НИКОҲ ВА ОИЛА МУНОСАБАТЛАРИ
Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга, деб белгилаб қўйилган. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади.
Президентимизнинг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида оилавий ажримларнинг олдини олиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди ташаббуси билан туман хотин-қизлар қўмитаси,“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими билан ҳамкорликда Қоракўл саноат ва хизмат кўрсатиш коллежи ўқитувчи ва ўқувчилари иштирокида семинар ўтказилди.
Семинарда сўзга чиққан фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи З.Усмонов жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида туманлараро судига никоҳдан ажратиш бўйича қилинган мурожаатлар бўйича маълумот берди. Маърузада ажримларни олдини олиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги фаоллигини ошириш мақсадида 91 та оилаларнинг фаровонлиги мустаҳкамланишига эришилганлиги таъкидланди.
Семинар давомида хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вакиллари мавзу юзасидан ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Тингловчилар томонидан никоҳ ёши, никоҳ тузиш тартиби, никоҳ тузишга монелик қиладиган ҳолатлар юзасидан билдирилган саволларга маърузачилар томонидан батафсил жавоб қайтарилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Қоракўл туманлараро суди