СОЛИҚ ВА СУД БОШҚАРУВЧИЛАРИ ИШТИРОКИДА СЕМИНАР
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Бухоро вилоят ҳудудий бошқармасида солиқ ва суд бошқарувчилари иштирокида семинар ташкил этилди.
Унда Ғиждувон туманлараро иқтисодий суди раиси Ш.Салимов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазмун-моҳияти юзасидан маъруза қилди.
Суд раиси томонидан юқоридаги қарорга асосан давлат солиқ ходимлари ва суд бошқарувчиларига давлат солиқ хизмати органлари солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш имконияти бўлмаганлиги сабабли ижро ҳужжатлари қайтарилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилиши тушунтирилди.
Бу борада тугатишга доир иш юритиш муддати ҳақида ҳам маълумот берилди. Яъни, тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошмаслиги лозим, алоҳида ҳолларда ушбу муддат банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига асосан суд қарори билан уч ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Семинар давомида мавзу юзасидан иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.
Ғиждувон туманлараро иқтисодий суди