Коррупцияга қарши курашиш – жамият тараққиётининг устувор вазифаси.
Маълумки Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради. Пировардида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Коррупция - бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. У демократия ва инсон ҳуқуқларининг бузилишига сабабчи бўлиб, ҳаёт сифатини ёмонлаштирадиган ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, ва бошқа бир қанча жиноятларнинг илдиз отиши учун шароит яратиб беради. Ушбу жирканч ва зарарли ҳодиса катта-кичик, бадавлат ва камбағал бўлишидан қайъий назар барча мамлакатларда учрайди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларида коррупциоген омилларга чек қўйишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Давлат органлари зиммасидаги вазифа ва функцияларни бажаришда юзага келадиган коррупцияга оид хавф-хатарларни баҳолаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат хизматига ҳалоллик стандартларини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш чоралари кўрилмоқда ҳамда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини тубдан ошириш бўйича белгиланган вазифалар коррупция ҳолатларининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш, уларни бартараф этишнинг таъсирчан тизимини яратишни тақозо этмоқда. Ушбу ишларга фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакилларини ҳам кенг жалб этиш зарурати туғилмоқда.
2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастурини изчил рўёбга чиқариш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга қаратилган давлат сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди.
Ушбу агентлик:
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек, мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланиши,
ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари олдида ҳисобдорлиги,
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор томонидан бошқарилади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Агентлик директорини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш тўғрисидаги фармонлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилди.
Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиаб қўйилди.
мамлакатда коррупция ҳолатини тизимли таҳлил қилишни таъминлаш, шунингдек, коррупцияга оид хавф-хатарлар юқори бўлган соҳалар ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини аниқлаш;
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш;
фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотларни тарқатиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни ташкил этиш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш;
вазирлик ва идораларнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг ушбу масалалар бўйича биргаликдаги самарали фаолиятини ташкил этиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан банкларда коррупцияга қарши ички назорат тизими («комплаенс-назорат») ҳамда коррупцияга қарши курашишнинг бошқа халқаро воситаларини жорий этиш ва самарали фаолият кўрсатишини ташкиллаштириш, замонавий усуллар ва ахборот-коммуникация технологиялари асосида коррупцияга қарши мониторинг олиб бориш, шунингдек, уларнинг мазкур соҳадаги фаолияти бўйича рейтингини тузиш;
норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси самарадорлигини таъминлаш, шунингдек, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш, халқаро стандартларни ва илғор хорижий амалиётни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;
давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизими жорий этилиши ва самарали фаолият кўрсатишини ҳамда декларацияларнинг ҳаққонийлиги текширилишини ташкил этиш, шунингдек, ушбу жараёнда аниқланган коррупция ҳолатларига ўз вақтида таъсир чоралари кўрилишини таъминлаш;
давлат хизматига ҳалоллик стандарти («ҳалоллик вакцинаси») ва манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш стандартларини жорий этишда кўмаклашиш бўйича таъсирчан чораларни кўриш, шунингдек, уларга риоя этилиши устидан назоратни амалга ошириш;
бюджет маблағлари, халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг қарзларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат тизимининг самарадорлигини таҳлил қилиш, шунингдек, уни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ҳамда мамлакатнинг имиджини мустаҳкамлаш ва унинг халқаро рейтинглардаги ўрнини ошириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
коррупциянинг ҳолати, тенденциялари ва сабаблари ҳамда коррупцияга қарши чоралар кўришнинг самарадорлиги юзасидан социологик, илмий ва бошқа тадқиқотларни ташкил этиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчанлигини ошириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;
коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича фаолиятнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, шу мақсадда оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат секторнинг бошқа вакиллари билан самарали ҳамкорликни амалга ошириш.
2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур фармон билан 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастури тасдиқланди.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилиш-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилганлиги алоҳида эътироф этиш зарур. Жумладан, бу борада давлат хизмати тизими, унинг мақсадлари ижтимоий ҳимоя қилиниши, моддий таъминоти ва рағбатлантиришини кучайтиришга қаратилган чоралар кўрилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг коррупцияга қарши курашишў соҳасидаги мақсад ва вазифалари аниқлаштирилди. “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги, “Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.
Мухтасар айтганда-коррупция тараққиётимиз кушандаси. У қариндош уруғчилик, уруғ-аймоқчили ва шунга ўхшаш иллатларнинг онасидир. Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилганлиги – давлат ва жамиятда коррупцияни йўқотиш, унинг илдизларини қуритиб, таг томири билан болта уриш, шунингдек, фуқароларимизнинг тенг ҳуқуқлилик ва бирдамлигининг асоси бўлди.
Зафар Ибрагимов,
Жиноят ишлари бўйича Нурота туман суди раиси
Муҳсин Эгамов,
туман судининг девонхона мудири.