ОДИЛ СУДЛОВНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЙЎЛИДА
Ўтган давр мобайнида юртимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва одил судловни амалга ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, судларнинг асосий вазифаси адолатни қарор топтиришдан иборат бўлиб, бунинг учун суд ҳар бир иш юзасидан қонуний, асосли ва адолатли қарор чиқариши лозим.
Суд идоралари ишига фақат ва фақат халқимизнинг ўзи баҳо беради, судлар учун ягона ва энг қаттиқ талаб бу фуқароларнинг қонуний манфаатларига хизмат қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳимоя қилишдан иборатдир.
Соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, шу жумладан суд ишларини сайёр суд мажлисларида кўриб чиқиш амалиётининг кенгайтирилганлиги замирида аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ҳамда суд ҳокимиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадлари туради.
Шунингдек, судлар ўз фаолиятлари тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан матбуот анжуманлари ўтказилишини ва бунда суд раислари томонидан аҳолига суд фаолияти юзасидан ҳисобот бериш йўлга қўйилиши мазкур соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш, суд фаолиятини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш фуқаролик жамиятининг муҳим белгиларидан бири бўлиб ҳисобланади.
Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти суди раиси Д.Таджибаевнинг маълумот беришича, жорий йилнинг биринчи ярми давомида судлар томонидан 2 815 нафар шахсга нисбатан 1 985 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Кўрилган ишлардан 2 348 нафар шахсга нисбатан 1 570 та жиноят иши бўйича ҳукм чиқарилган бўлиб, 460 нафар шахсга нисбатан 408 та жиноят иши тугатилган. 38 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукм ва ажримлар чиқарилган.
Жиноят оқибатида етказилган 163,7 миллиард сўмдан зиёд моддий зарар қопланган. 141 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган. 237 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинган.
Кўриб тамомланган ишлар бўйича шахсларнинг 1 134 нафарини ёки 40,3 фоизини ёшлар (14 дан 30 ёшгача бўлган шахслар) ташкил этган бўлиб, 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 483 нафарга ёки 29,9 фоизга камайган. Умумий кўриб тамомланган ишлардан 900 та ёки 45,3 фоиз жиноят ишлари сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Бундан ташқари, жиноятчиликни олдини олиш, жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш борасида 1 453 та ёки 73,2 фоиз жиноят ишлари бўйича хусусий ажримлар чиқарилган.
Жиноят ишларини судда кўришда жамоатчиликни жалб қилган ҳолда, “Маҳалла”, Ёшлар иттифоқи ва Хотин-қизлар қўмитаси вакилларини жамоат ҳимоячиси сифатида иштироки таъминланиб, улар томонидан билдирилган кафиллик хатлари асосида 110 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган турдаги жазолар тайинланган.
Судлар томонидан қабул қилинган суд ҳужжатлари ўқиб эшиттирилганидан сўнг уларнинг мазмун-моҳиятини суд процесси иштирокчиларига тушунтирилиши амалиёти тўлиқ жорий этилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Тошкент вилояти суди раиси О.Исмаиловнинг қайд этишича, ҳисобот даврида вилоят ва туманлараро судлари томонидан жами 10.081 (12.769) та фуқаролик иши тамомланган бўлиб, тамомланган ишларнинг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2688 тага ёки 21 фоизга камайган.
Шунингдек, судлар томонидан шу даврда 4147 (34.814) та аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 30.667 тага яъни саккиз баравардан зиёдга камайган. Суд буйруқлари асосан коммунал тўловлар, газ ва электр таъминоти бўйича қарздорликни ундириш ҳақида чиқарилиши сабабли бу кескин ўзгаришни фуқароларимизни ҳуқуқий онги ошаётгани, шу билан бирга, даромадлари кўтарилиб тўлаш қобилиятлари кенгайганини билдиради.
