April 10, 2025

Назорат ҳам керак, меҳр-ишонч зарур

“Қизим 13 ёш. Жиззаки, қулоқсиз ва баъзида ёлғон сўзлайдиган одат чиқарди. Кайфияти ўзгарувчан, тайинлаган ишларимни бажармай, аксини қилади. “Сочимни пушти рангга бўяб, ўзим истаган кийимни сотиб оламан, кечаси ёлғиз сайрга чиқаман” сингари шартлар қўяди. Нотаниш дугоналар ҳам орттирибди. Улар ҳақида сўрасам, мужмал гап айтади. Бундан менинг асабим таранглашади. Ўсмир ёшда қизлар билан қандай муомала қилсак, уларни “синдириб” қўймаймиз”. Бу кабимактублар таҳририятимизга кўп келиб туради.

Ўсмирлик ўғил ва қизлар орасида фарқли кечади. Ҳаётий қадриятлар айнан шу ёшда одатга айланади, ўз фикрига эга бўлиш шаклланади. Бу босқич нафақат балоғат ёшидаги ўспиринлар, балки уларнинг ота-онаси учун ҳам мураккаб ва синовли кечади. Айниқса, она ва қиз муносабатларида тушунмовчиликлар, зиддиятлар, ҳатто можаролар кузатилади. Қизни ўстириб, тарбиялаш – нозик масала. Ўсмир қизлар билан қандай қилиб самимий, дўстона мулоқот ўрната оламиз? Шу каби саволлар юзасидан ўсмирлар билан ишлайдиган психолог, “Оила ва гендер” илмий тадқиқот институти таянч докторанти Муҳаббат Юсуповага юзландик.

–        Муҳаббат опа, қиз болада қачондан ўсмирлик даври бошланади ва қандай кечади?

–        Ўтиш даври ҳозирги ўсмирларда 10 ёшда бошланяпти, бу жараён 19 ёшгача давом этади. Қизларда бироз мураккаброқ кечади. Ўсмирлар гормонал ва психологик ўзгаришларни бошдан ўтказади. Жисмонан, ақлан ўсиш, ижтимоийлашиш, руҳий кечинмалар ва жинсий етилиш босқичлари кузатилади. Бу даврда бола ўзини ақлли деб ҳисоблайди. Эркинликка интилади, қарорларни ҳам ўзи қабул қила бошлайди. Онанинг болам нотўғри қадам ташлаб қўймасин деган ҳадик билан қизини жиддий назорат қилишга, чегаралашга, қаттиққўллик билан тарбиялашга уриниши хатодир. Аксинча, бу даврда ўсмир ибо-ҳаёли, тарбияли, озода бўлиб шаклланиши учун она қизига дугонадек муносабатда бўлиши лозим.

–        Ўсмир ёшга етган қизимиз билан қандай муомала қилишимиз керак?

–        Биринчи ўринда уни эшита олиш шарт. Онанинг наздида боласи гўё маъно-мантиқсиз қарорлари ҳақида гапираётгандек бўлади. Аслида, ўсмир уни эшитишларини, қабул қилишларини ва катта ҳаётга илк қадамларни ташлаётганда тўғри маслакдоши бўлишини истайди. Ота-она боланинг фикрларини ҳурмат қилган ҳолда уни тўғри йўналтириш мақсадида саволлар бериши, самимий суҳбатлар қуриши муҳим. Қиз болага ҳам эркинлик бериш керак. Тергаш, қўрқитиш ўрнига кимлар билан дўстлашаётгани, нималарга қизиқиши борлиги ҳақида сўраш лозим. “Сенга ишонамиз, бизнинг юзимизни ерга қаратмайсан”, дея масъулиятни ҳис эттириш мумкин. Эркинлигини тўлиқ чекласак, келажакда у ёрдамга муҳтож, журъатсиз бўлиб ўсади.

Шу ёшдан уй-рўзғор юмушларига жалб қилиб, тозаликка алоҳида эътибор қаратиши шартлигини онгига қуйиб бориш керак. Оналар ўзининг чаққон, ақлли бўлганини айтиб ёки бошқа бола билан қизини таққослаб, уни уқувсизликда айблаши ҳам хато. Аксинча, ишни кўнгилдагидек бажармаса ҳам, “Инсон хато қилиб ўрганади, кейинги сафар янада яхши бажара оласан”, дея руҳлантириш керак. Уй юмушлари, тозалик, китоб ўқиш бўлсин она қизи билан худди дугонадек биргалашиб бажарса, ундан жиззакилик, норозилик ҳаракатлари чекиниб, меҳрибон, ғамхўр, оилапарвар бўлиб ўсади. Ўсмирлар тарбиясида сабр талаб қилинади. Ахир, бу давр келажакда бахтли она, рафиқа ва бир касбнинг эгаси бўлиш учун дебоча. Болани назорат қилиш билан бирга ишонч, меҳр билдириш шарт. Баъзан қизингизнинг пешонасидан ўпиб, эркалаб тинчлантиришингиз талаб этилади.

Ўсмирлар танасидаги ўзгаришлардан уялиб, уни яшириш мақсадида қаддини қийшиқ тутиши ҳам мумкин. Бунда она очиқ мулоқот олиб бориб, боласига кенгроқ кийимлар кийиш зарурлигини ва асло қаддини букмай юриш кераклигини тез-тез уқтириши лозим.

* * *

Ўспирин қизлар танасида аёлликка хос ўзгаришлар бўлади. Шу даврда оналар қизига қандай кўмак бериши хусусида эндокринолог Азиза Муҳаммаджонованинг фикри:

–        Ўсмир танасида қизлик, оналикка оид белгилар бошланганда аввало қиз болани соғлом турмуш тарзига одатлантириш керак. Тўғри уйқу режими, тоза ҳаво ва эрталабки қуёшда сайр қилишга ундаш зарур. Сабаби, бу ҳаракатлар қон айланишини яхшилайди, болада бахт гормони – серотонин табиий ишлаб чиқишини таъминлайди.

Уй ишлари билан бир қаторда рақс, спорт, серҳаракат ўйинлар ҳам асқотади. Рассомчилик, чеварчилик, таомлар пишириш каби тўгараклар ҳам ўсмирда инсонлар билан муомала қилиш маданиятини шакллантиради, ҳам оила тутумига тайёрлайди.

Оғир невроз кузатиладиган ўсмирларга кундалик тутиб, миядаги кераксиз маълумотлардан халос бўлиш машқларини бажаришини тавсия қиламиз. Банан, цитрус мевалар ва бироз қора шоколад ейиш даркор. Булар тушкунликка қарши табиий маҳсулотлар ҳисобланади. Ўсмир қизда физиологик ўзгаришлар кечикса, зудлик билан эндокринологга кўрсатиш ва зарур ташхислардан ўтиш талаб этилади.

«Ҳузуримга бир аёл икки қизи билан келиб: “Бирон нарса беринг”, деб сўради. Хурмодан бошқа ҳеч нарсам йўқ эди. Ўшани унга бердим. Аёл уни ўзи емай, икки қизига бўлиб берди. Сўнг улар чиқиб кетгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам келдилар. У ҳақда айтиб берган эдим, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимга қиз фарзанд бериб имтиҳон қилинса ва уларга яхши қараса, улар унга дўзахдан парда бўлади”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Нафиса ПАРДАЕВА

Суҳбатлашди.