Давлат тили – Миллатнинг ғуруридир.
Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида” ги Қонуни 1989 йил 21 октябрь куни қабул қилинди ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди.
Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрдаги №167-I-сонли Қонунига асосан, давлат тилини изчил жорий этиш жараёнини такомиллаштириш ва лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига мукаммал ўтишини таъминлаш мақсадида, "Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири қабул қилинди.
Бугунги кунда жаҳондаги кўплаб мамлакатлар халқлари давлатимиз рамзлари - Ўзбекитон Республикаси байроғи, герби, давлат мадҳияси қаторида ўзбек тилига ҳам ҳурмат билан қараб, нафис ва бой тил сифатида юксак баҳо бериб келмоқдалар.Ҳар йили 21 октябрь куни мамлакатимизда тил байрами сифатида нишонланиши анъанага айланиб қолган. Чунки, мамлакатимизда она тилимизни янада ривожлантириш ва такомиллаштириш, унинг миллий руҳини ошириш, маданият ва санътни юксак поғоналарга кўтариш асосий мақсадлардан ҳисобланади. Инсоният тарихида тилга доимо катта эътибор бериб келинган. Китобда тилшунослик фанини ривожлантириш учун, айниқса тилнинг жамиятда тутган ўрни, қўлланилиши ва ривожланиши учун зарур омиллар ҳамда тилнинг инсонлар маънавияти, маданияти, урф-одати, менталитети билан боғлиқ этнолингвистик ва психолингвистик жиҳатларни чуқур ўрганишга ундовчи даъватлар бор.
Айниқса, фундаментал фанлар, замонавий коммуникация ва ахборот технологиялари, банк-молия тизими каби ўта муҳим соҳаларда она тилимизнинг қўлланиш доирасини кенгайтириш, этимологик ва қиёсий луғатлар нашр этиш, зарур тушунча сифатида белгиланмоғи лозим.
Жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди томонидан 2020 йил 21 октябрь куни тумандаги 42-умумтаълим мактабида ушбу мавзуда давра суҳбати бўлиб ўтди. Давра суҳбатида, Нурота туман Маъмурий суди раиси Ғ.Абдухолиқов, фуқаролик иш Навбаҳор туманлараро суди раиси А.Ҳамраев, Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Мирзаев, жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди девонхона мудири М.Эгамов, судья ёрдамчиси М.Ҳамроева ҳамда Нурота туман 42-мактабнинг педагогик жамоаси тилшунослари иштирок этишди.
Тадбирда туман суди раиси З.Ибрагимов сўзга чиқиб, Давлат тили тўғрисида” ги Қонун, унинг мазмун моҳияти, шунингдек, давлат тилига ҳурмат ва эътибор тўғрисида фикрларини билдириб ўтди.
Шунингдек тадбирда тумандаги 42-умумтаълим мактабининг олий тоифали она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси сўзга чиқиб, ўзбек тилининг нақадар бой тил эканлиги, тилимизнинг ноёб ва жозибадорлик жиҳатлари, шунингдек, буюк бобокалонимиз А.Навоийнинг ҳаёти ва ижоди тўғрисида тўхталиб ўтди.
Тадбир барчада катта таассурот уйғотди.
Манзура Ҳамроева,
Жиноят ишлари бўйича Нурота туман судининг судья ёрдамчиси