Уйчи туманида “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш” кунига бағишланган Республика очиқ биринчилиги якунланди
Уйчи туманидаги Жийдакапа МФЙда 2021 йил - Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” ва 1 июнь “Халқаро болаларни ҳимоя қилиш” кунига бағишлаб 2009-2010 йилларда туғилган ўсмирлар ўртасида ўтказилган Республика очиқ биринчилиги якунига етди.
Бугун мусобақанинг финал ўйини ва ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Финалда “Навбаҳор-Умид” футбол мактабининг Жийдакапа бўлими тарбияланувчилари Фарғона вилояти жамоаси билан ўзаро куч синашишди. Учрашувда тўлиқ устунликка эришган ёш “навбаҳорчилар” якунда йирик ҳисобда ғалаба қозониб, бош соврин соҳибига айланишди. Фарғоналикларга иккинчи ўрин насиб этган бўлса, учинчи совринли ўринни Шаҳрихон ва Чортоқ жамоалари эгаллашди.
Мусобақанинг ёпилиш маросими байрамона руҳда ташкил этилганлигини айтиб ўтиш жоиз. Тақдирлаш маросимида Наманган вилоят туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Анвар Тўйчиев, Наманган вилоят футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Шуҳрат Мирхолдиршаев, “Навбаҳор-Умид” футбол мактаби директори Санжар Асқаралиев, Уйчи туман 2-болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори Илҳом Бойдедаевлар иштирок этиб, ғолиб ва совриндорларни тақдирлашди.