Кўнглимда бир ёру...
Йўқ, улар бирор марта учрашишмаган. Учрашиш ҳақида гаплашишмаган ҳам.
Бир-бирига севги изҳор қилиш тугул, “чегара”дан ярим қадам ҳам силжишмайди.
Улар, ҳатто бир-бирларини исмини-да билишмайди. Улар бир-бири учун яратилмагани ҳам аён, фақат…
Шунчаки… Шунчаки аёл салгина изтиробга тушдими, эркакнинг кўнгли сезади, дарҳол қўнғироқ қилади. Аёл ҳам шундай, масофалар қанчалар олис бўлмасин, ғойибона яқинининг кайфиятини дарҳол сезади, хабар олади.
Йўқ, буни хиёнат деб аташ ҳам ноўрин, ахир уларнинг туйғулари пок, висол талаб қилмайди, бу туйғулар!
Тўғри, уларнинг ҳар иккисида ҳам оила бор, яхшими-ёмонми… жуфтлари бор. Улар ўзлари “дўстлик” деб ном берган бу туйғуларга шу қадар эҳтиёткорлик билан ёндошишадики, аёлнинг турмуш ўртоғи ҳам, эркакнинг рафиқаси ҳам уларнинг муносабатларидан бехабар…
Аёл:
Унинг эрида кўнгли йўқ… Эрининг ҳам. Турмушлари гўёки икки бегона инсоннинг бир уйда яшашига ўхшаб кетади. Деярли сўзлашишмайди ҳам. Эр эрталаб жимгина нонушта қилиб ишга кетади, аёл уйда қолади. Ярим тунда эр яна қайтиб келади. Сўнг уйқу. Ҳар кунлик турмуш тарзи бу…
Эркак:
Унинг ҳам турмуши аёлникига ўхшаб кетади. Онаси олиб берган рафиқасига ҳеч кўнгли исимайди. Орада қандайдир… Тўсиқ бордек… Наҳот турмуш деганлари шу бўлса?
Яхшиям У бор. Ишга бориб қўл телефонидаги “симкарта”ни алиштиради-да (бу рақамни аёлдан бошқа ҳеч ким билмайди) Унга қўнғироқ қилади. Яхшиям шу аёл бор! Рангсиз дунёсига ранг бериб туради, гўё… Ақлли, фаросатли, муомалали… Рафиқаси-чи? Ҳаттоки тузукроқ гаплашиб ўтиришни ҳам билмайди.
Аёл ҳам қўл телефонига Ундан бошқа биров билмайдиган рақамни жойлаштиради-да, ғойибона сирдошига дардларини тўкиб солиб енгил тортади. Ахир бу рангсиз, ҳиссиз тақдирда ақалли биргина чироқ бўлса… Зулмат сингиб кетган кўнглини ҳар замонда ёритиб турса айбми? Ахир у ҳам ким биландир очилиб гаплашгиси, маслаҳатлашгиси келади, у ҳам аёл…
Тасодифий адашган қўнғироқ туфайли юзага келган бу муносабатнинг аслида нотўғри эканлигини иккиси ҳам билади, тушунади, аммо… Не чораки, юраклар буни тушунмаса?!
“Нега худойим менга уни эмас, мана бу аёлни умр йўлдош қилиб қўйди экан-а! Қани эди шундай аёл бир умрлик ҳамроҳинг бўлса…” Эркак тунлари аёлига терс ўгирилиб ётаркан, ғойибона суҳбатдоши – масъум, хаёлларида гўёки фариштадек акс этувчи аёлни ўйлаб тонг оттиради. Афсус, тақдир ҳамиша ҳам инсон хоҳишларига кўра битилавермайди…
Дам олиш кунини одатда ҳушламайдиган (чунки бу кунда Унга қўнғироқ қилолмайди-да) эркак бугун рафиқасидан биринчи марта… Биринчи марта энг яхши янгиликни эшитди! У… У яқинда ота бўлар экан! Эркак янгиликни секингина, ерга қараб туриб айтган аёлига илк бора меҳр билан қаради. Ажабо, икки йилдирки кўнгил қўёлмай яшаб келаётган аёли кўзига аллақандай… Истаралигина кўриниб кетди. “Яхшими-ёмонми у ҳам мени деб, мени бахтли қиламан деб келган-ку, бу уйга. Менинг кўнглим бўлмаса, бу бечорада нима айб?”. Янгиликдан кўнгли ёришиб кетган эркакнинг хаёлига, ғойибона масъумаси келди.
“Буни Унга ҳам айтишим керак! Ахир менинг бахтим унга ҳам хушкайфият улашмайдими! Фақат… Ишқилиб эри ёнида бўлмасин-да… Йўқ, нима бўлганда ҳам ҳозироқ унга буни айтмасам бўлмайди!”, эркак шундай деб ётоқхонага секингина ўтди-да, қадрли рақамларини терди. Воажаб… Шу чоқ кўзгу ёнида қолган рафиқасининг қўл телефони унсиз ёниб-ўча бошлади. Эркак телефонни қўлига олдию, ҳайратдан қотиб қолди. Ўша индамас, муомалани билмайдиган, кўримсизгина аёлининг телефони экранларида… Ўзининг рақамлари акс этиб турарди…
Терилар рақамлар
Босилар тугма –
Товушлар келади узундан-узун.
Симлар титраб кетар…
Оласиз, сўнгра –
Соғинчлар туташиб кетади бир зум.
Ҳўрсиниқ келади.
Оғир нафаслар…
Жимгина қарғаймиз тақдиримизни…
Юракка тор келар кўкрак қафаслар –
унсиз тушунамиз…
бир-биримизни…
Шу қадар ожизмиз,
шу қадар ғариб –
Шу жонсиз симларга тушганмиз асир!
Бедаво дунёдан даво ахтариб,
Давосиз бир дардга боғландик ахир…
Тугмани босасиз.
Яна шу овоз –
Симларнинг фарёди бағрим тиғлайди.
Тамом.
Бас.
Соғинчим эрта тонггача –
Боламга қўшилиб йиғлайди…
©Лобар АЗИЗ |