December 12, 2020

ПРЕСС-ТУР: НАВОИЙ ВИЛОЯТИДАГИ ЎЗГАРИШЛАР ЖУРНАЛИСТЛАР НИГОҲИДА

Янги Ўзбекистон! Бир қарашда жарангдор эшитилаётган бу жумла моҳиятида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудини — чекка ва олис қишлоқларини ҳам қамраб олган ислоҳотлар жараёни, кенг бунёдкорлик ишлари, одамлар турмуш тарзининг ижобий томонга ўзгариб бораётгани мужассам.

Бундай жараёнларга журналист — ижодкор кўзи билан синчиков назар солинганда эса одамлар қалбидаги орзу-умидлар рўёби ҳам қалқиб ўз-ўзидан чиқади. Бу эса қалам аҳлини ислоҳотлар жараёнини рўй-рост, бўй-басти билан борича ёритишга ундайди.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ташаббуси билан “Журналист ва ҳаёт” лойиҳаси доирасида ҳудудларда амалга оширилаётган Пресс-тур тадбирлари бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бу гали Пресс-тур мамлакатимиз мадҳияси қабул қилинганлигининг 28 йиллиги муносабати билан Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида мазкур вилоятда ташкил этилди. “Нурли жол”, “Овози тожик”, “Ҳуррият”, “Ўзбекистон овози”, “XXI аср”, “Адолат”, “Жамият”, “Хабар.уз”, “Ўзбекистон-24”, “Севимли”, “Менинг юртим” каби марказий ОАВ, шунингдек маҳаллий газета ва телевидениенинг 30 нафар вакиллари 10-11 декабрь кунлари Навоий ва Ғозғон шаҳарларида бўлиб, бу ҳудудларда амалга ошириалётган янги лойиҳалар билан танишиш имконига эга бўлди. Дастлаб иштирокчилар Навоий шаҳридаги “Baht-Textile” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишишди.

Мазкур корхона 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда вилоятдаги пахтачилик бўйича йирик кластер субъекти саналади. 1300 нафардан зиёд ишчи-ходим фаолият олиб бораётган корхонада Швейцария давлатидан илғор етакчи енгил саноат дастгоҳлари ишлаб чиқарувчи “RIETER” компаниясидан ип йигирув дастгоҳлари ўрнатилган бўлиб, 2019 йилда жамиятнинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 27000 тонна калава ип ишлаб чиқаришга етказилди. Корхона Навоий вилоятида етиштирилаётган пахта толасининг 70 фоизини қайта ишлаб, ярим тайёр ҳамда тайёр маҳсулот кўринишига олиб келмоқда.

Пресс-тур иштирокчилари ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишар экан, корхона ишчи-ходимлари билан мулоқот жараёнида улар учун яратилган қулайликларни кўздан кечиришди.

Маълумки, Навоий вилояти фақатгина саноатлашган ҳудуд бўлиб қолмай, балки вилоятда кейинги йилларда ижтимоий соҳа, хусусан таълим тизимида ҳам қатор ижобий натижалар қўлга киритилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг “РЕЙТИНГ-2019” натижалари бўйича Давлат тест маркази таҳлиллари асосида олий таълимга кириш кўрсаткичлари бўйича Навоий вилояти республикада 2-ўрин, Навоий шаҳри эса 1-ўринни эгаллади.

ОАВ вакиллари Навоий шаҳридаги Навоий-Қоракўл ихтисослаштирилган мактаби фаолияти кўздан кечирар экан, вилоят таълимидаги ютуқлар билан батафсил танишиш имконига эга бўлди. Математика, физика ва инглиз тили фанларига ихтисослаштирилган 360 ўринли мазкур мактаб интернати жорий ўқув йилидан иш бошлади. Мактаб-интернатига ўқувчиларни саралаб олиш жараёнлари 5 босқичда амалга оширилди. Шунингдек, мактаб-интернати 2,8 млрд. сўмга мукаммал таъмирланиб 1,7 млрд. сўм маблағ эвазига замонавий моддий-техника базаси билан тўлиқ жиҳозланди.

— Навоий вилояти саноат соҳаси билан бирга республикада таълим борасида ҳам етакчи ўринни эгаллаб келаётгани бизни қувонтирли, ¬— дейди тадбир иштирокчиси, таниқли шоира Зулфия Мўминова. — Бу албатта, Алишер Навоий бобомиз номи билан аталувчи ҳудудда залворли номга муносиб авлодлар тарбияланаётганидан дарак беради.

Пресс-тур иштирокчилари навоий шаҳҳрида қад ростлаб, мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида фойдаланишга топширилган Марказий Осиёда ягона ҳисобланган мегакўприкни ҳам кўздан кечиришди. Ер усти кўпригида пиёдалар учун яратилган шарт-шароитлар тадбир иштирокчиларини эътиборини тортди.

Шу куни Навоий шаҳридаги тўрт юлдузли, яқинда фойдаланишга топширилган “Тинчлик плаза” меҳмонхонасида медиатур доирасида “Замонавий профессионал журналистикани ривожлантириш: муаммо ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Ушбу тадбирда сўз олган Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси ўринбосари Холмурод Салимов бугунги кунда профессионал журналистикани ривожлантириш янада муҳим, долзарб аҳамият касб этаётганини, бу борадаги муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Маърузачи таъкидлаганидек, етук журналистларни тайёрлаш, уларнинг билим ва маҳоратини ошириш учун кенг кўламли ишларни амалга ошириш лозим. “Устоз-шогирд” анъанасини ривожлантириш, соҳа учун кадрлар етказиб берувчи олий ўқув юртларида таълим олаётган йигит-қизларни амалиётга кўпроқ жалб этиш, қизиқишини ошириш, ёш журналистларимизни муносиб рағбатлантириб бориш шулар жумласига киради.

