ФАРЗАНДЛАРНИ ТИРИК ЕТИМ ҚОЛДИРМАНГ...
Гулнора оилада кенжа фарзанд. Унинг битта опаси ва иккита акаси бор. Отаси ҳайдовчи, онаси эса ҳамшира бўлиб ишлайди. Улар қизининг етук шифокор бўлишини ҳоҳларди.
Қизгина ўрта мактабни тамомлагач, туман марказидаги академик лицейда ўқишни давом эттирди.
У мактабда яхши ўқиди. Лицейда дастлабки босқичида барча фанлардан аъло баҳога ўқиди. Охирги курсларга бориб, унда ўзгаришлар кузатилди. Дарсларга ўз вақтида бориб, уйга ҳам ўз вақтида қайтса-да, уйда, кўча-кўйда ўзини тутиши ёмонлашди, негадир жиззаки бўлиб қолди.
Гулнора лицейни ўрта баҳода тамомлади. Ота-онасининг кўрсатмаси билан тиббиёт олийгоҳига ҳужжатларини топширди. Имтиҳон кунига қадар икки ой давомида имтиҳонга тайёрланди. Имтиҳонга ота-онасининг аччиғи чиқмаслиги учун мажбуран қатнади. Бўйнидан боғлаган ит овга ёлчимабди, деганларидек имтиҳонга тайёрланиш машғулотларидан деярли ҳеч қандай фойда олмаган Гулнора имтиҳон куни ота-онаси билан олийгоҳга борди ва имтиҳонни топшириб, уйга қайтди. Назарида барча саволларга тўғри жавоб бергандек эди.
Имтиҳон натижаси аниқланадиган кун ҳам келди. Ота-онаси қизининг ўқишга кира олмаганлигини билиб, уйга хомуш қайтди, лекин қизини хафа қилиб, койимади. Аксинча, келаси йил қайтадан тайёрланиб, албатта, ўқишга кириб кетишига ишонч билдирди.
Бу орада Гулноранинг қўлини сўраб келувчиларнинг кети узилмайдиган бўлиб қолди. Ота-она ўзлари билан бир қишлоқда яшайдиган Нормат аканинг уйидан келган совчиларга розилик бериб юборди.
Нормат ака мактабда директор ўринбосари, унинг аёли Зайнаб опа эса инглиз тили фани ўқитувчиси бўлиб ишларди.
Куёвтўра Шоҳруҳ мактабда жисмоний тарбия фанидан дарс бераркан.
Гулнора ва Шоҳруҳ ноябр ойининг ўн тўртинчи кунида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига бориб, никоҳ қуриш ҳақида ариза беришди. Тиббий кўрикдан ҳам ўтдилар. Бўлим мудираси икки ёшнинг соғлом эканлигидан мамнун бўлиб, уларнинг никоҳларини расман қайд этиб, гувоҳнома топширди.
Орадан икки кун ўтиб, тўй ҳам бўлиб ўтди.
Гулнора энди севикли ёрга, қайнота ва қайнонасига эса ораста келинга айланди-қолди.
Кунлар кетидан кунлар, ойлар кетидан ойлар ўтди. Бу орада ёш оила 2 фарзандли бўлишди.
Гулнора қишлоқда гўзаллик салони очиб, аёлларга хизмат кўрсата бошлади.
Вақт кўпчиликни ўзгартиради. Туппа-тузук юрган Шоҳруҳ ичкиликка ружу қўйди. Уйига маст ҳолда келишни одат қилди. Фарзандларига ҳам муносабати ўзгариб, худди бегонанинг боласидек қарайдиган бўлиб қолди.
Хотини ҳам кўзига ёмон кўринадиган бўлиб қолди. Вазият шу даражага бордики, хотини билан яшашга ортиқ тоқати қолмади, фарзандлари ҳам кўзига кўринмасдан, ажрашишга қарор қилди.
Никоҳни бекор қилиш бўйича судга ариза билан мурожаат қилди.
Суд муҳокамаси ўтказиладиган кун ҳам тайинланди. Бу ишлардан ҳангу манг бўлган Гулнора судда иштирок этди.
Раислик қилувчи томонидан даъвогарнинг даъво талабини асослаб берилиши сўралди. Шоҳруҳ хотини Гулнора билан олти йил бирга яшаганлиги, ўртада икки нафар фарзанди борлиги, турмуши бошланишида яхши эканлиги, кейинчалик хотинини ёқтирмай қолганлигини, оилани тиклашга беш-олти ойлик муҳлат ҳам бериб ўтирмасдан, бир йўла никоҳни бекор қилиниши сўради.
