Қизиқарли маълумотлар

Донишмандлик рамзи

Амир Темур олимларга хайрихоҳ муносабатда бўлар ва билими билан ҳаллолигини кўрган олимларга ишонар эди. У тарихчи ва файласуфлар, илм-фан ва маъмурий соҳада билимдон бўлган кишилар билан суҳбатлашиш учун кўпинча тахтидан ҳам тушар эди. Амир Темур ўзидаги кишиларни бўйсундириш қобилиятига уларни ўз ҳукмронлиги остида бахтиёр қилиш истеъдодини ҳам қўшган эди. (Луи-Матьё Ланглэ)

Шатранж ўйини

Амир Темур кўп вақтни шатранж ўйини устида ўтказган. У ўз даврининг машҳур шатранжчилари билан бемалол беллаша олган. (Хильда Хукхэм)

Олимларга эътибор

Амир Темур фақат маҳаллий муаллифларнигина рағбатлантирмай, балки ўз пойтахтига чет эл олимлари ва шоирларини ҳам жалб этди ҳамда уларнинг ҳаммасига ҳотамтойларча мукофотлар ҳадя этар ва ўз шахсий эътибори ва ҳомийлиги билан уларни қўллаб-қувватларди. Ана шу олимларнинг айримлари Амир Темур салтанатида ўз ватанидагидан кўпроқ таъминланган эди. (Г. Вамбери)

Илмга рағбат

Амир Темурнинг ақлий қобилиятлари ва қизиқишлари кўлами кишини айниқса ҳайратга солади. Унинг ҳумдорлиги битилган тарихларда тиббиёт, астрономия ва айниқса, араблар, форслар ва туркийлар тарихи соҳасидаги билимлари мадҳ этилади. У завқ билан олимларнинг мунозараларига киришиб, кўпинча ғолиб чиқарди... (В.Ф. Манс)

Санъатга эътибор

Амир Темур санъатни юксак қадрлар эди. Унинг ўзи бадиий асарлар мажмуасига эга эди. Турли тоифадаги машшоқлар, сухандонлар, хайкалтарошлар. боғбонлар, рассомлар жаҳоннинг ҳар хил давлатларидан Амир Темур саройига тўпланган эдилар. (Хильда Хукхэм)

Фақат ҳақиқат

Саййидлар, олимлар, фақиҳлар ва билим эгалари, шунингдек, уйғур бахшиларию форс адиблари Соҳибқиронга сафарда ҳам, уйда ҳам узлуксиз мулозимликда бўлган эканлар. Фармонга мувофиқ улардан бир гуруҳи мунтазам (равишда) ул Ҳазратнинг юриш-туриши ва гап-сўзларида, мулк, миллат ва аркони давлат аҳволида нима��ки гап бўлса, тўла-тўкис ёзиб борардилар. Бу ишда муболаға қилинмасин, деб алоҳида таъкидлаб буюрилган эди. Шу йўсинда туркий манзума ва форсий қисса, ҳар бири ул Ҳазратнинг юриш-туришидаги энг йирик (воқеаларни) қамраб олган назм ва наср қаламига олинган эди. (Шарафуддин Али Яздий)

Жонбоз қурувчи

Амир Темур жонбоз қурувчи эди, у ажойиб боғ-роғли муҳташам иншоотлар барпо этди, шаҳар ва қишлоқларни тиклади. Суғориш тизимлари барпо этилди ва таъмирланди, расмий тарих таъбирига кўра, у экин экишга яроқли бир қарич ерни ҳам бекор қўймасди. (Шарқшунос, манбашунос олим В.В.Бартольд)

Пойтахт

1370 йил мартида Амир Темур Самарқандга қайтиб, уни ўз давлатининг пойтахти қилиб, кейин қонунларни ва ўз ҳокимияти давлат тузумини тартибга солди. (Ибн Арабшоҳ)

Савдо йўли

Самарқанд XV аср бошларида Осиё ва Европа халқларининг Марказий Осиё орқали олиб борган кенг кўламдаги савдосининг маркази бўлган. Самарқанддан Кичик Осиёга, Ўрта денгизга, Хитойга ва Ҳиндистонга олиб борувчи жаҳон аҳамиятига молик савдо йўллари ўтган. (Профессор Н.И. Леонов)

Куч — адолатда

Барча буюк саркардалар сингари Амир Темур ҳам ўз аскарларининг машаққат ва зафарларини баҳам кўрарди. Улардан қатъий интизомни талаб қилар, лекин мажруҳлигига қарамай, уларга бош бўлиб жанг қилар эди. Ҳеч вақт ўз жангчиларини ёлғиз қолдирмас эди. У лавозими, бойлиги, ирқи, динидан қатъи назар, барча учун адолат бир бўлишини ниҳоятда синчковлик билан кузатиб борар эди. ...Бундай ҳукм чиқариш одати, ўз даври энг яхши саркардасининг жасорати ва шуҳрати сингари, унинг жангчилар ўртасидаги эътибори ва таъсирининг таркибий қисмларидан бири ҳисобланади. (Керэн Люсьен)

Шаҳрисабз ҳокими

Ўзига хос ватанпарварлик ҳиссиётлари билан руҳланган, ижтимоий воқеаларни ўзича тушунган тадбиркор Амир Темур 25 ёшида Шаҳрисабз ҳокимлигига муяссар бўлди. (И.Мўминов)

Жасур шахс

Амир Темур ёшлигидаёқ ақлининг тиниқлиги ва жасурлиги билан ажралиб турарди. Унда ҳарбий истеъдод эрта намоён бўлди, у отда юриш машқини олган ва камондан отишга моҳир эди. (Александр Юрьевич Якубовский)

Эътироф

Деярли бартараф этиб бўлмайдиган икки ғов, бизнинг таассуб ва тарихнинг янглишилиги - бизнинг Амир Темурни билишимизга ва баҳолашимизга монелик қилди. Бироқ кўпгина муаллифларнинг ўз салномаларида уни сохта баён этганликлари муҳим эмас, ахир унинг номи миллатлар воқеаномаларида ўчмас ёзувларда қайд этилмаганми?! Ахир, авлодлари фойдаланиб келган зафарлари унинг буюк заковатини исботлаш учун етарли эмасми? (Луи-Матьё Ланглэ)

«Китоблар уйлари»

Амир Темур ва унинг авлодлари даврида «Китоблар уйлари» («Дор ул-кутуб») мавжуд бўлиб, улар йилма-йил ноёб асарлар билан тўлдириб борилган. Афсуски, XVII - XIX асрлардаги босқинлар, мустамлакачилик оқибатида бу китоблар жаҳоннинг турли бурчакларига олиб кетилди. Ҳозирда ота-боболаримизнинг, айниқса темурийлар даврининг ноёб дурдона қўлёзмалари дунёнинг энг машҳур музейларини безаб турибди. (Тўлқин Ҳайит «Амир Темур хазинаси»)

Амир Темур даврида фан

Ҳофизи Абрўнинг ёзишича, Амир Темур турк, араб ва эронликлар тарихини чуқур билган. У давлат аҳамиятига эга бўлган ҳар бир масалани ҳал этишда, шу соҳанинг билимдонлари ва уламолари билан маслаҳатлашарди.