НАВОИЙ ВИЛОЯТИДА САЙЁР ҚАБУЛ
2019 йил 2-3 декабрь кунлари Навоий вилоятининг туман ва шаҳарларида Ўзбекситон Республикаси Олий суди раиси ўринбосари ва Олий суд судьялари томонидан сайёр қабул ташкил этилди.
Сайёр қабулда Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров, Олий суд судьялари ва вилоят судлари раислари томонидан жами 183 нафар фуқаролар қабул қилинди.
Мазкур сайёр қабулда 97 та жиноят ишлари бўйича, 58 та фуқаролик ишлари бўйича, 16 та иқтисодий ишлари бўйича ҳамда 12 та маъмурий ишлари бўйича мурожаатлар кўриб чиқилди.
Жумладан, 27 нафар фуқаронинг назорат тартибидаги шикояти, 2 та кассация шикояти қабул қилиниб, 43 та мурожаалар бўйича тушунтириш берилди ҳамда 111 нафар фуқароларнинг мурожаати жойида ижобий ҳал қилинди.
Шунингдек, озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаётган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ижобий тавсифланган, аҳлоқан тузалиш йўлига ўтган 48 нафар маҳкум жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниб, оиласи бағрига қайтарилди. 61 нафар маҳкумнинг жазолари енгилроқ турдаги жазога алмаштирилди.
Жазони ўташдан озод қилинган ва жазоси енгилроғига алмаштирилган фуқаролар билан суҳбат ўтказилди, уларнинг барчаси енгиллик қўлланганидан рози эканликларини, қайта жиноят содир этмасликларини билдиришди.
Сайёр қабул давомида тадбиркорлик субъектларининг ҳимоясига оид 5 та иш кўрилиб, уларнинг фойдасига 547.175.000 сўм маблағлар ундирилди.
Ажрим ёқасига келиб қолган, жами 7 нафар фарзанди бор 6 та оила яраштирилди.
Бундан ташқари, иқтисодий аҳволи ночор, касалманд 4 та оила (Нигора Толибова, Ахрор Жўраев, Самад Бабибоев, Валентина Тарасова) хонадонларига бориб, уларга моддий ёрдам кўрсатилди.
Шунингдек, улардан Зарафшон шаҳар 3-34-18 манзилида яшовчи 1976 йилда туғилган онкологик касал, 2 нафар вояга етмаган фарзанди бор Н.Толибова квота йўлланмаси орқали ишга жойлаштирилди.
Икки нафар вояга етмаган фарзанди бор Айгул Бадибиевага Зарафшон туман меҳнат бандлик бўлими томонидан вақтинчалик ишсизлик нафақаси расмийлаштирилди.
Озодликдан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан олдин озод этилган А.Худойбердиевнинг алиментдан катта қарзи борлиги ҳисобга олиниб, “Кўмир брекет ишлаб чиқариш цехи”га ишга жойлаштирилди.
Қабулда Ўзбекистон Республикаси Президенти номига 72 нафар фуқаро ёзма ташаккур билдирди.
Шунингдек, сайёр қабул давомида Олий суд раиси ўринбасари томонидан одил судловни қонун талабларига қатъий риоя қилган ҳолда амалга ошириш ҳамда Президентимиз томонидан қабул қилинган Фармон ва Қарорлар, янги қабул қилинган қонунларни тушунтириш билан бирга республикамизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, жиноятчилик ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, оилавий ажралишлар, уларга имкон берувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан маърузалар қилиниб, аҳолини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан ҳамда бартараф этиш бўйича уларни суд орқали ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақида тегишли маслаҳат ва кўрсатмалар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати