March 6, 2022

Минораи калон - Бухоро юрагидир

Шарқ гавҳарларидан бири бўлмиш – Бухорони шариф этган, шуҳратини дунёга таратган унинг илму маърифатли фарзандлари ҳисобланади. Ривоятларда айтилишича, “Ҳамма жойга осмондан нур ёғилса, Бухорои шарифдан нур кўтарилар экан”. Бу, албатта, илм-маърифат нуридир. Бухоро алломалари, олиму уламолари, буюк шарафли зотлари биз ёшлар учун маърифатга етакловчи, келажак йўлимизни ёритгувчи бир зиёдирларки, бу нурли йўлдан бориб, уларга муносиб давомчи бўлиш ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган бахт-у саодатдир.

Ёшлигимдан бошлаб тасвирий санъат билан шуғулланаман, юртим тарихи, жамолини мўйқалам орқали акс эттиргим келади. Исмоил Сомоний, Чашма Аюб мақбараси, IX–XII аср мўъжизаси бўлган Чор Бакр, Арк қалъаси, ҳаттоки ҳеч каерда топилмас эски шаҳарнинг тор кўчалари ҳам юрагимдаги юрт меҳрини, муҳаббатини кучайтириб, қўлга қалам олишга ундайди. Бу мўъжизаларни бутун дунёга кўрсатиш, танитиш мақсадида бир неча ижодий намуналаримни 2019 йили Россия ва Беларусь шаҳарларида ўтказилган халқаро танловларга жўнатишга муяссар бўлдим. Намуналарим орасидан “Минораи Калон” ўз мўъжизавий кучи билан санъатшунослар қалбидан ўрин олиб, юқори баҳоланди.

Мени ўзига сеҳрлаган Минораи Калон – Бухоро рамзидир. Ўтмишда шаҳар тўрт томондан чўлу биёбон билан қопланган. Саҳро орқали узоқ мамлакатлардан карвонлар ўтган ва минора карвонлар учун манзилни белгиловчи кўрсатги, шаҳар атрофини юқоридан туриб назорат қилиш, хавфдан огоҳ бўлиш учун муҳим вазифани ўтаган. Миноранинг юқори қисмига 105 пиллапоя билан чиқилган. Ривоятларга кўра, минорани уста Бақо деган киши туя сути ва тухум оқидан фойдаланиб қурган экан. Минора асоси қурилгач, уста яшириниб, қирқ йил пинҳона ҳаёт кечирган. Устанинг бу ҳаракати шоҳни қаттиқ ғазаблантирган. Вақти-соати келиб уста бу ҳаракати сирини шоҳга шундай таърифлаган: “Шоҳим, бир қошиқ қонимдан кечдингиз, энди сирни ошкор этурман, бу минора қирқ йилда ўрнашади, қиёматгача қуламайди, шуҳратингизни дунёга ёяди, дунё тургунча туради, зилзилалар таъсир этмагай, беофат бўлгай”.

Қадимда бутун дунёга машҳур босқинчи мўғул саркардаси хони Чингизхон ҳам Бухорога келиб, барча масжиду мадрасалар, жумладан, Минораи Калонни ҳам яксон қилишни буюрган. Буйруқ бажарилишидан олдин пастдан юқорига қараганда, бош кийими тушиб кетиб, Чингизхон қўрқув ё ваҳимадан сесканиб кетган экан. Ажабо, буюк меъмор Бақо асари шундай қўрқув билмас, ажалдан ҳам тап тортмас саркарда Чингизхонни пойига тиз чўктирган. У иншоотни буздиришга журъат этолмаган. Бугун эса узоқ йиллар давомида Бухоро тарихини ўтганқайт ганларга сўзлаб берадиган донишманд лардек мағрур, виқорли Минораи Калон биз каби жажжи қалбларга-да илҳом солмоқда.

©️Jasmina Hasanova

Mytavel - бу менинг саёхат кундалигим