June 25, 2020

СУДНИНГ ҚАРОРИ АСОСИДА ФАҚАТ КЎЧМАС МУЛКЛАР МОЛ-МУЛК СОЛИҒИГА ТОРТИЛИШИ БЕЛГИЛАНДИ

Маълумки, кундан-кун ривожланиб бораётган юртимизда тадбиркорлар қатлами муҳим ўрин тутади. Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади. Шундан келиб чиқиб, иқтисодий судлар ҳам бугунги кунда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясида қатъий турибди.

Бу ҳолатни бир иш мисолида кўрсак.

Навоий вилоят Давлат солиқ бошқармаси судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, «Навоий иссиқлик электр станцияси» акциядорлик жамиятидан Солиқ кодексининг 70-моддасига ўтказилган камерал назорат натижаларига кўра, жавобгарга тегишли “Буғ-газ қурилмаси-478 МВт” объекти комплекс сифатида кўчмас мулк эканлиги ҳамда солиқ солинадиган базага ушбу асосий восита ҳам кириши сабабли, қўшимча ҳисобланган 26.724.445.600 сўм мол-мулк солиғи тўловини ундиришни сўраган.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, жавобгарга тегишли “Буғ-газ қурилмаси-478 МВт” объектининг кадастр йиғма жилдига кўра, бино ва иншоотларнинг инвентарь қиймати 377.736,7 млн. сўм, асбоб-ускуналар монтаж ишлари билан нархи 566.605 млн. сўмни ташкил этган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси (эски таҳрирдаги)нинг
266-моддасига мувофиқ, кўчмас мулк, шу жумладан молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган кўчмас мулк мол-мулк солиғи солиш объекти этиб белгиланган. Кўчмас мулк бўйича — ўртача йиллик қолдиқ қиймати солиқ солинадиган база бўлиб ҳисобланади.

Суд, даъвонинг жавобгар балансидаги “Буғ-газ қурилмаси-478 МВт” объекти тўлиғича, жумладан, ундаги ускуналар ҳам кўчмас мулк бўлиб ҳисобланиши лозимлиги ҳақидаги важлари билан келишмади.

Чунки, амалдаги Солиқ кодексида кўчмас ва кўчар мулклар тушунчалари ва тавсифи баён этилмаган. Шу сабабли суд, низоли муносабатни тартибга солувчи ҳуқуқ нормалари мавжуд бўлмаганлиги учун шунга ўхшаш муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқ нормаларини қўллаб, хусусан, фуқаролик қонун ҳужжатларига таяниб ҳал қилди.

Фуқаролик кодексининг 83-моддасига мувофиқ, мол-мулк фуқаролик ҳуқуқлари объекти сифатида кўчмас мулкка ва кўчар мулкка бўлинади. Кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, кўп йиллик дов-дарахтлар ва ер билан узвий боғланган бошқа мол-мулк, яъни белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлмайдиган объектлар киради. Қонунда бошқа мол-мулк ҳам кўчмас мол-мулк қаторига киритилиши мумкин.

Шунингдек, ишга мутахассислар жалб қилиниб, объект ўрганилганда, объектдаги ускуналарни мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкинлиги, яъни ушбу ускуналар янги жойида ҳам унга белгиланган мақсадини бажариши мумкинлиги билдирилган.

Бундан ташқари, объектнинг фақат бино ва иншоотлари кўчмас мулк сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган.

Шунингдек, Солиқ кодексининг 01.01.2018 йилга қадар амалда бўлган
269-моддасининг биринчи қисми 16-бандида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳисоблаб чиқарилаётганда солиқ солинадиган база кўпи билан ўн йил давомида ишлатиб келинаётган машина ва асбоб-ускуналарнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматига (ўртача йиллик қийматига) камайтирилиши белгиланган.

Мазкур банд Солиқ кодексидан чиқарилиши билан бир вақтда, айнан шу қонун ҳужжати билан Солиқ кодекси 266-моддаси биринчи қисмининг биринчи банди ҳам янги таҳрирда баён этилиб, илгари юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиқ солиш объекти асосий воситалар, шу жумладан молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган асосий воситалар деб белгиланган тартиб бекор қилиниб, эндиликда фақат кўчмас мулк, шу жумладан молиявий ижара (лизинг) шартномаси бўйича олинган кўчмас мулк юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиқ солиш объекти сифатида белгиланган.

Бундан кўринадики, қонун чиқарувчи мазкур ҳолатда илгари Солиқ кодекси 269-моддасида белгиланган имтиёзни бекор қилиш баробарида шу вақтнинг ўзида кўчмас мулкларни (таркибига ускуналар ва бошқа кўчар мулклар кирмайди) юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиқ солиш объекти сифатида белгилаб берган ва ускуналарни солиқ солиш объектидан чиқарилишини белгилаган.

Шунингдек, амалдаги солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида солиққа тортиш мақсадида кўчмас мулк тушунчаси батафсил очиб берилмаган, унинг таркибига айнан нималар кириши тўғрисидаги қоидалар аниқ белгиланмаган.

Солиқ кодекси 11-моддасига кўра, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги бартараф этиб бўлмайдиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин қилинади.

Қонун ҳужжатлари талабларига кўра, бино ва иншоотлар ҳамда асосий воситалар деган тушунчалар бир-биридан фарқ қилади. Бино ва иншоотлар асосий воситаларнинг бир гуруҳи бўлиб ҳисобланади. Асосий воситалар таркибига нафақат кўчмас мулклар, балки кўчар мулклар ҳам киради.

Солиқ кодексига кўра фақат кўчмас мулклар юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиқ солиш объекти бўлиб ҳисобланади.

Солиқ кодекси 267-моддаси талабига кўра, юридик шахслардан олинадиган мол-мулк солиқ солинадиган база кадастр йиғма жилдида белгиланган объектнинг инвентарь қийматидан эмас, балки жавобгарнинг бухгалтерия балансидаги кўчмас мулкнинг ўртача йиллик қолдиқ қийматидан келиб чиқиб аниқланади.

Юқоридагиларга асосан суд, жавобгар объектида ўрнатилган ускуналар белгиланган мақсадига номутаносиб зарар етказмаган ҳолда жойини ўзгартириш мумкин бўлган мол-мулк эканлиги сабабли уларни кўчар мулклар тоифасига киради деб ҳисоблаб, Навоий вилояти иқтисодий суди 2019 йил 8 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво талабини қаноатлантиришни рад этишни лозим топган.

Апелляция инстанцияси судининг 2019 йил 1 августдаги қарори билан биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2019 йил 7 октябрдаги ажрими билан назорат шикоятини судлов ҳайъатига ўтказиш рад этилган.

Бу эса, иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари устуворлигини, тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашганлик ва тўсқинлик қилганлик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларининг сўзсиз бажарилиши, мулк ва бошқа мулкий ҳуқуқлар бузилишига йўл қўйилмаслиги тамойилларига қатъий риоя қилинишини таъминлашга қаратилган вазифалардан биридир.

Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилиши керак. Ўзбекистонда судьялар қонунларнинг толмас ҳимоячилари, адолатнинг мустаҳкам устунлари бўлиши лозим”.

Салимжон Абдурасулов

Навоий вилояти иқтисодий суди судьяси