Давра суҳбати давомида бир қатор амалий таклифлар: босма матбуотни амалий қўллаб-қувватлаш, матбуот котиблари фаолиятини янада ривожлантириш, профессионал журналистикани жонлантириш мақсадида ўзаро ҳамкорликни кучайтириш масалалари ўртага ташланди.

Конференция доирасида бир гуруҳ навоийлик фаол журналистларга Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмасининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг Уюшманинг Навоий вилояти бўлими томонидан нашрга тайёрланиб, яқинда Ўзбекистон республикаси мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб чоп этилган “Бунёдкорлик симфонияси” китобининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур китобда Навоий вилоятида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари хусусида сўз юритилган бўлиб, унда 50 нафарга яқин қурувчи-бунёдкорлар фаолияти ҳақида очерклар ўрин олган.

Медиатурнинг иккинчи куни Янги Ўзбекистоннинг янги шаҳри — Ғозғонда ва Нурота туманида давом этди. Ғозғон шаҳри Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифи билан ташкил расман 2019 йил 3 май куни ташкил топган. Майдони 59,4 минг гектарни, аҳолиси эса 8,4 минг кишидан иборат. Ушбу ҳудуд Марказий Осиёдаги пардозбоп тошлар, хусусан гранит ва мармар йирик захираларига эга энг бой ҳудуд саналади.

Ғозғон шаҳрида амалга оширилаётган лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда Навоий вилоятининг Ғозғон шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари” тўғрисида”ги қарори доирасида амалга оширилмоқда. Мазкур қарор ижроси юзасидан ўтган қисқа даврда жами 218 миллиард 299 миллион сўмлик ишлар амалга оширилиши қайд этилган.

Пресс-тур иштирокчилари ҳудуддаги энг йирик корхона — “Мармаробод” кластер корхонасининг фаолияти билан яқиндан танишиб, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ва жараёнларини кўздан кечиришди. Ҳозирги кунда “Мармаробод” кластер корхонасига тегишли 2 та карьерда янги ускуналарда гранит тошларни замонавий усулларда қазиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда корхонада 400 нафар маҳаллий ёшлар уч сменада иш олиб бормоқда.

Пресс-тур доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари Нурота туманида амалга оширилаётган лойиҳалар, хусусан “Чашма” меъморий мажмуасида олиб борилаётган беқиёс бунёдкорлик жараёнларини кўздан кечирди. Мазкур ҳудудда Давлатимиз Раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган кенг кўламли ободончилик жараёнлари иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Тадбир давомида Навбаҳор туманидаги “Навбаҳор касаб чеварлари” МЧЖ фаолияти ҳам кўздан кечирилди. Навбаҳор туманининг “Қалқонота” маҳалласида ташкил этилган мазкур замонавий тикувчилик фабрикасида 100 нафардан зиёд хотин-қизлар фаолият юритмоқда. Жойлардаги ислоҳотларнинг самарасини мана шу корхонада фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг дилидаги мамнунликдан ҳам билса бўлади.

— Мен шу туманинг “Тошработ” маҳалласида яшайман, — дейди тикувчи Мадина Абдуқаҳҳорова. — Жорий йилнинг ноябрь ойидан иш бошладим. Унга қадар 3 ой ўқув курсларида малака оширдик. Бу даврда бизлар учун стипендия ҳам тўланди. Фабрикадаги шарт-шароитлар бизни беҳад қувонтиради.

— Оддий одамларнинг дилидаги хурсандчилик жойларда ҳаёт сифати ўзгараётганидан далолат беради, — дейди сиёсий шарҳловчи Шарофиддин Тўлаганов. — Биз, Навоий вилоятида ана шундай ўзгаришлар бир неча баробар жадал амалга ошаётганлигини кўриб, гувоҳи бўлдик. Нафақат янги-янги корохоналар ва бошқа объектлар мисолида, балки одамларнинг кайфиятидан ҳам буни билса бўлади.

Пресс-тур якунида журналистлар ҳамда вилоят ҳокими Қ.Турсунов ўртасида самимий суҳбат ўтказилди. Унда вилоят ҳокими яна бир бор вилоятда амалга оширилган ишлар хусусида қисқача тўхталиб ўтди ва пойтахтдан келган меҳмонларнинг таассуротлари билан ўртоқлашди.

Пресс-тур иштирокчилари вилоятдаги ўзгаришларни алоҳида таъкидлар экан, вилоятда иқтисодиёт билан бирга маънавий-маърифий соҳа ҳамоҳанг юксалиб бораётганлигига урғу бериб ўтишди.

Шунинг билан Ўзбекистон журналистлари ижодий уюшмаси ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида вилоятда ўтказилган пресс-тур ўз ниҳоясига етди.

Энг эътиборлиси, Навоий вилоятида ташкил этилган икки кунлик мазкур тадбир журналистлар учун вилоятнинг бугунги ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар билан яқиндан танишиш имкониятини яратиб берди.

Отабек АСЛОНОВ,

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси

Навоий вилояти бўлими раиси.