НАВОИЙ ВИЛОЯТИ СУДЛАРИ РАИСЛАРИ ТОМОНИДАН ЖАМОАТЧИЛИК ВА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ ВАКИЛЛАРИГА АХБОРОТ БЕРДИ
Жорий йилнинг 20 августи куни Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди биносида жиноят, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий судларининг фаолияти ҳамда 2020 йил биринчи ярмида одил судловни таъминлаш борасида амалга оширган ишлари тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларини хабардор қилиш мақсадида брифинг (матбуот анжумани) ўтказилди.
Брифингда вилоят Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Хотин-қизлар, Ёшлар иттифоқи вакиллари, телевидение, радио ҳамда ОАВларнинг журналистлари ва фаоллар иштирок этишди.
Ўтказилган тадбирда вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари томонидан Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва бу борада қабул қилинган Фармон ва қарорлари жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш ва самарадорлигини оширишда юксак самаралар бераётганини таъкидлаб, судлар томонидан 2020 йилнинг 6 ойи мобайнида кўрилган ишларнинг умумий таҳлили, шу билан бирга иш тоифалари таҳлиллари юзасидан ахборотлар беришди.
Жумладан, Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судлари томонидан
2020 йил 6 ойи давомида жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди ва вилоятнинг туман (шаҳар) судлари томонидан жами 539 нафар шахсга нисбатан 429 та жиноят иши тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган шахслар ва ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 55 нафар шахс ёки 9,9 фоизга камайган бўлса, жиноят ишлари эса 1 та ёки 0,3 фоизга кўпайган.
Тамомланган ишлардан 408 нафар шахсга нисбатан 306 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, ҳукм чиқарилган ишлар сони 26 та ёки 7,9 фоизга камайган.
Жами тамомланган ишларнинг 14 таси вилоят судининг биринчи инстанциясида, 415 таси эса туман (шаҳар) судларида кўрилган.
2020 йилнинг биринчи ярмида 4 нафар шахс биринчи инстанцияда, 22 нафар шахс апелляция ёки кассация инстанцияси томонидан оқланган.
Ушбу даврда судланганларнинг 30 нафари ёки 7,7 фоизига жарима, 9 нафари ёки 2,3 фоизига мажбурий жамоат ишлари, 135 нафари ёки 34,6 фоизига ахлоқ тузатиш ишлари, 95 шахсга ёки 24,4 фоизига озодликни чеклаш, 119 шахсга ёки 30,5 фоизига озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.
2020 йилнинг биринчи ярмида жами кўриб чиқилган 429 та жиноят ишидан 129 таси ёки 30,7 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилиб, шундан 12 таси оммавий ахборот воситалари орқали ёритилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судлари томонидан ҳам 2020 йилнинг 6 ойи мобайнида одил судловни амалга ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилган.
Жумладан, вилоят ва туманлараро судларида 2020 йил биринчи ярми давомида жами 3 926 та фуқаролик ишлари мазмунан кўрилиб ҳал қилинди. Бу кўрсаткич 2019 йил (3 559 та)га нисбатан 367 тага кўпайганлигини кузатиш мумкин.
Жами кўрилган 3 926 та фуқаролик ишларидан 3 281 таси ёки 83,6 фоизи бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган, 156 таси ёки 4,0 фоизи бўйича фуқаролик ишлари ҳаракатдан тугатилган ҳамда 489 таси ёки 12,4 фоизи бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.
Навоий вилоят маъмурий судлари томонидан 2020 йилнинг 6 ойи давомида вилоят ҳамда туман (шаҳар) маъмурий судларида 9 915 та шахсга нисбатан 7 721 та иш кўриб чиқилган.
Ҳуқуқбузарликлар 2020 йил 6 ойи давомида (7 721 та иш) 2019 йил 6 ойи давомида (8 271 та иш) нисбатан 550 тага камайган.
Суриштирув органи томонидан 2020 йил 6 ойи мобайнида маъмурий судларга 7 743 та маъмурий ишлар келиб тушган бўлиб, шундан 4 305 таси ички ишлар бўлимларидан, 968 таси прокуратура, 938 таси солиқ идоралари томонидан, 117 таси божхона органи томонидан ва 1 409 таси бошқа органлардан келиб тушган ишларни ташкил этади.
Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга процессда қатнашиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишларига қулайликлар яратиш мақсадида ҳисобот даврида жами кўрилган 7 721 та ишларнинг 2 409 таси ёки 31,2 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.
Навоий вилоят иқтисодий судлари томонидан 2020 йилнинг 6 ойи мобайнида жами 1 027 та иш кўриб чиқилиб, даъвогарлар, шу жумладан хусусий тадбиркорлик субъектлари фойдасига 203 млрд. 950 млн. сўм зарарлар ундирилган. Низоли тартибда кўрилган ишларнинг 212 таси ёки 20,6 фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.
Кўрилган ишларнинг 762 таси ёки 74,2 фоизи фуқаролик ҳуқуқий муносабатга оид, 257 таси ёки 25,1 фоизи маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид, 6 таси ёки 0,5 фоизи коорпоратив муносабатларга оид ҳамда 2 таси ёки 0,2 фоизи банкротлик ва юридик фактларни аниқлашга оид низоларни ташкил этган.
Судлар томонидан жойларда олиб борилаётган ҳуқуқий тарғибот ишлари ўз самарасини бермоқда. Хусусан, фуқаролар ва тадбиркорларнинг шартнома ва тўлов интизомига риоя қилинаётганлиги натижасида кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 299 тага ёки 55,8 фоизга камайган.
Даъво ариза ва аризаларини тақдим этишда республика бюджетига ихтиёрий тўланган давлат божи 289 млн. сўмни, суд қарорларига асосан ундирилиши белгиланган давлат божи миқдори 9 млрд. 241 млн. сўм сўмни ташкил этган.
Шу билан бирга жами 164 та ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилиб, шундан 123 таси ОАВларда ёритилган бўлса, 41 таси бўйича бевосита аҳоли билан учрашувлар ҳамда очиқ мулоқатлар ташкил этилган.
Навоий вилояти судлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.
Бундай тадбирларни ўтказилишидан кўзланган асосий мақсад - вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, шунингдек туманлараро, туман (шаҳар) судларнинг фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни тўлиқ хабардор қилиш, бу орқали суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш, шу билан бирга ОАВ ва жамоатчилик томонидан муайян суд ишлари (ишни кўриш жараёни, иш натижалари ва ҳоказо)ни нотўғри талқин қилиш, ёритиш ва изоҳлашни олдини олишга қаратилган.
Навоий вилоят иқтисодий суди