October 7, 2019

МАКТАБ ЎҚУВЧИСИ ЖИНОЯТГА ҚЎЛ УРДИ

 Ҳамид ака ва Ойсара (исм-шарифлар ўзгартирилган) опаларнинг уйида кунаро жанжал.

Уларнинг қизи Наргиз ҳали вояга етмаган, эндигина 17 ёшга тўлди. Тумандаги мактаблардан бирида ўқийди. Бу жанжаллардан тўйган. Ўша куни (2019 йил 1 апрель) кечаси укаси ва синглиси билан телевизор кўриб ўтиришганди. Отаси Ҳамид ака арзимаган сабаб билан онасини ҳақорат қилиб ура бошлади. Қўллари билан бўйнидан бўғди. Ука ва сингил йиғлаб юборди. Қиз укаларини ётоқхонага олиб ўтди. Чиқиб, отасига аччиқ-аччиқ гаплар айтди.

- Қанақа одамсиз ўзи, нимага онамни урасиз. Ўзлари касал бўлсалар, даволатиш ўрнига доим урасиз!?

Ота бепарво ишини давом эттирар эди.

Наргиз ошхонага кириб, ёғоч дастали пичоқни кўтариб чиқди. “Қўйинглар-е”, деб отасига яқинлашди, отаси уни ирғитиб юборди. Қиз қайтиб келиб, пичоқ билан отасининг бел соҳасига икки марта урди.

Ерга тизиллаб қон сачради.

-Нима қилиб қўйдинг?,-деди ота бақрайиб.

Онаси қизини қўлидан тортиб ташқарига олиб чиқиб кетди.

Ота ҳам уларнинг орқасидан чиқди. Қўшниси Ғулом аканинг уйига бориб, тез тиббий ёрдам чақиришни илтимос қилди.

Орадан бир оз вақт ўтиб, тез ёрдам келди ва отасини шифохонага олиб кетишди.

Суд ҳужжатларидан:

“Х.Б.нинг танасига бел соҳаси чап томони, чап қорин орти соҳасига кирувчи, паранефрал тўқима ва чап буйракни шикастловчи санчма-кесма яраси, чап паранефрал соҳа юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши, чап елка ташқи юзаси юқори учлиги санчма-кесма яраси кўринишидаги ҳаёт учун хавфли бўлган оғир шикаст етказилган”.

Ушбу жароҳатлар натижасида Х.Б. Қамаши туман тиббиёт бирлашмасида 8 кун даволанди, натижа бўлмади ўша ерда вафот этди...

Нимага шу воқеа бўлди?

Ахир, ҳаммаси бошқача бўлиши мумкин эдику!

Оиладаги маънавий муҳит вояга етмаган қизни жиноятга етаклади.

Ойниса опанинг айтишича, у эри Ҳамид билан 2000 йилда шаърий никоҳ асосида турмуш қурган. Бунга қадар Ҳамид икки бор уйланиб, оиласидан ажрашган. Улар қонуний никоҳдан ўтмасдан яшаган. Турмушлари давомида 3 нафар фарзанди туғилган.

Наргиз биринчи фарзанд.

Ҳамид Ойнисани турмуш қурганидан буён уриб, қийнаб келган.

Бу бўйича бир-неча марта маҳаллага ва ички ишлар органига мурожаат қилган.

Майда ҳуқуқбузарлик иши судда ҳам кўрилган. Бу оила маҳаллада “жанжалкаш оила” сифатида рўйхатга олинган.

Оиладаги салбий муҳит яхшилик келтирмади. Бу ўринда отанинг ўрни алоҳида ажралиб туради. Ота хотинига, фарзандларига қанчалик меҳрибон бўлса, оила шунчалик тотув, барқарор бўлади.

Наргизларнинг оиласида шу нарса етишмади. Оқибатда...

Ушбу жиноят иши очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Гувоҳлар, жабрланувчининг қонуний вакили сўзлари, тарафларнинг музокаралари тингланди.

 Суд вояга етмаган Наргиз Бозоровага Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топди ва Жиноят кодексининг 57,841-моддасини қўллаб, 2 йил озодликни чеклаш жазоси тайинлади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг 563-моддасига асосан судланувчи вояга етмаган қизга нисбатан жамоат тарбиячиси тайинлаш мажбурияти Қамаши туманидаги ўзи яшаб турган маҳалла раиси зиммасига юклатилди.

 

Фаёза Қамбарова,

Жиноят ишлари бўйича Қамаши тумани суди раиси