Аҳоли жон бошига ажратилган дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган маблағ миқдори 3 бараварга оширилади.
“Соғлиқни сақлаш соҳасини комплекс ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5124-сон, 25.05.2021 й.) қабул қилинди.
🗓 Қарорга кўра, 2021 йил 15 июндан бирламчи тиббий-санитария муассасаларида дори ва тиббий буюмлар учун бириктирилган аҳоли жон бошига ажратилган маблағ миқдори ўртача 3 бараварга оширилади.
💰 Бунинг учун 2021 йил инвестиция лойиҳаларини мақбуллаштириш ҳисобидан 165 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилади.
📊 Қарорга мувофиқ, барча соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари раҳбарлари фаолиятини баҳолаш рейтинги жорий этилиб, ҳар чоракда натижалар Президент Администрацияси ва Ҳукуматга киритиб борилади.
🚌 2021 йил 1 октябрга қадар жойларда, айниқса олис ва чекка ҳудудларда аҳолини манзилли профилактика ва скрининг қилиш ишларини ташкил этиш учун зарур ускуналар билан жиҳозланган махсус автобусларнинг камида 3 та тажриба намунаси яратилади.
❕2021 йил 1 июлдан иш стажи 5 йил бўлмаган олий маълумотли тиббиёт ходимларини нодавлат тиббиёт ташкилотларига ишга қабул қилиш билан боғлиқ талаблар давлат тиббиёт муассасаларига тенглаштирилади.
🏢 Шунингдек, 2021–2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари филиаллари (91 та) ташкил этилади.
➡️ Мактабгача таълим ташкилотлари ва мактабларда тўғри овқатланишни йўлга қўйиш мақсадида 2021/2022 ўқув йилидан янгиланган овқатланиш рациони ҳамда ушбу йўналиш билан шуғулланувчи тадбиркорларга талаблар амалиётга киритилади.
⚠️ Бунда, болаларнинг соғлиғига зарар ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатадиган барча озиқ-овқат маҳсулотларини мактабгача таълим ташкилотлари ва мактаблар ҳудудида сотишга чекловлар қўйилади.