Гулнора даъвога нафақат қарши эканлиги, балки эрининг никоҳни бекор қилиш ҳақида судга мурожаат қилганлик сабабини ҳалигача тушуниб ета олмаётганлигини, ора-орада эри уйга маст ҳолда келиб, жанжал қилишини эътироф этса-да, буни ўтиб кетадиган ҳолат, деб тушунганини айтди. Икки фарзандининг тирик етим бўлиб қолишини сира истамаслигини айтиб, суддан ажратмасликларини илтимос қилди.
Суд музокаралари якунланиб, судья ҳал қилув қарорини ўқиб эшиттирди:
“Даъвогар Ҳақбердиев Шоҳруҳнинг жавобгар Ҳақбердиева Гулнорага нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвоси асоссиз бўлганлиги сабабли даъвони қаноатлантириш рад этилсин. Қарордан норози тараф йигирма кунлик муддат ичида апелляция тартибида, бир йиллик муддат ичида кассация тартибида шу суд орқали фуқаролик ишлари бўйича вилоят судига шикоят бериши, прокурор протест келтириши мумкин”.
Судья қарорни ўқиб бўлгач, эр-хотиннинг ярашиб кетишлари, ўртадаги фарзандларини ўйлашлари кераклигини айтди, агар ярашиш имкони бўлмаса, олти ойдан кейин никоҳни бекор қилиш ҳақида судга янгитдан даъво билан мурожаат қилишга ҳақли эканликларини тушунтирди.
Суд идораларига умуман келмаган, оиласи бузилиб кетаётганлигидан бутунлай саросимага тушиб қолган Гулнора суд чиқарган қароридан розилик ҳиссини туйди...
Шоҳруҳ эса уйга Гулнора билан бирга қайтмаган бўлса ҳам, йўл-йўлакай суд мажлиси муҳокамасида раислик этувчи судьянинг сўзлари унинг қулоғида жаранглар эди: “Никоҳни бекор қилиш ҳақидаги даъвонгизни кўриб чиқиш якунида даъвонгизни қаноатлантиришни рад этмасдан, эр-хотин ярашиб кетишлари учун олти ойлик муҳлат ҳам бердим, дейлик, сиз бу характерингизда оилани тиклаб қолиш ҳаракатини қилмаслигингиз аниқ. Хўп, эр-хотин ўрталарингда ихтилоф бор, лекин ажрашиш учун жиддий важ келтиринг, десам, хотинимни ёқтирмайман, дейишдан бошқа сабаб айта олмаяпсиз, никоҳни бекор қилиб берган тақдиримда, кейинчалик хотинингиз бошқа эрга тегиб кетса, қизингиз ва ўғлингиз ўзга эркакни “ота” деб юришини қандай ўзингизга қабул қиласиз?”
Уйига кириб борганида Шоҳруҳни ўрик дарахти тагига қурилган, салқин жойдаги сўрида ўтирган икки фарзанди, отаси ва онаси қарши олди.
Гулнора эса эри унга қандай муносабатда эканлигини билмай, қайнота ва қайнонасининг рухсати билан хонасидан ташқарига чиқмай турди. Ўғли ва қизининг бобоси ва бувиси олдида ўтирганлигини кўрган Шоҳруҳ, агар Гулнора у билан ажрашгач, бошқа эрга тегиб кетса, ўзининг зурриёдлари бўлган фарзандлари бутунлай бегоналарнинг бағрида юришларини кўз олдига келтирди ва судьянинг адолат билан чиқарган қароридан розилик ҳисси билан чуқур бир хўрсиниб қўйди, суднинг фақат жазоловчи эмас, балки оилаларнинг сақланиб қолинишига ҳисса қўшадиган маҳкама эканлигини тушуниб етди, ўзининг қилган иши хато эканлигини англаб, энди ҳеч қачон оиласини ташлаб қўймасликка қарор қилди.
Фарзандларини бағрига босиб турганида, ошхонадан чой кўтариб келган Гулнорага кўзи тушди: Гулнора бундай ҳолатни кўрганидан унинг икки кўзида шодлик ёшлари дув-дув оқар эди...
Бузрукхон Аброров, Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди судьяси