ОДИЛ СУДЛОВНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЙЎЛИДА
Юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини янада мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва ролини кучайтиришдан иборатдир.
Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳар томонлама пухта ва чуқур ўйланган ғояларга асосланиб, тизим нуфузини ошириш, судларни ихтисослаштириш билан бирга халқ, унинг тақдири, ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилишни кўзда тутади.
Фармон ижроси доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида Қорақалпоғистон Республикасидаги судлар раислари жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти юзасидан ахборот беришди.
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича суди раиси Г.Базарбаеванинг қайд этишича, жиноят судлари томонидан ҳисобот даврида 644 нафар шахсга нисбатан 523 та жиноят иши кўриб тамомланган. Ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 34,7 фойизга, шахслар сони эса 35,2 фойизга камайган.
Мазкур даврда кўриб тамомланган жиноят ишларининг 240 таси ёки 46 фоизи сайёр суд мажлисида кўрилган.
Бундан ташқари маҳалла, хотин қизлар ва Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 32 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича суди раиси ўринбосари в.в.б. С.Қайпназарова ҳисобот даврида биринчи ярим йилликда фуқаролик судлари томонидан 3 минг 453 та фуқаролик ишлари кўрилганлигини маълум қилди.
Уларнинг 2 минг 821 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган. 2 минг 513 та даъво қаноатлантирилиб, 308 таси рад этилган. 421 таси иш юритувдан тугатилиб, 211 таси кўрмасдан қолдирилган.
Фуқаролик низоларнинг олдини олиш юзасидан 23 та хусусий ажримлар чиқарилган.
Шунингдек, 1 минг 304 та фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисларида кўрилган, бу ишларнинг 37,8 фоизини ташкил этади.
Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси А.Адиловнинг қайд этишича, маъмурий судлар томонидан ярим йилликда оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 473 та иш кўриб чиқилган.
Шунингдек, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар бўйича жами 11 минг 252 та шахсга нисбатан 10 минг 16 та иш кўриб чиқилган. 6 минг 545 нафар шахсга жарима, 116 нафар шахсга махсус ҳуқуқдан маҳрум этиш, 985 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси қўлланилиб, 3 минг 633 нафар шахсга нисбатан 3 минг 118 та маъмурий ишлар ҳаракатдан тугатилган.
Жами кўриб тамомланган маъмурий ишларнинг 55,7 фоизидан ортиғи сайёр судларда кўриб чиқилган.
Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий суди раиси в.в.б. Г.Зарипованинг ахборотида қайд этилишича, ўтган 6 ойда иқтисодий судлар томонидан 3 минг 279 та иш кўриб чиқилган. Шундан, сайёр суд мажлисларида 2.358 таси (79,1%) ишлар кўрилган.
Кичик бизнес субъектлари ва якка тадбиркорлар иштирокида жами 2 минг 356 та иш кўрилиб, ишни кўриш натижаларига кўра, 9,3 миллиард сўм ундириш ҳақида суд қарорлари чиқарилган. Шунингдек, 3 млрд 622 миллион 730 минг сўм давлат божини бюджетга ундириш бўйича ижро варақалари берилган. Тарафлар томонидан 408,5 миллион сўм давлат божи ихтиёрий тўланган.
Олиб борилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида ўтган йилнинг 6 ойи билан таққослаганда иқтисодий ишлар 9 минг 490 тага камайишига эришилган.
Айбдор шахсларга нисбатан 11 та маъмурий иш қўзғатилиб, бу бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган. 12 та моддий, 31 та интизомий ва 3 та бошқа турдаги жами 57 та таъсир чоралари қўлланилган.
Тадбирда республика судлар раислари ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга батафсил ахборот бериш билан бирга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш, “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси асосида олиб борилган ҳуқуқий тарғибот ишлари, сайёр суд мажлисларида журналистлар иштирокини таъминлашнинг аҳамияти ва долзарблиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтдилар.
Жеткиншек Кдырниязов, Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича судининг судья катта ёрдамчиси