February 26, 2022

ГРУЗИЯ “ТАШРИФ ҚОҒОЗИ”

Грузия бой маданияти, урф-одатлари, халқининг меҳмондўстлиги, садоқат ва жанговарлик фазилатлари билан танилган. Бугун Грузия деганда кўз ўнгимизда пайдо бўлувчи мамлакатнинг бир неча “ташриф қоғоз”лари билан танишамиз. Грузинча рақс – Грузия тарихи кўзгусидир. Рақсда грузин халқининг руҳи, характери, феъл-атвори ва гўзаллик борасидаги ғоялари намоён бўлади. Мисол учун, картули – бу гўзаллик ва романтика мужассамлашган грузин рақси бўлиб, у эркак ва аёл ўртасидаги юксак туйғуларни ёдга солади. Ушбу рақс асосан тўйларда ижро этилиб, у орқали ҳар бир томошабин байрам шукуҳи ва тўй энергиясини ҳис қилади. Хоруми – жанговар характердаги грузин рақси бўлиб, Аджарада пайдо бўлган. Ушбу рақс грузинлар феъл-атворидаги жанговарлик кучини намоён қилади.

Грузия миллий либослари билан ҳам бошқа халқлардан ажралиб туради. Грузин миллий кийими чоха ва бош кийими папанаки (эркак), чихти-копи, кабалахи, лечаки (аёл) ҳам бу давлатнинг “ташриф қоғози” десак адашмаймиз. Грузиянинг сайёҳлик “ташриф қоғоз”ларига Вардзия, Гелати, Сатаплия ва Батуми киради. Вардзия – тарихий монастир, ибодатхона, қалъа, ҳаммом ва кутубхоналарга олиб борувчи кўчалар, туннеллар ва зинапоялардан иборат кўп қаватли мажмуа. Вардзия Ахалкалакидан 18 километр узоқликда, Туркия билан чегарага яқин жойда жойлашган. Шаҳар 12-13 асрларда яратилган. Гелати монастири эса тарихан мамлакатнинг иккинчи пойтахти бўлган Кутаиси шаҳридан икки километр узоқликда жойлашган. Монастир қад ростлаган тепаликдан шаҳар манзараси ва улуғвор Рача-Лечхум тоғлари кафтдек намоён бўлади. Сатаплия – Кутаиси яқинидаги ғоят ажойиб маскан бўлиб, у ердан 165 миллион йиллик динозавр излари топилган. 2010 йили давлат томонидан муҳофазага олиниб, қўриқхонага айлантирилган.

Батуми – замонавий Грузия тимсолидир. Европаликлар ва Кавказдаги қўшнилар уни “дам олиш шаҳри” деб номлашган. Батуми соҳили яхши инфратузилма, кўплаб кафе ва ресторанлар, сув спорти мажмуалари билан сайёҳларни ўзига жалб қилади. Сайёҳларнинг кўплигига қарамай, соҳил доим тоза туради. Боржоми минерал суви бутун дунёда машҳур. Унинг ўзига хослиги вулқон натижасида келиб чиқиши билан белгиланади, сув 8 минг метрдан ошиқ чуқурликда пайдо бўлади ва вулқон жинслари қатламларидан ўтиб, 60 дан ортиқ табиий минералларнинг таркиби билан тўйинади. Боржоми инсон танаси учун зарур бўлган элементларга бой ва кўплаб касалликларни даволаш учун энг яхши терапевтик ва профилактик воситадир. Дарада бир нечта булоқлар мавжуд ва уларнинг ҳар бири турли хил хусусиятларга эга. Бугунги кунда Боржоми 40 дан ортиқ мамлакатларга экспорт қилинади. Грузин виноси – грузин халқининг энг катта ғурури. Мусаллас милоддан аввалги V минг йилликда Грузияда ишлаб чиқарила бошланган ва бугунги кунда Грузияда 500 дан ортиқ узум навлари ўстирилмоқда. Грузинча кабоб – мцвади бутун дунёга машҳур бўлиб, гўштнинг турли кўкатлар билан “мариновка” қилиниши бошқа кабоблардан фарқлаб туради. Жумладан, кинза, кашнич, ялпиз, кўкпиёз, қалампир кабобга ўзгача таъм ва хуш бўй беради. Шунингдек, грузинча кабоб кўриниши ва ҳажмининг катталиги билан ҳам ажралиб туради. Хинкали – Грузия миллий ошхонасининг “ташриф қоғози” ҳисобланади. Бу таом ўзимизнинг мантини эслатади, фарқи тугилиши ва тайёрланишида. Хинкали қайнаб турган сувда пишириб олинади ёки ёғда қовурилади. Грузияга борган ҳар бир сайёҳ албатта хинкалини татиб кўради.