September 18, 2020

Конимех туманида сайёр қабуллар ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 23 июль куни ўтказилган кичик бизнес ва тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган видео селектор йиғилишида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларни оширишда муҳим омил эканлиги таъкидланиб, ушбу соҳа вакилларини ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш юзасидан қўшимча вазифалар белгилаб берилди.

Маълумки, судларнинг фаолияти ҳам иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш ҳамда Президентимизнинг бу борада қабул қилинган фармон ва қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлашга қаратиб келинмоқда.

Жорий йилнинг 17 сентябрь куни вилоятнинг Конимех тумани “Шўртепа” маҳалласида туман судлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини жойларга чиқиб ҳал этиш мақсадида сайёр қабул ташкил этилди.

Сайёр қабуллар жараёнида жиноят ишлари бўйича Конимех туман суди, фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди, Навбаҳор туманлараро иқтисодий суди ва Конимех туман маъмурий суди раислари тадбиркорлик субъектлари вакиллари ва фуқароларнинг шикоят, таклиф ва мурожаатларини қабул қилиб, муаммолар ечимини топишда тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар бериб, амалий ёрдам кўрсатган ҳолда ҳал этилишини таъминлади.

Ташкил этилган сайёр қабулларда суд қарорлари ва ажримлардан норози бўлган, турли ижтимоий-иқтисодий масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган фуқароларнинг мурожаати тингланди.

Ҳар бир мурожаат атрофлича ўрганилиб, уларнинг ечимлари қонун талаблари асосида ҳал қилинди.

Бундан ташқари, ўтказилган сайёр қабул давомида суд раислари томонидан халқ билан очиқ мулоқотлар ўтказилиб, йиғилишда суд-ҳуқуқ соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини янада изчил ҳамда самарали муҳофаза қилиш юзасидан тушунтиришлар берилди.

Навбаҳор туманлараро иқтисодий судининг судьяси

Ш.З.Хамидов