October 22, 2019

СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ СУДЛАРИ РАИСЛАРИ АХБОРОТИ

 Сирдарё вилояти Адлия бошқармасида тадбиркорлар ва юридик коллежи ўқувчилари, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Уни Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси бошлиғи Ж. Нуриддинов олиб борди.

Дастлаб матбуот анжуманида жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди раиси в.в.б Б.Қурбонов жорий йилнинг ўтган 9 ойида одил судловни амалга ошириш борасида амалга оширилган ишлари юзасидан маълумот берди.

Таъкидланишича, жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят ва туман (шаҳар) судлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 695 нафар шахсга нисбатан 503 та жиноят иши тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган шахслар ва ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 557 нафар шахс ёки 44,5 фоизга, жиноят ишлари эса 467 та ёки 48,1 фоизга камайган.

Шундан, 312 та жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўрилган бўлиб, бу жами кўрилган ишларнинг 62,0 фоизини ташкил қилади.

Судлар томонидан кўриб чиқилган ишлар бўйича жами 46 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинган.

2019 йилнинг 9 ойи давомида 96 нафар шахсга нисбатан юритилган жиноят иши тугатилган бўлиб, шундан 81 нафар шахсга нисбатан тарафлар ярашувига асосан ЖКнинг 661-моддаси билан тугатилган.

Жиноят ишларининг тугатилиши бўйича шахсларнинг сони жами кўриб чиқилган ишлар бўйича шахслари сонининг 14,4 фоизини ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг мос даврида 19,9 фоизини ташкил этган.

Ўтган 9 ой давомида судларнинг биринчи босқичида жами 7 нафар шахс оқланган бўлса, юқори инстанция судларида 10 нафар шахс оқланган бўлиб, оқланган шахсларга оид жиноят ишларининг 4 нафар шахсга нисбатан 2 таси юқори инстанция судида бекор қилинган.

9 ой давомида Сирдарё вилоят судлари томонидан жами 37 нафар шахсга нисбатан ишлар жамоатчилик кафиллиги инобатга олиниб кўрилган бўлиб, 34 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган турли жазолар тайинланган бўлса, 1 нафар шахс шартли ҳукм қилинган. Жумладан, Ёшлар Иттифоқи туман (шаҳар) кенгашлари кафиллик хатлари асосида 10 нафар ёшларга, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси кафилликлари асосида 6 нафар хотин-қизларга, маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллик хатлари асосида 18 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган турли жазолар тайинланган.

- Муҳтарам Презиентимиз томонидан 2017 йил 13 июнда судьялар корпуси билан учрашувда одил судловни рўёбга чиқаришда тўсиқ бўлаётган муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, йўл қўйилган хатолар ва жиддий нуқсонларни кўрсатиб, мамлакатимиз суд тизимини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқ белгилаб берилган эди, - дейди фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди раиси Ж.Худойназаров, - фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилоят ва туманлараро судлари томонидан 2019 йил 9 ойи давомида одил судловни амалга оширишда бир қатор ишлар амалга оширилди.

Хусусан, ўтган 9 ой давомида вилоят ва туманлараро судларининг иш юритувига ўтган йилдан қолдиқ бўлиб ўтган ишлар билан бирга 5.484 та фуқаролик иши келиб тушган, жорий йилда судларнинг иш юритувига келиб тушган ишлар сони 1.587 тага ёки 22,4 фоизга камайган.

Кўриб тамомланган ишлар сони ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда, жорий йилга келиб тамомланган ишлар сони 1506 тага ёки 24,7 фоизга камайган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг ижроси юзасидан Сирдарё вилоят Хотин-қизлар қўмитаси, адлия, прокуратура, суд, ички ишлар бошқармаси, оила маркази, бандликка кўмаклашувчи марказ, маҳалла жамғармаси билан ҳамкорликда хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, оилавий низолар ҳамда никоҳдан ажралиш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган “Ҳамкорлик келишуви” имзоланиб ижрога қаратилди.

Ушбу “Ҳамкорлик келишуви”га асосан судга келиб тушган никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризалар юзасидан вилоят Хотин-қизлар қўмитаси ва Оила марказига статистик маълумотлар бериб борилмоқда.

Хотин-қизлар қўмитаси ва “Оила” марказлари ўз навбатида никоҳдан ажратиш ҳақида судга келиб тушган даъво аризалар юзасидан олинган маълумотга асосан низоли оилаларни яраштиришга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан биргаликда, судлар томонидан никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлар юзасидан хотин-қизлар қўмитасининг хулосаси олингандан сўнг иш бўйича қарор қабул қилинмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 9 ойи давомида никоҳдан ажратиш ҳақида қаноатлантирилган жами 555 та даъволарнинг барчаси юзасидан тегишли хотин-қизлар қўмитасининг хулосалари олинган.

Матбуот анжуманида Сирдарё вилояти иқтисодий суди раиси А.Худойбердиевнинг ахбороти ҳам тингланди. Айтилдики, жорий йилнинг ўтган 9 ойида вилоят ва туманлараро иктисодий судларига 10 минг 361 та даъво ариза ва аризалар келиб тушган. Даъво ариза ва аризалар сони 2018 йилнинг 9 ойига нисбатан 14 минг 265 тага камайган.

