December 10, 2021

УЧ ЙИЛДА ЁЗИЛГАН МАМЛАКАТНИНГ БОШ ҚЎШИҒИ

December 10, 2021

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси.....

Унинг илк садоси, биринчи сўзи янграй бошлаши билан кўз олдимизда жонажон Ўзбекистонимиз гавдаланади. Чунки у – байроғимиз ва гербимиз каби, Давлат рамзи, мустақиллигимиз тимсоли. Шунинг учун Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси жаранглаганда, ҳаммамизнинг қўлимиз кўксимизда, уни тик туриб эшитамиз, жўр бўлиб куйлаймиз...

Мадҳиямизнинг 29 йиллигини нишонлаётган кунларда унинг яралиш тарихи ҳақида гаплашсак. Зеро, “ўтмишга қайтиб иш кўришлик хайрли”, дейишади...

Давлат рамзлари тушунчаси шўро даврида ҳам бор эди. Эски тузумда ҳам Ўзбекистоннинг ўз байроғи, герби ва мадҳияси бўлган. Лекин улар, аслида хўжакўрсинга қабул қилинган, бунинг устига, айнан мустамлакачилик сиёсати руҳида эди.

Ўша даврдаги Ўзбекистон ССРнинг давлат мадҳиясининг илк сатрлари қайсидир халққа, унинг устига у халқни “улуғ” деб номлаш билан, янада ачинарлиси ўша “улуғ” халққа ҳар тонг салом бериш билан бошланганлиги ҳақиқий мустамлакачилик сиёсати қобиғида эканлигимиздан дарак эди, у вақтлар биз ярим мустамлака эдик.

XX асрнинг 80-йиллари ўрталаридан, аниқроғи 1989 йил ёзидан эътиборан эркинлик ва демократия шабадалари эсиб, халқда ўзликни англаш кўртак отди, мустақиллигимизни қайтариб олиш ҳаракатлари бошланди.

1990 йил. Ўн иккинчи чақириқ Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг биринчи сессияси Фан, халқ таълими ва маданий меросини асраш ҳамда Миллатлараро муносабатлар, тил ва маданият қўмиталарига Ўзбекистон ССР Давлат мадҳиясининг янги матнини ва мусиқасини тайёрлаш ишлари топширилди. Қўмиталар очиқ танлов эълон қилди.

Беш ой давомида ёпиқ имзолар билан олтмишдан ортиқ шеърий матн келиб тушди. Қўмиталар қўшма мажлисида Давлат мадҳиясига қўйиладиган юксак талаблар асосида тўрт матн Олий Кенгаш Раёсатига тақдим этилди. Раёсат “Қўнғиртовлик” ва “Элбек” тахаллуслари билан ёзилган икки матнни матбуотда эълон қилиб, умумхалқ муҳокамасига қўйишни маъқул кўрди.

Бугунги кунда сир эмаски, “Элбек” – Азим Суюн, “Қўнғиртовлик” – Абдулла Орипов эди. Бу икки матн ҳам моҳиятан Ўзбекистонга мустақиллик насиб этишини, мустақиллигимизни қайтариб олишимизни орзу қилиб ёзилган эди, дейиш мумкин. Чунки ҳозир кўпчилик ишонмас, лекин у даврларда тилимизда, ҳатто, “истиқлол” сўзи ҳам истеъмолга киритилмаган, одамлар уни “тушунмас” эди.

1991 йил. Ўзбекистон ССР мадҳияси матнлари танлови муҳокамаси охирига етиб-етмай, Ўзбекистон ўз мустақиллигини қайтариб олди.

Энди замон тамоман бошқа руҳдаги мадҳияни талаб қилар эди.

Энди қайтадан – расмона ўз мустақиллигини қайтариб олган Ўзбекистоннинг давлат мадҳиясини яратиш тадориги кўрила бошлади. Танлов янгидан давом эттирилди, шоирларимиз янгича илҳом, янгича жўшқинлик, иштиёқ билан ижодга киришишди.

Мадҳия фақат шоирнинг ижод маҳсули эмас-да... Шеър, мусиқа ҳамда ижро уйғунлиги – мана гимннинг бош талаби.

Шеър ва мусиқа фақат ижро этилгандагина мадҳия бўлишини ҳисобга олиб, танловга тақдим этилган шеърий ва мусиқий асарларни холисона баҳолаш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши қошида махсус ишчи гуруҳи тузилиб, унга давлат мадҳияси танловини ўтказишни амалга ошириш вазифаси юклатилди. Гуруҳ таркибига таниқли мутахассислар киритилди.

Гуруҳ янги уч асарни Олий Кенгаш муҳокамасига тавсия этди.

Уч асардан дастлабки иккитаси танлов вақтида юқори баҳоларга сазовор бўлди. Лекин Мутал (Мутаваккил) Бурҳонов илгари – 1946 йилда яратган мадҳия мусиқаси кўп жиҳатдан мукаммал, ҳали ҳам мазкур жанрнинг барча талабларига жавоб берар даражада эди. Бу мусиқа амалда мустақилликнинг дастлабки, яъни янги Давлат мадҳияси қабул қилинганга қадар ҳам республикамизда Давлат мадҳияси вазифасини бажариб келган.

Гимнга яратилажак оҳанг дунёдаги 6 минг хил миллат миллий мусиқа асбобларида ўз садосини топиши керакда – мана мадҳиянинг бошқа ашулалардан фарқли жиҳати. Шуни ҳисобга олиб, Абдулла Орипов устоз бастакор билан ҳамкорликда бу мадҳия мусиқасига мос келадиган янги шеърий матн ёзди. Қўшиқчилик санъатида бу табиий ҳол, гоҳ мусиқага мослашган матн ёки матнга мослаб мусиқа ёзилади.

1992 йил. “Халқ сўзи” газетасининг 28 ноябрь сонида мамлакатнинг Бош қўшиғига давогар ана шу уч асар (англашимча, учтадан иккитаси Абдулла Орипов қаламига мансуб эди) матни ва мусиқаси эълон қилинди.

10 декабрда икки буюк аллома – Абдулла Орипов ҳамда Мутал (Мутаваккил) Бурҳоновларнинг ижод маҳсули Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн биринчи сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонун билан ўз ҳуқуқий асосини топди.

Шу тариқа Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳиясининг дунёга келиши бир неча босқичдан иборат ўзига хос жараённи бошдан кечирди. Муҳими – бу босқичларнинг барчасида Абдулла Орипов алоҳида-алоҳида матни билан қатнашди. Шу тахлит мадҳия лойиҳаси матндан матнга ҳар жиҳатдан пишиб, мукаммаллашиб бораверди.

Мадҳия алоҳида жанр – у миллатнинг Бош қўшиғи. Унинг ўз бадиий ва сиёсий-ижтимоий талаблари бўлади. Бугун ҳукумат бошчилигида ўзининг 80 йиллик юбилейини нишонлаётганимиз Абдулла Ориповнинг Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида ёзган шеъри ҳар жиҳатдан шу талабларга жавоб беради.

Давлат мадҳияси сифатида қабул қилинган матн ҳар жиҳатдан – кую оҳанги, жаранг-садоси, мазмун-моҳияти, ижтимоий-сиёсий залвори тарафидан ҳам кучли.

Мамлакатимизнинг Бош қўшиғи, давлатимиз мадҳияси мангу янграсин!