April 1, 2022

Муқаддима

Одатда бирон ғайридин мутафаккирнинг мулоҳазалари билан бўлишсам, диндош оғаларимиз ва опа-сингиллармиздан изоҳлар ва шахсий ёзишмада: датда бирон ғайридин мутафаккирнинг мулоҳазалари билан бўлишсам, диндош оғаларимиз ва опа-сингиллармиздан изоҳлар ва шахсий ёзишмада:
Бир ўйлаб кўрсам, бу умуман тўғри муносабат экан. Мусулмон шахс худди султон ҳарамини қўриқлагандек ўз онгини эҳтиётда сақлайди, ҳар бир дуч келаётган ғоя-фикрларга шубҳа билан қарайди, айниқса улар ташвиқот кайфиятида бўлса. Агар жаҳоннинг барча динлари, мафкураларига қарасангиз, тарих мобайнида ўзларининг келиб чиқиш моҳиятидан узоқлашиб кетгани ва ҳатто зиддига айланиб қолганини кўриш мумкин. Ислом эса ўзининг асл моҳиятини сақлай олган йўлдир. Тўғри, асрлар давомида исломийлик ёрлиғи остига кейин қўшилиб қолган анъаналар, тушунчалар ва муассасалар мавжуд, аммо уларнинг ортидан Исломнинг келиб чиққанидаги аслини кўриш умуман олганда қийин иш эмас. Бирламчи манбаларнинг сақланиши ва уларга бўлган эҳтиромли муносабат Исломни бошқа йўллардан кескин фарқини кўрсатиб туради. Мусулмонларнинг ўз тафаккурига ғаюрлик (рашк) билан муносабатда бўлиши аслийликни сақловчи асосий омил бўлса керак. 
Мана шу мавқеда турган ҳолда, тақдим қилинаётган ўзга фикрларга яна бошқача назар билан ҳам қараш ҳақида ҳам бир ўйлаб кўрсак бўларди. Гап шундаки, улар илмий назариядами, ёки адабий асарда ифодаланганми, деярли барча фалсафий қарашларни келтириб чиқарадиган асосий омил —умуминсоний изтиробли муаммолардир. Айниқса, катта адабий асарларда қийин саволлар босимини ҳис қилиш мумкин.
Энг қадимий файласуфлардан тортиб, бугунги куннинг ҳақиқий мутафаккирлари билан танишсангиз, ҳар бир инсонга хос бўлган турли туман кечинмалардан келиб чиқаётганини кўриш мумкин. Фақат, улар анча мураккаб шаклга кириб, мавҳумлик рамзлари билан, ўзига хос тилда ифодаланган. 
Ўйлашимча, оддий кишининг маиший дардларига далда ва насиҳат топа олган мусулмон юқорида айтилган мураккаб масалаларига ҳам ечим таклиф қила олиши керак. 
Фикримни тушунилишини қувватлаш учун тафсир ва тарих китобларидан бир ривоятни келтираман (айнан тушунтиришни таъминлаш учун, далил-ҳужжатликка даъво қилмай):
Бир куни Мадинага Нажрон насронийлар (христианлар)ининг катта жамоаси ташриф қилади. Улар катта роҳиблари бош бўлиб келишганди. Меҳмонлар эҳтиром билан кутиб олиниб, уларга хатто мусулмонлар масжидида ибодат маросимларини ўтказиб олишга ижозат берилади. Насронийлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам билан катта мажлис қуриб, дин масаласида узоқ ва оғир мунозара қиладилар. Оқибатда Аллоҳдан ниҳоятда жиддий услуб билан баҳсни якунлаш таклифи ваҳий бўлиб келади:
«Сенга (Эй, Муҳаммад) келган илмдан кейин, ким сен билан у ҳақида тортишса: «Келинглар, бизнинг болаларимизни ва сизнинг болаларингизни, бизнинг аёлларимизни ва сизнинг аёлларингизни, биз ўзимизни, сиз ўзингизни чақирамиз-да, сўнгра ёлбориб, ёлғончиларга Аллоҳнинг лаънати бўлишини сўраймиз», деб айтгин»
Оли Имрон сураси, 61-оят.
