November 11, 2019

11 ОИЛА ЯРАШТИРИЛДИ

Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни асраш, фаровонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиб келади. Зеро, оилада миллий қадрият ва анъаналар ривож топиши билан бирга эртанги кунимиз эгалари – фарзандлар камолга етади.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 2 февралдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ўртасида тасдиқланган “Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум”нинг мақсади ҳам хотин қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, баркамол авлодни соғлом муҳитда тарбиялаш, оилаларни мустаҳкамлаш, никоҳдан ажратишни олдини олишга қаратилгани билан алоҳида аҳамият касб этади.

Фармон ҳамда “Ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандум” ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари Н.Маҳкамова ва Г.Мирзаева, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази бошқармаси бошлиғи Ўзбекистон Республикаси Сенати аъзоси К.Мавлонова билан ҳамкорликда Марғилон шаҳар ҳокимиятида хотин-қизлар ва вояга етмаганлар ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилиш, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ажралишларнинг олдини олиш юзасидан нотинч оилалар билан суҳбат, муаммоларни ўрганиш ва яраштириш чораларини кўришга қаратилган очиқ мулоқот ва суҳбатлар ўтказилди.

Тадбирда “Фарзанд омонат” ва “Ота” номли қисқаметражли видеофильмлар намойиш этилиб, оила мустаҳкамлигини таъминлаш, ажралишлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва олдини олиш, ёшларни оилага тайёрлаш бўйича тизимли иш олиб боришга эътибор қаратилди.

Тадбир давомида судлар томонидан 15 та оила низолари билан боғлиқ фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

7 нафар фуқаронинг оила, уй-жой ва бошқа турли мавзудаги мурожаати жойида ҳал қилинди.

Эътиборлиси шундаки, тадбир жараёнида турли сабабларга кўра, ажрашиб яшаётган эр ва хотинлар билан ўтказилган алоҳида-алоҳида суҳбатлар натижасида 11 та оилани яраштиришга муваффақ бўлинди.

Оилаларнинг тикланиши қанчадан-қанча болажонларнинг кемтик кўнгли тўлгани, ўксик қалби қувонганини англатади.

Бу каби тадбирларни ўтказилиши оилалар мустаҳкамлиги ва барқарорлигини таъминлашга, жамиятда соғлом муҳитни шакллантиришга, баркамол авлодни соғлом муҳитда тарбиялашга хизмат қилади.

  Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти суди