МАСТЛИКДА САНЧИЛГАН ПИЧОҚ
Акбар ва Зиёдулла (исм-шарифлар ўзгартирилган) иккаласи ёшликдан дўст эдилар. Бирга улфатлик қилардилар. 2019 йил айни ёз – июн ойи кунларининг бирида Акбар хотини номига очилган фермер хўжалиги дала майдонига ўсиб кетган ўтларни ўриб сотиш учун дўсти Зиёдулла билан боришди.
Пешингача тракторчилар билан бирга ишни битириб тушликка чиқишди. Юк машинаси бортида жой ҳозирланди. Қўлбола салат тайёрланди. Дастурухонга спиртли ичимлик қўйилди. Нима бўлдию икки жўра жанжаллашиб қолди. Акбар бодринг арчиб ўтирган пичоғи билан дўстининг кўкрагига пичоқ санчди. Қон оқа бошлади. Қўрқиб кетган Зиёдулла дала томон кета бошлади. Бир километр юрар юрмас ерга қулади...
Акбарнинг суд залида кўрсатма беришича, “...Зиёдулла ўрнидан турмоқчи бўлганида мункиб кетиб, унга қараб йиқилаётганида қўлидаги пичоқ тегиб кетгани, лекин айнан қаерига текканлигини билмаслиги, қон кета бошлагани сабабли яқин жойдаги одамлар бор жойга боришини айтиб жўнатиб юборганини айтади. Қасддан ўлдириш ниятим йўқ эди”, дейди у.
Суд мажлсида марҳумнинг ўғли айтишича, отаси унга қўнғироқ қилиб, уйга қайтмоқчилигини, мазаси бўлмаётганлигини, автомашина юборишини айтган. Далага қидириб бориб, отасининг жасадини топишган.
Суд ҳайъати, судланувчи А.Шомиловнинг жиноий қилмиши квалификацияси масаласини муҳокама қилиб, у тергов органи томонидан қасддан одам ўлдирганликда Жиноят кодекси 97-моддаси 1-қисми билан нотўғри айбланган, деб ҳисоблади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2004 йил
24 сентябрдаги “Қасддан одам ўлдиришга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги 13-сонли Қарорининг 4-бандида “Қасддан одам ўлдириш жиноятини жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш жиноятидан фарқлаш учун айбдорнинг қасди нимага қаратилганлигини, унинг ўз ҳаракатлари оқибати, яъни жабрланувчининг ўлимига нисбатан субъектив муносабатини инобатга олиш даркор.
Қасддан одам ўлдириш жиноятини содир этаётганда айбдор шахсни ҳаётдан маҳрум қилиш ниятида ҳаракат қилади, баданга оғир шикаст етказиш шахснинг ўлимига сабаб бўлган ҳолларда эса, ўлимга нисбатан унинг айби эҳтиётсизлик шаклида ифодаланади.
Бироқ, тергов органи томонидан А.Шомиловнинг жиноий қилмишини квалификация қилишда қайд этилган Олий суд Пленуми қарори тушунтиришларига риоя этилмаган.
Судда аниқланган ҳолатларга кўра, жиноят содир этилгунга қадар судланувчи А.Шомилов ва марҳум З. Қосимов узоқ йиллардан буён ўзаро ва оилавий дўстлик муносабатида бўлиб келишган бўлиб, улар ўрталарида бирор-бир келишмовчилик ёки шахсий адоватлар бўлмаган.
Мазкур ҳолат жиноят ишида тўпланган ҳужжатлар ҳамда судланувчи, жабрланувчи ва гувоҳларнинг дастлабки тергов ва суддаги кўрсатувлари билан билан ҳам тўлиқ тасдиғини топди.
Суд ҳайъати қайд этилган ҳолатларни инобатга олган ҳолда, судланувчи А.Шомиловнинг қасди марҳум З.Қосимовни қасддан ўлдиришга эмас, балки унинг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказишга қаратилган деб ҳисоблаб, унинг жиноий ҳаракатини Жиноят кодекси 97-моддаси
1-қисмидан Жиноят кодекси 104-моддаси 3-қисмининг “д” бандига қайта квалификация қилишни лозим топди.
А.Шомиловга Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланиб, 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Ғиёсиддин Ялгашев, Жиноят ишлари бўйича Шароф Рашидов тумани суди раиси