НАВОИЙ ВИЛОЯТИ СУДЛАРИ РАИСЛАРИ ТОМОНИДАН МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2018 йил 13 июлдаги Фармони 1-бандида, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш белгиланган.

Фармон талабларидан келиб чиқиб, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларига судлар фаолияти тўғрисида тўлиқ ахборот бериш билан бирга уларни соҳага оид қизиқтирган саволларига жавоблар бериш орқали тадбирнинг самарали ўтишини таъминлаш мақсадида ушбу брифинглар 2019 йилдан бошлаб матбуот анжумани (пресс-конференция) шаклида ташкил этилиб, ўтказилиб келинмоқда.

Бундан кўзланган асосий мақсад - вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, шунингдек туманлараро, туман (шаҳар) судларнинг фаолияти ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликни тўлиқ хабардор қилган ҳолда суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш, шу билан бирга ОАВ ва жамоатчилик томонидан муайян суд ишлари (ишни кўриш жараёни, иш натижалари ва ҳоказо)ни нотўғри талқин қилиш, ёритиш ва изоҳлашни олдини олишга қаратилган.

Жорий йилнинг 5 октябрь куни Навоий вилоят судлари раислари томонидан матбуот анжумани ўтказилди. Унда вилоят хотин-қизлар қўмитаси, ёшлар иттифоқи вакиллари, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Матбуот анжуманида судлар раислари Президентимиз ташаббуси билан суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришишда юксак самаралар бераётганини таъкидлаб, суд-ҳуқуқ соҳасидаги янги қонун ҳужжатлари, судлар томонидан 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида кўрилган ишларнинг умумий таҳлили, шунингдек иш тоифалари таҳлили юзасидан ахборот беришди.

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди раиси А. Рузиқуловнинг маълумот беришича, жорий йилнинг 9 ойи давомида жами 898 нафар шахсга нисбатан 627 та жиноят иши тамомланган бўлиб, кўриб тамомланган шахслар ва ишлар салмоғи ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 428 нафар шахс ёки 67,7 фоизга, жиноят ишлари эса 388 та ёки 61,7 фоизга камайган.

Тамомланган ишларнинг 722 нафар шахсга нисбатан 472 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, ҳукм чиқарилган ишлар сони 269 та ёки 63,7 фоизга камайган.

Жами тамомланган ишларнинг 28 таси вилоят судининг биринчи инстанциясида, 599 таси эса туман (шаҳар) судларида кўрилган.

Ҳисобот даврида биринчи босқич суди томонидан 1 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, 13 нафар шахс юқори инстанция суди томонидан оқланган.

2019 йилнинг 9 ойида жами кўриб чиқилган 627 та жиноят ишидан
330 таси ёки 52,6 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Матбуот анжуманида фуқаролик ишлари бўйича Навоий вилоят судлари томонидан амалга оширилган амалга оширилган ишлар бўйича суд раиси Н.Файзиев ахбороти тингланди.

Вилоят ва туманлараро судларида жорий йилнинг 9 ойида жами 5.481 та фуқаролик ишлари мазмунан кўрилиб ҳал қилинди.

Бу кўрсаткич 2018 йил (6.498 та)га нисбатан 1.017 тага камайганлигини кузатиш мумкин.

Жами кўрилган 5.481 та фуқаролик ишларидан 4.640 таси ёки
84,7 фоизи бўйича ҳал қилув қарорлари чиқарилган, 274 таси ёки 5,0 фоизи бўйича фуқаролик ишлари ҳаракатдан тугатилган ҳамда 567 таси ёки 10,3 фоизи бўйича даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган.

2019 йилнинг 9 ойи мобайнида Навоий вилоят ҳамда туман (шаҳар) маъмурий судларида 17.500 шахсга нисбатан 13.912 та иш кўриб чиқилган, -дейди Навоий вилояти маъмурий суди раиси в.в.б Ғ.Қушшиев матбуот анжуманида , - ҳуқуқбузарликлар 2019 йил 9 ойида (13.912 та иш) 2018 йил 9 ойига (12.776 та иш) нисбатан 1.136 тага ошган.

Суриштирув органи томонидан ушбу даврда маъмурий судларга 14.106 та маъмурий ишлар келиб тушган бўлиб, шундан 6.761 таси ички ишлар бўлимларидан, 1.326 таси прокуратура, 3.477 таси солиқ идоралари томонидан, 317 таси божхона органи томонидан ва 2225 тасини бошқа органлардан келиб тушган ишлар ташкил этади.

Суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга процессда қатнашиб, ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишларига қулайликлар яратиш мақсадида ҳисобот даврида жами кўрилган ишларнинг 9.157 таси ёки 65,8% фоизи сайёр суд мажлисларида ҳал этилган.

Навоий вилоят иқтисодий судларитомонидан 2019 йилнинг 9 ойи мобайнида жами 3.812 та иш кўриб чиқилиб, даъвогарлар, шу жумладан хусусий тадбиркорлик субъектлар фойдасига 191 млрд. 087 млн. сўм зарар ундирилган. Низоли тартибда кўрилган ишларнинг 2.347 таси ёки 61,5 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилган. Бу ҳақда Навоий вилояти иқтисодий суди раиси Т.Абдраманов маълумот берди.

Даъво ариза ва аризаларини тақдим этишда республика бюджетига ихтиёрий тўланган давлат божи 729 млн. сўмни, суд қарорларига асосан ундирилиши белгиланган давлат божи миқдори 4 млрд. 942 млн. сўм сўмни ташкил этган.

Шу билан бирга 9 ой мобайнида 332 та ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилиб, шундан 158 таси ОАВларда ёритилган бўлса, 174 таси бўйича бевосита аҳоли билан учрашувлар ҳамда очиқ мулоқотлар ташкил этилган.

Ҳисобот даврида Навоий вилояти судлари томонидан жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ўрнатилган.

Матбуот анжуманида жамотчилик ва оммавий ахборот воситалари вакилларининг соҳага оид қизиқтирган саволларига тегишли жавоблар берилди.

Навоий вилоят иқтисодий суди