар ишни қилиб аразлаганига ўлайми…”

Эркин буванинг томоғи қақраб кетади. Қўли билан ёстиғИ тепасини пайпаслаб чойини қидиради, топа олмай энди оғиз жуфтлайди-ю, “араз-араз” эсига тушиб кетиб жим бўлади. Ўзича хийла ишлатмоқчи бўлиб ёлғондан ихраб қўяди. Қайда? “Нима бўлди, қаерингиз оғриди буваси?” деб парвона бўладиган кампири бугун бамайлиҳотир уйқуни ураверади.

Эркин бува тақдирга тан бериб бир амаллаб ўрнидан туради-ю, бўш идишни кўтариб ташқарига йўналади.

- Ойим билан дадамга нима бўлди? Бугун икковлари ҳам бошқачароқми?

Ўғил бор гапни эшитгач ўзини кулгудан тиёлмайди.

- Ҳа дадам тушмагур-ей… Икковлари ҳам ёш боладек бўлиб қолишган-а, Нилу? Майли қўявер, мана кўрасан кечга қолмай ярашиб олишади. Булар гаплашишмаса туришолмайди-ю.

- Менимча ойижоним ҳали бери шаштларидан тушмайдилар…

Жанон момо атайин қошларига қалин қалин қилиб ўсма қўяди. Билади, чоли орқасида ўзидан кўз узмай ўтирибди. Билади, ичи ёниб кетяпти. Эркин бува чидолмайди. Сал нарида кир юваётган келинига овозини кўтариб гапиради.

- Ўв қизим! Сўрачи, одамлар қаерга бунча ясаниб отланишаётган экан? Ё кўчада бирортаси кутиб турибдимикин карнайини ушлаб?

Келин мийиғида кулиб қўйиб, қайнонасига савол назари билан қарайди.

- Келин, мен қизимникига кетяпман! Бадқовоқ юзли одамларга тикилиб ўтиравериб сиқилиб кетдим, бир аланиб келай!

Момо шундай деб тугунини кўтарганча чиқиб кетади. Эркин бува ҳар сафар “Сизсиз бормайман, юринг бирга!” деб ҳоли жонига қўймайдиган, ҳозир эса руҳсат сўраш-у, ҳайр-ҳўшниям унутиб чиқиб кетган кампирининг ортидан серрайиб қараб қолади.

- Ойи, дадам тузукмилар тўғрисини айтинг? Ҳеч бир ўзингиз келмасдингизку? Келганингизда ярим соатга қолмай баҳона қилиб олиб кетиб қолардилар. Тинчликми ўзи?

Момо ҳам қизига сездирмай деразадан ташқарига қараб-қараб қўяди. Сҳу пайт дарвозанинг тарақлаб очилгани-ю, рашкчи чолгинасининг қадрдон овозини эшитиб ўрнидан туриб кетаёзади.

- Ҳай, момоси! Қизингизни дийдорига тўйгандирсиз? Сиз бу ерда ўтираверсангиз мен шўрликка ким қарайди?

- Ҳозир буваси, ҳозир… Сизгинадан ўргилай-а!

Бир-бирига суянганча кириб келаётган чол-кампирга қараб ўғил келинни туртиб кулиб қўяди.

- Равшан ака?

- Ҳа?

- Сиз ҳам мени рашк қиласизми?

- Бўлмасам-чи… Аҳир дадамни ўғлиман-у!

Кечадан бери фаришталар тарк этгандек бефайзгина бўлиб қолган хонадон йиллар ўтса-да эскирмас, қадди букилмас муҳаббат тафтидан нурафшон бўлиб кетади…

©Лобар АЗИЗ | @mutolaa_sehri