December 12, 2019

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ЙЎЛИДА ҲАМКОРЛИК

Замонавий ахборот технологияларидан ва фуқаролик ишлари бўйича судларга жорий этилган Е-SUD ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича судьялар ва суд аппарати ходимларининг билим ва малакаларини ошириш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судида фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилояти суди ва фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари суд раислари, судьялар, девонхона мудирлари ва суд ходимлари учун Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва БМТ ТД “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси томонидан тренинг ўтказилди.

Тренинг интерфаол равишда ўтказилиб, иштирокчиларга бевосита Интернет тармоғидаги Олий суд веб-сайтидаги интерактив хизматлар ва E-SUD ахборот тизимининг янги функция ва сервислари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди, ҳар бир хизмат ва жараён он-лайн равишда тизимга кирган ҳолда мисоллар билан кўрилиб, таҳлил қилинди.

Тренинг давомида иштирокчилар E-SUD ахборот тизимининг янги қисм ва хизматлари бўйича маърузачиларга кўплаб саволлар бердилар ва уларнинг барчасига маърузачилардан тўлиқ жавоб олдилар.

Бундан ташқари судьялар, девонхона мудирлари ўзаро ахборот тизимидан фойдаланиш бўйича ўз фикр ва тажрибалари билан алмашдилар, шунингдек, тизимни янада ривожлантириш бўйича таклиф ва тавсияларини бердилар.

Шу билан бирга, тренинг давомида, иштирокчилар ўртасида ахборот тизимини янада такомиллаштириш мақсадида сўровнома ўтказилди.

Хулоса ўрнида айтиш жоизки, тренинг жуда самарали ва ишчан, юқори савияда ва интерфаол равишда ўтди. Шак-шубҳасиз, тренинг судья ва суд аппарати ходимларининг АКТ ва E-SUD тизимидан фойдаланиш бўйича билим ва амалий кўникмаларини янада оширишга хизмат қилади.

 

  Фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят суди