Динда тортишишнинг бундай услуби “мубоҳала” деб аталарди ва унинг хатари албатта аҳли китоб рақибларга тушунарли эди. Насроний катталари ўзаро маслаҳатлашгач, Пайғамбаримиз (с.а.в.) га: “Сизлар ўз динингизда қолаверинг, биз эса ўзимизникида қоламиз”, деб ҳақиқатнинг очилишини Қиёматга қолдиришга рози бўладилар. 
Бундай оғир мунозарадан кейин, ривоятнинг давоми қандай бўлгани қизиқарли. Насронийларнинг каттаси суҳбат давомида: “Эй Абулқосим! Биз билан бирга ўзингиз ишонган бир кишингизни жўнатинг. У киши бизнинг ўртамизда бўлган мулк билан боғлиқ тортишув устида ҳукм чиқариб берсин. Биз сизларга ишонамиз”, дейди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кечаси келинглар. Сизларга энг ишончи одамни бераман”. Умар розиялзлоҳу анҳу айтадилар: “Пешин намозига эрта чиқдим. Ушбу сифат эгаси бўлишдан бошқа нарса кўзимга кўринмас эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга намоз ўқиб берганларидан сўнг ўнг ва чап томонларига қарай бошладилар. Мен у зот мени кўрсинлар деб бўйнимни чўзар эдим. Орамиздан кимнидир қидирар эдилар ва Абу Убайдани кўриб, унга “Сен чиқ ва улар ихтилоф қилаётган нарсалари борасида ҳақ ила ҳукм қил” дедилар. Шунда мен бу сифатни Абу Убайда олиб кетди, дедим”.
Бу воқеанинг шундай кўриниши Ибн Касир тафсири ва Ибн Исҳоқнинг сийратида келган. Ҳадис китобларда мазкур воқеа бошқачароқ ривоятларда зикр қилинган. Тарихчилар, сийрат мутахассислари қайси бири ҳақиқатга яқинроқ эканлигини билдиришса яхши бўларди, ўзим манбалардан изланиш қилиб кўриш ниятим ҳам бор. Аллоҳ энг тўғрисини билгувчидир.
Мени хайратга солган нарса: катта ғоявий жарликка қарамай, ғайридинлар мусулмонларнинг билим-тажрибаси, тушунчаси ва холислигига ишонишган ва бу ўша замон учун ноодатий бўлмаган. 
Энди бугунги кунимизга қарайлик. Ҳозирги инсоният инқирозлар, изтироблар, муаммоларни хал қилиб беришга биз кимни умматнинг ишончли одамлари деб таклиф қила оламиз? Ишончли деганда унга илм, адолат, холислик, омонатдорлик сифатлари киради. Мусулмонлар ихтиёрида ниҳоятда бой ақлий ва аҳлоқий андозалар, ечимлар манбаи бўла туриб, нима учун бугунги инсоният муаммолари ичига киришдан тортинишимиз керак?  
“Ечим Исломда. Исломга кирсин, ўшанда топади”,
деб тўхтаб олиш қанчалик тўғри? Ечимларни амалий ва назарий йўсинда тақдим қила олмасак қандай қилиб бу одамлар – оддийидан тортиб мураккаб мутафаккиригача Ислом ва мусулмонларни таний олсин?  
Инсонлар, жамиятлар қайси миллат ёки дин, қарашлар ичида бўлмасин, уларнинг оғриқларини ифодаловчи фалсафий, адабий, илмий баёнда ифодаланган ва хатто ифодаланиб қолмай турган муаммоларига эътибор қаратишимиз вақти келмадими?
Биз мусулмонлар кўп ўзимизнинг ички муаммоларимиз муҳокамасига берилиб қолганмиз. Аслида эса нафақат ўзимиз, балки зўриқишлар ичида бўлган бутун инсониятга раҳмат қўли бўлишга уриниб кўрмаймизми? Бу уриниш орқали ўзимизнинг ички дардларимизни ҳам аритган бўлармиз балки? 
Мусулмон киши ўзгаларнинг дардига қулоқ тутса: “Бунга Қуръон ва саҳиҳ ҳадисда қандай жавоб бор экан?” деб ўйлаб изланиш қилса ва топган ечимини одамлар тили, онги, тасаввурига мувофиқ тақдим қилса, даъватнинг айни зўри бўлмасмиди? Балки шу ёндашув орқали Васат (яъни Ўрта, Марказ) Уммати деган номга мувофиқ бўлармиз?

© Жамшид Муслимов
https://t.me/subnazar