Учинчи чоракда жами 9 минг 292 та иқтисодий ишлар кўрилган бўлиб, ушбу ишлар буйича даъвогарлар фойдасига 362 млрд. 289 млн. сўм ундириш хақида суд қарорлари қабул қилинган.

Вилоят ва туманлараро иктисодий судлари томонидан жами 7 минг 471 та иқтисодий ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилган бўлиб, бу жами кўрилган низоли ишларнинг 80,4 фоизини ташкил этади.

Жорий йилнинг учинчи чорагида кўрилган ишлар тахлил қилинганда махсулот етказиб бериш шартномаси буйича 971 та, лизинг шартномаси буйича 327 та, контрактация шартномаси бўйича 746 та, кредит шартномаси бўйича 542 та, пудрат шартномаси бўйича 46 та, коммунал хизмат кўрсатиш юзасидан 228 та, банкрот деб эътироф этиш юзасидан 274 та, солик карзини ундириш буйича 3379 та, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномаси юзасидан 120 та, молиявий санкциялар қўллаш бўйича 45 тани, қолганлари бошқа тоифадаги низоларни ташкил этган.

Шунингдек, вилоят иқтисодий судининг судлов ҳайъати томонидан 2019 йилнинг учинчи чорагида апелляция инстанцияси судида жами 75 та иқтисодий ишлар кўриб чиқилиб, шундан 47 таси бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган, 2 таси ўзгартирилган, 26 таси бекор қилинган.

Кассация инстанциясида жами 100 та иқтисодий ишлари кўриб чиқилиб, шундан 58 таси бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари ўзгаришсиз қолдирилган, 6 таси ўзгартирилган, 36 таси бекор қилинган,.

Учинчи чоракда иқтисодий низоларини кўриш жараёнидан шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги ва суднинг хусусий ажримига ўз вақтида жавоб бермаганлиги юзасидан жами 196 та ҳуқуқий таъсир чоралари чиқарилган. Шундан: 24 нафар мансабдор шахсларга нисбатан 5 270 000 сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланилиб, қўлланилган маъмурий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги қарорларнинг ижроси тўлиқ таъминланиб, давлат бюджетига 5 270 000 сўм ундирилган.

Мансабдор шахслар томонидан хўжалик юритувчи субъектларга етказилган 6 550 000 сўм моддий зарарларни хўжалик юритувчи субъектлар фойдасига ундириш юзасидан 14 та моддий жавобгарликка тортиш тўғрисида хусусий ажримлар чиқарилган. Чиқарилган хусусий ажримларнинг ижроси тўлиқ таъминланиб хўжалик юритувчи субъектлар ҳисобига 6 550 000 сўм ундирилган. Интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги 20 та хусусий ажримлар чиқарилган. Хусусий ажримнинг 18 тасининг ижроси таъминланган. Аникланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва уларнинг олдини олиш юзасидан 138 та тақдимнома ва бошқа хусусий ажримлар чиқарилиб тегишли идораларга ижро учун юборилган.

Иқтисодий ишларнинг кўриш натижасига кўра 745 та тадбиркорлик субъектлар фойдасига 30 196 920 000 сўм ундириш хақида ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.

Хусусий тадбиркорлик субъектларининг 81 та даъво аризалари рад этилган, 15 таси кўрмасдан қолдирилган, 12 та даъво аризалар юзасидан иш юритиш тугатилган.

Даъвогар манфаатида хусусий тадбиркорлик субъектлар иштирокида кўрилган иқтисодий ишлар тахлилдан ўтказилганда кўрилган ишларнинг аксарияти маҳсулот етказиб бериш, контрактация шартномалари ва хақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномалари юзасидан келиб чиққан низолар кўрилган.

Сирдарё вилояти маъмурий суди раиси А.Аҳмедовнинг матбуот анжуманида маълумот беришича, жорий йилнинг 9 ойи давомида Сирдарё вилояти ва туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 156 та маъмурий ишлар кўриб чиқилган. Бунинг натижасида 47 нафар фуқаронинг ҳуқуқи тикланиб, 15 та хусусий ажримлар чиқарилиб, уларнинг кўриб чиқилиши бўйича 2 нафар мансабдор шахсга интизомий жазо қўлланилди.

Шунингдек, ҳисобот даври мобайнида Сирдарё вилоят ва туман (шаҳар) маъмурий судларига жами 13 минг 52 нафар шахсга нисбатан 11 минг 149 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар келиб тушган.

Шундан, 7875 та маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари бўйича 8799 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган бўлиб, 7023 та иш бўйича 7900 нафар шахсга нисбатан жами   6 516 063 780 сўм жарима жазоси, 2 та иш бўйича 2 нафар шахсга нисбатан ҳақини тўлаш шарти билан олиб қўйиш жазоси, 141 та иш бўйича 142 нафар шахсга нисбатан махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазоси, 695 та иш бўйича 733 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси, 14 та иш бўйича 22 нафар шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш жазоси қўлланилган.

Кўриб тамомланган ишларнинг 7018 таси ёки 62,9 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилиши таъминланган.

Матбуот анжуманида суд раислари иштирокчиларнинг саволларига батафсил жавоб беришди.

 

Сирдарё вилояти иқтисодий суди