January 8, 2020

АЖРИМ – ЕЧИМ ЭМАС

 Ҳаммамизга маълумки, Конституциямизнинг XIV боби жамиятнинг ажралмас бўғини ҳисобланган “Оила”га бағишланган бўлиб, унинг жамиятдаги муҳим ўрни ва давлат муҳофазасида эканлигига урғу берилган. Бунда, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга бўлиши, никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланиши, ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари, давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаб, болаларга бағишланган хайрия фаолиятларни рағбатлантириши, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насабидан ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши, вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур эканликлари ҳақидаги ибратли нормалар ўзининг аниқ ифодасини топган.

Мамлакатимизда ҳар бир оила давлат муҳофазасига олинган. Оила кодекси ва бошқа қонун ҳужжатлари оилавий муносабатларни тартибга солиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш, нафақат эр-хотин, айни чоғда вояга етмаган фарзандларнинг ҳам ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга молик.

Бухоро вилоят Пешкў туман ҳокимлигида ҳамкор ташкилотлар, хусусан туман Хотин-қизлар қўмитаси ва фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди билан биргаликда ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш мақсадида “Ажрим-ечим эмас” мавзусида семинар ташкил этилди.

Тадбирда Пешкў туман ҳокими А.Назаров, Пешкў туман прокурори Ш.Ҳикматов, Пешкў туман ИИБ бошлиғи Н.Болтаев, Пешкў туман бош имом хатиби Н.Жумаев, МФЙ яраштириш комиссиялари ҳамда ажрим ёқасига келиб қолган оилалар вакиллари иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққан фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди раиси Шерзод Нематов оиланинг муқаддаслиги, қонунларимизда белгилаб қўйилган нормалар, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш, юзага келган низоларни тинч йўл билан бартараф этиш борасида республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсида фуқаролик ишлари бўйича судлар, Хотин-қизлар қўмитаси ҳамда ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғини қошида ташкил этилган яраштирув комиссиялари томонидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Президентимиз таъкидлаганларидек, “Биз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаш, хонадонларда тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини яратиш, маънавий-маърифий ишларни аниқ мазмун билан тўлдиришдан иборат бўлмоғи зарур. Аёллар ўртасида жиноятчилик, оилаларда ажралишлар кўпайгани, ёшларнинг турли диний-экстремистик оқимлар ва террористик ташкилотлар таъсирига тушиши каби халқимизга хос бўлмаган аччиқ ва нохуш масалалар билан боғлиқ”.

Шу нуқтаи назардан, ўтган давр мобайнида фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро судида кўрилган оила-никоҳ низоларига оид ишлар таҳлил қилинганда, суд томонидан унга бириктирилган туманлар, яъни Пешкў ва Вобкент туманлари бўйича 2019 йил давомида никоҳдан ажратиш ҳақида 251 та даъво аризалар келиб тушган бўлиб, ушбу йил мобайнида 270 та никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишлари кўриб тамомланган. Шундан 220 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган, яъни 146 таси қаноатлантирилган ва 74 таси қаноатлантиришдан рад қилинган. 32 та фуқаролик иши тарафлар ярашганлиги сабабли иш юритишдан тугатилган ва 18 та фуқаролик иши даъвогарларнинг аризасига асосан ёки тарафларнинг тайинланган суд мажлисига келмасликлари сабабли кўрмасдан қолдирилган. Жами 51 та никоҳдан ажратишга доир фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Тадбирда никоҳдан ажралишларнинг олдини олиш бўйича таклифлар ҳам билдириб ўтилди.   

Жумладан, 2018 йил 2 февралда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, унда хотин-қизлар турмушини яхшилаш, жамиятимиз таянчи бўлган оилани мустаҳкамлаш борасида мамлакатимиз олдида турган энг муҳим вазифалар, бугун ҳамда келгусида қилишимиз лозим бўлган ишлар аниқ ва лўнда қилиб белгилаб берилган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёлларни иш билан таъминлаш, айниқса, қишлоқларда яшаётган ёш қизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг ташкил қилиниши нур устига нур бўлди.

Мазкур Фармон билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари ташкил этилиб, аниқ вазифалари, мақоми белгилаб берилди.

Тадбирда иштирок этган ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш юзасидан уларга тушунтириш ва тавсиялар берилди. Шунингдек, ярашиш истагини билдирган оилаларга туман ҳокимлиги томонидан ажратилган совғалар топширилди.

 

Фуқаролик ишлари бўйича Пешкў туманлараро суди