Биринчи инстанцияда кўрилган жами 10081 та ишларнинг 3812 таси (38,2%) оила муносабатларидан келиб чиққан низолар ҳақидаги ишлар ташкил этган. Уларнинг 2187 таси, жами кўрилган ишларнинг 21,7 фоизи никоҳдан ажратиш ҳақидаги ишлардир.
Вилоят суди апелляция ва кассация инстанцияларида кўрилган ишларни таҳлил қилиш асосида судлар томонидан низоларни ҳал қилиш вақтида йўл қўйилган хато ва камчиликлар ҳар ой якуни бўйича таҳлил қилиниб, судьялар иштирокида семинар машғулотларида муҳокама қилиниб, йўл қўйилган камчиликларни олдини олиш чоралари кўрилиб келинмоқда.
Судлар томонидан ишларни сайёр суд мажлисларида кўрилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб келинди ва сайёр суд мажлислари сони умумий кўрилган ишларга нисбатан 35.2 фоизи ташкил этди, бу эса 3548 та ишлар сайёр суд мажлисларида кўрилганини англатади.
Тошкент вилояти маъмурий суди раиси М.Абабакиров маълум қилишича, Тошкент вилояти туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан ҳисобот даврида оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган жами 2.177 та маъмурий кўриб тамомланган, шундан 1.877 таси қаноатлантирилган, 187 таси рад қилинган, 76 таси иш юритишдан тугатилган, 37 таси кўрмасдан қолдирилган. 2018 йилнинг биринчи ярмида оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар сони 719 тани ташкил этганлиги инобатга олинса жорий йилда бундай тоифадаги ишлар сони 3 баробар кўпайгани кўринади.
Тошкент вилоят туман (шаҳар) судлари томонидан 2019 йилнинг биринчи ярми давомида жами 19.275 нафар (2018 й 19.554 нафар ) шахсга нисбатан 16.299 та (2018 й 16.870 та иш) маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар биринчи босқичда кўриб тамомланган.
Тошкент вилояти туман (шаҳар) маъмурий судларига 10.843 нафар шахсга нисбатан 8.205 та иш ИИБдан, 1241 нафар шахсга нисбатан 1.114 та прокуратура органларидан, 3.098 нафар шахсга нисбатан 2.905 та иш солиқ органидан, 3.160 нафар шахсга нисбатан 3.098 та иш божхона органларидан келиб тушган.
Қўриб тамомланган ишлар бўйича 9.406 нафар (2018 й 1-ярми 206 нафар) шахсга нисбатан 8.8 млд. (2018 й 1-ярми 5.2 млд.) сўмлик жарима, 220 нафар (изоҳ: 2018 йилнинг 22 октябрь куни ЎРҚ-503-сонли қонуни билан МЖтКнинг 24-моддасига ўзгартириш киритилгани муносабати билан транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан махрум қилиш жазаси ҳам асосий ҳам қўшимча жазо сифатида қўлланила бошланган) (2018 й 3.670 нафар) шахсга нисбатан махсус ҳуқуқдан маҳрум қилиш, 1.579 нафар (2018 й 786 нафар) шахсга нисбатан маъмурий қамоқ, 62 нафар (2018 й 49 нафар) шахсни республика худудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш (маъмурий депортация) жазоси тайинланган.
Маъмурий судлар томонидан аҳолини ҳуқуқий маданиятини ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида ҳам бир қатор тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, олий суд раҳбарлигида маъмурий, жиноят, фуқаролик ва иқтисодий судлар судьялари томонидан амалга оширишлари учун медиа режа, вилоят судининг ҳуқуқий тарғиботлар ўтказиш ва аҳолини ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадиди давра суҳбатлари ва маъруза режалари ишлаб чиқилди.
