February 20, 2022

Бетҳовен. “Ойдин сонатаси”

Бетҳовен... Aфсонавий ноёб истеъдод эгаси Людвиг ван Бетҳовенни танимаган ёки унинг ҳеч бўлмаса биргина мусиқасини тингламаган одам топилмаса керак. Бу исмни эшитимиз биланоқ унинг ўша ҳаммага маълум ва машҳур “Ойдин сонатаси” қулоқларимиз остида янграгандек бўлади.

Орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, композиторни машҳур қилган бу асар ҳали ҳамон инсон кўнглининг туб-тубидаги ҳис-туйғуларини жунбишга келтириши билан севимли. 14-соната номини олган, мусиқа санъатида ўчмас из қолдирган ушбу асар кимга бағишлаб яратилган, нега бу қадар маҳзун?

Соната яратилган вақтда бастакор ҳаётининг ҳам омадли, ҳам қайғули кунларини бошдан кечираётган эди. Бир томондан яратган мусиқалари оммалашиб машҳурлик поғонасига кўтарилаётган бўлса, бир томондан 30 ёшли навқирон йигит тиннитус билан хасталаниб, эшитиш қобилиятини аста-секин йўқотаётган эди. Шу сабаб, жамоавий тадбирлар, мусиқий кечалар, тадбирларда иштирок этмай, дўстларидан ўзини олиб қочар эди. Ҳаётидан маъно-мазмун йўқолаётган, тушкунликка тушган бир пайтда 18 ёшли, чиройли, мусиқий билимга эга Жульетта пайдо бўлади.

“Ойдин сонатаси” шу қиз – Жульетта Гвиччардига атаб, 1801 йили яратилган. Бетҳовеннинг кўнглидан жой олган қиз 18 ёшли ўзининг шогирди бўлган. Муҳаббатини мусиқа кўринишида изҳор этмоқчи бўлган бастакор Жульеттанинг кўнгли бошқа бошқа композитор Роберт фон Галленбергда эканини билгач, қайғуга ботади ва 14-сонатани маҳзунлик, нафрат, алам ва ғазаб билан якунлайди. Соната аввалидаги орзу оҳанги бўрон каби тўзғиб кетади.

Уч қисмдан иборат “Ойдин сонатаси” 1802-йилнинг март ойида Боннда илк бор ижро этилади. Aсарнинг дастлабки номи “Хаёлот руҳида” бўлган. Аммо мусиқий танқидчи Людвиг Рельштаб унга “Ойдин сонатаси” номини берган. Сонатада энг гўзал туйғу – муҳаббатнинг илк учқунларидан тортиб, қайғу, соғинч, илинж, меҳр, айрилиқ – севиб қолган инсон кечинмаларининг бари акс этгани билан тингловчини ҳаяжонга солади.

Бастакор ўлимидан сўнг унинг буюмлари, тугалланмай қолган сонаталари орасида Жульеттага аталган мактуб ҳам бор эди. Унда бастакор севгилисига канчалар ошиқ бўлгани, ҳаёти мазмунига айлангани, хиёнатидан сўнг эса бутун умрини ғам, тушкунлик эгаллаганини ёзади.

Француз ёзувчиси, драматург Ромен Роллер асар хақида “Иллюзия (хомхаёллар) узоқ давом этмади, сонатада муҳаббатдан кўра, ғазаб ва изтироб кўпроқ намоён бўлди” деб ёзади.

Mytavel - бу мен учун қизиқ!