November 28, 2019

ХОТИН-ҚИЗЛАР ВА ЭРКАКЛАР ТЕНГЛИГИ

Самарқанд вилояти Иштихон туманлараро иқтисодий суди раиси Н.Умаров судья Н.Турсунова билан ҳамкорликда Иштихон тиббиёт коллежида ўқитувчилар ва ўқувчилар иштирокида гендер тенглик мавзусига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Суҳбат жараёнида суд раиси Н.Умаров мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизимидаги ўзгаришлар ва иқтисодий суд соҳасига доир низолар, уларнинг олдини олиш бўйича батафсил тушунтириш берди.

Таъкидландики, ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган.

Тадбирда Иштихон туманлараро иқтисодий суди судьяси Н.Турсунова ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-562-сонли Қонуни юзасидан маълумот бериб, хотин-қизлар ва эркакларга давлат томонидан тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатланиши, уларни жинси бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги ҳақида ўз фикрларини билдирди. Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсати Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссия томонидан амалга оширилади. Қонунга кўра, агар шахс ўзини жинси бўйича камситишга дучор этилган, деб ҳисобласа судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Суҳбат жараёни қизғин савол-жавоб тарзида ўтказилиб, ўқувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олишди.

 
Самарқанд вилояти иқтисодий суди