- Тошкент вилоят иқтисодий суди ва вилоятнинг туманлараро иқтисодий судларига ҳисобот даврида жами 9 352 та даъво ариза ва аризалар келиб тушган бўлиб, шундан 7 225 таси мазмунан кўриб чиқилиб, 6 106 таси қаноатлантирилган, 725 таси рад қилинган, 313 та даъво ариза кўрмасдан қолдирилган, 81 та ишлар бўйича иш юритиш тугатилган,- дейди Тошкент вилояти иқтисодий суди раиси в.б. Р.Ҳайдаров, -Ушбу даврда иқтисодий судларда биринчи инстанцияда кўрилган ишлар юзасидан бир судьянинг ўртача ойлик иш ҳажми 110,2 тани ташкил этган.
Келиб тушган даъво ариза ва аризаларнинг 4101 таси маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар ташкил этса, 3061 таси фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар, 27 таси ташкилотлар ва фуқароларнинг банкротлигига оид ишлар, 30 таси корпоратив муносабатларга оид ишлар, 6 таси юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга доир ишларни ташкил этади.
Ушбу даврда суд буйруғи бериш тартиби асосида кўрилган ишлар 346 тани ташкил этади.
2019 йилнинг биринчи ярмида кўрилган ишлар сони 7 225 тани (ўтган йилнинг шу даврида жами 19 230 та иш кўрилган) ташкил қилган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 005 тага камайган.
Шунингдек, кўриб ҳал этилган ишлар бўйича 972 млрд. 191 млн. 230 минг сўм миқдоридаги қарздорлик ва етказилган моддий зарарни даъвогарлар фойдасига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган.
Судларга даъво ариза (ариза)лар билан мурожаат қилишда жами 779 млн 570 минг сўм миқдорида давлат божлари ихтиёрий тўланган бўлиб, шунингдек, ушбу даврда суд қарорларига асосан ундирилиши белгиланган давлат божлари миқдори 23 млрд 281 млн 390 минг сўмни ташкил этган.
Ишда иштирок этувчи шахсларга суд мажлисларида қатнашиши ҳамда ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишларига қўшимча қулайликлар яратиш, суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш мақсадида, жорий йилнинг биринчи ярми давомида вилоят иқтисодий судлари томонидан кўрилган жами 7 225 та ишларнинг 4 542 таси ёки 62,86 фоиз ишлар сайёр суд мажлисларида кўриб ҳал қилинган.
Шу даврда апелляция инстанциясида кўрилган ишлар сони 152 тани ташкил этиб, шундан 25 таси бекор қилинган, 7 таси ўзгартирилган, 120 таси эса ўзгаришсиз қолдирилган.
Кассация инстанциясида жами 80 та ишлар кўрилиб, шундан25 таси бекор қилинган, 9 таси ўзгартирилган, 46 таси эса ўзгаришсиз қолдирилган.
Тошкент вилоят ва туманлараро иқтисодий судларига 6 ой давомида жами 337 та мурожаатлар келиб тушган. Келиб тушган мурожаатларнинг барчаси кўриб ҳал этилган ва шикоят муаллифларига тегишли тушунтиришлар берилган.
Судьялар томонидан иқтисодий низоларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан 194 та суд таъсир чоралари қўлланилди. Хусусан, 35 нафар шахс маъмурий, 79 нафар шахс моддий жавобгарликка тортилди, интизомий чора қўллаш ҳақида 50 та ва бошқа қонунбузилишларни олдини олиш ҳақида 30 та хусусий ажримлар чиқарилиб, тегишли ташкилотларга юборилган. Ушбу ҳуқуқий таъсир чоралар ижроси тўлиқ таъминланган.
Шунингдек, судлар фаолиятини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш учун жойларда 270 та сайёр қабуллар ва очиқ мулоқотлар ўтказилиб, бу борада 148 марта ОАВларда чиқишлар қилинди.
Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари энг аввало, тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, қонунийликни ва адолат мезонларини таъминлаш, фуқароларнинг ва бугунги кунда кўлами жиҳатидан тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётган тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, шунингдек аҳолининг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.
Олий суд Матбуот хизмати