July 1, 2021

1 июлдан пенсия ва нафақалар оширилади.

“Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-6241, 04.06.2021 й) қабул қилинди

✅ Фармонга кўра, 2021 йил 1 июлдан:

➖ белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдорида ва ундан кам пенсия олувчи шахсларга пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг 20 фоизи миқдорида қўшимча тўлов жорий этилади.

Бунда, иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади.

➖ белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 565 минг сўмгача пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори 565 минг сўмга етказилади;

➖ зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа миқдори 315 минг 030 сўмдан 400 минг сўмга етказилади;

✅ боқувчисини йўқотганлик:

➖пенсияси олувчиларнинг ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун қўшимча тўлов жорий этилади;

➖ пенсияси олувчиларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун пенсиянинг энг кам миқдори 256 минг 675 сўмдан 400 минг сўмга оширилади ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун амалдаги тартибга мувофиқ пенсия тўланади;

➖ нафақаси олувчи оилаларнинг барча аъзоларини қамраб олиш мақсадида уларнинг бир нафар меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун нафақа миқдори 400 минг сўм ва кейинги ҳар бир меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоси учун 150 минг сўмдан қўшилиши белгиланди;

➖ болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа ойига 513 минг 350 сўмдан 565 минг сўмга оширилди.