Озарбайжон
Олам кезиш учун қулай фурсатни кутиш шарт эмас. Кўнгилда истак туғилдими, бас, таваккал қилиб, сафарга отланинг-қўйинг. Айниқса, баҳорда, табиат энди уйғонаётганида юрт кезмакнинг гашти бўлак. Пурвиқор тоғлар, ўзига хос архитектураси, кўҳна ва замонавий иншоотлари билан ақлни шоширгувчи Озарбайжон эса кўкламда борса арзигулик энг мақбул жой.
ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига кирган энг кўп бино, обидалар айнан шу ерда жойлашган. Йил бўйи миллионлаб сайёҳни чорлайдиган Ичери шаҳар пойтахт Бокунинг “юраги”дир. Айнан шу ерда, денгиз яқинидаги тепаликда қадимий Боку ташкил топган. Шаҳарда ХИИ – ХИИИ асрларга оид ёдгорликлар, Қиз қалъаси, Ширваншоҳлар саройи, минглаб масжид, ҳаммом, минора ва карвонсаройлар ҳамон барҳаёт.
Майдони 22 гектардан иборат Ичери шаҳар ҳудудида юзлаб тарихий ёдгорликлар мавжуд. Улардан 28таси давлат даражасидаги, 3таси дунё миқёсидаги аҳамиятга эга. Айнан шу ерда машҳур “Бриллиант қўл” филмининг кулминасион нуқтаси акс этган бино ҳануз кўпгина фотосуратларни безаб келади.
Яна бир маскан – меъморий қўриқхона ҳисобланмиш Қобустон мамлакатнинг ҳақиқий ташриф қоғози. Бу ерда маданий ёдгорликлар кўплигидан, ҳукумат ҳар бир иморатни кўз қорачиғидек асрайди. 6 мингдан зиёд одам ва ҳайвонларнинг тошга чекилган суврати – петроглифлар, қадимги одамлар манзилгоҳи ҳар йили минглаб сайёҳнинг диққатини тортади.
Озарбайжон ўн бир мамлакат орасида энг қулай иқлими, табиатининг бетакрорлиги сабаб тўққизинчи ўринни эгаллаган. Кавказ орти ўлкаларига томон чўзилган ўрмону Каспий денгизининг мовий суви, жилваланиши баҳри дилни очади. Қуруқ субтропик иқлим сабаб бу ерда бемалол апелсин, мандарин, лимон, фейхоа, киви етиштириш мумкин.
Каспий денгизи киши умрида кўриши керак жойдир. Дунёда энг катта кўл ҳисоблангани, чуқурлиги 1025 метрга етиши, унча шўр бўлмаган сувида баҳузур чўмилиш мумкинлиги, Абшерона, Набран курортларининг аъло инфратузилмаси, меҳмонхоналарнинг жаҳон стандарти даражасида хизмат кўрсатиши кишининг айнан шу ерни танлашига сабаб бўлади.
Озарбайжон ошхонасидек хилма-хил, мазали таомга бой ошхонани топиш мушкул. Балиқ, сабзавот ва гўштга турфа зиравор солиб, хўшхўр, дармондори таомларни улардан ўтказиб ҳеч ким тайёрлай олмаса керак!
Энг машҳур – шафран қўшиб тайёрланган таомни ардоқли меҳмон олдига баридан аввал тортишади. Чурек, юпқа, қатлама эса нон ўрнини босади. Зайтун, лимон, қуритилган олча, норшароб, цирка ва анорсиз бирор таом ҳозирланмайди. Балки таомларнинг нордон, шўртаъмлиги шундандир...
Ажапсандал, палов, дўлма, лўли-кабоб, жиз-биз, бўзбош, пити, хаш эса дастурхон кўрки саналади. Ширинхўрларга паҳлава, шакар-бура, роҳат-лукум, мевали шарбатлар бериб, озар халқининг пазандалигини исботлашади.
70 дан ортиқ касалликка даво бўладиган нафталин нефти ҳам худди шу ўлкада. Нафталан шаҳрига шифо истаб келгувчилар сони сира камаймайди. Нафталан нефтидек хасталик илдизини қуритадиган восита топилмаслигига озарбайжонликлар астойдил ишонишади. Ҳатто, косметик воситалар ишлаб чиқарадиган фабрика маҳсулотларига шу нефтдан қўшишади. Нафтал нефти тўлдирилган ваннага бир бор тушган дардманд вужудидаги жамики хасталикдан қутилади, дейишади.
Озарбайжон – оловлар шаҳри. Сурахани қишлоғидаги Оташгоҳ, Абшерон ярим оролидаги Ёнартоғ ва бу манзилларда табиий равишда ёниб турадиган олов ўлка шуҳратини чандон оширади. Табиат мўъжизаси ҳисобланмиш олов катта газ конидан сизиб чиқадиган табиий газ сабаб пайдо бўлган. Оташгоҳ эса 1880 йилгача руҳонийларнинг оловга сиғинадиган ибодатхонаси вазифасини бажарган.
Шеки шаҳри эса ипак йўлининг давомчисидир. 2500 йил аввал топилган ипак қолдиқлар Озарбайжонда ипакчилик қадимдан ривожлангани, бардавом бўлганини исботлайди. Шеки қўли гул усталари, ҳунарманду савдогарлари билан машҳур. Шаҳарда бугунги кунимизгача сақланиб қолган карвонсарой эшиклари ҳамон очиқ. Меҳмонларни кутиш-кузатишда қўноқхона вазифасини бажармоқда. Энг асосийси, Шекилар сулоласига мансуб саройлар, бир дона ҳам мих ишлатилмай қурилган иморатлар илк қурилгандаги ҳолича турибди.
Мамлакатдаги лой вулқонлари ҳам диққатни жалб этадиган объектлардан. 52 вулқон давлат муҳофазасига олиниб, катталиги жиҳатдан бир вулқон Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган. Қадимий шаҳарлардан Шемаҳа, Исмоил, Боку, Гаха, Қуба ва соҳил бўйларидан Набран, Ланкорон, Худат, Хачмаз, Астара ва минерал сувлари билан донг таратган Ганжа дарвозалари йил бўйи – ҳамиша очиқ.
Mytavel - бу менинг саёхат кундалигим