ХОНДИЗА КОН БОШҚАРМАСИ тўғрисида қизиқарли маълумот.
Хондиза конининг полиметалл рудаларини ўрганиш собиқ иттифоқ даврида 1961 йилдан 1974 йилгача амалга оширилган. Бойитиш ва бойитиш технологиясини ишлаб чиқиш учун маъданларни тадқиқ қилиш 1970 – 2002 йиллар давомида бир қатор институтлар томонидан амалга оширилди. Ўзбекистон Давлат Геология қўмитаси экспертлари томонидан Сурхондарё вилоятидаги Хондиза конини полиметалл омбори деб аташади.
Унинг умумий захиралари 1,5 миллион тонна рух, 700 минг тонна қўрғошин, 180 минг тонна мис ва 2,3 минг тонна кумушни ташкил этиши аниқланган. 2006 йилнинг август ойида ушбу полиметалл конини тадқиқ қилиш ҳуқуқи „Олмалиқ КМК“ ОАЖга топширилди.
Ҳукумат қарорига кўра, кон тўлиқ комбинат томонидан қайта ишланиши белгиланди. 2007 йилнинг иккинчи ярмида комбинат томонидан конни ўзлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Сурхон воҳасида жойлашган Хондиза кон бошқармаси бундан 10 йил аввал, аниқроғи 2011 йилнинг 6 май куни комбинат таркибида расман ўз фаолиятини бошлаган.
Ҳозирги кунда Хондиза кон бошқармаси Хондиза шахтаси, бойитиш фабрикаси, таъмир-қурилиш участкаси, моддий техник база каби таркибий бўлинмаларга эга. Комбинат таркибий бўлинмалари орасида ўз ўрнига эга бўлган Хондиза кон бошқармасида 930 нафар ишчи-ходим меҳнат қилиб келмоқда. Хондиза кон бошқармасининг Хондиза шахтасида Руда қазиб олиш йиллик лойиҳа қуввати 650 минг тоннани ташкил этади.
Бошқарма таркибида фаолият юритиб келаётган Бойитиш фабрикасининг ишлаб чиқариш қуввати соатига 82,07 тонна, 1 кунлик қуввати эса 1850 тоннани ташкил этади.
ОКМК АЖ матбуот хизмати томонидан
берилган маълумотга асосан тайёрланди.