НАМАНГАН ВИЛОЯТ СУДЛАРИ РАИСЛАРИ ЖАМОАТЧИЛИККА АХБОРОТ БЕРДИ

Юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, уларнинг қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини янада мустаҳкамлаш, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уни ҳақиқий адолат қўрғонига айлантириш, кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдаги ўрни ва ролини кучайтиришдан иборатдир.

Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳар томонлама пухта ва чуқур ўйланган ғояларга асосланиб, тизим нуфузини ошириш, судларни ихтисослаштириш билан бирга халқ, унинг тақдири, ҳуқуқ ва манфаатларини қонуний ҳимоя қилишнинг юксак ифодаси бўлди.

Фармонга биноан, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш йўлга қўйилди.

Фармон ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Наманган вилоятдаги суд раислари жорий йилнинг 9 ойида одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти юзасидан ахборот берди.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси Давлатмирза Камилов вилоят судьялари томонидан жорий йил 9 ойи давомида 1.795 нафар шахсга нисбатан 1.404 та жиноят иши кўрилиб, 1.474 нафар шахсга нисбатан 1.100 та жиноят ишлари ҳукм чиқариш билан, 315 нафар шахсга нисбатан 298 та жиноят иши бўйича ҳаракатдан тугатиш билан якунланганни таъкидлади.

Бундан ташқари, инсонпарвалик тамойилини қўллаши натижасида 9 ой давомида 28 нафар шахс оқланган. Ушбу даврда 147 нафар шахслар суд залидан қамоқдан озод қилинган, ЖКнинг 57-моддаси тартибида жиноят содир этган 584 нафар шахсларга енгилроқ жазо тайинланган, 57 нафар шахслар шартли ҳукм қилинган, 1.326 нафар шахслар жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган. 20 нафар шахсларнинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилиб, 302 нафар шахс тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинган.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, хотин-қизлар ва ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 87 нафар шахс жиноят иши бўйича озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят суди раиси Абурахман Сафаев ўз маърузасида, ҳисобот даврида фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти ва туманлараро судлари томонидан жорий йил 9 ойида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилган.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида 8.126 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган, 4.138 та аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилган.

Кўриб тамомланган ишларнинг 7.181 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилган. Кўрилган ишлардан 5.749 таси қаноатлантирилган, 1.432 таси рад этилган. 190 таси иш юритувдан тугатилиб, 755 таси кўрмасдан қолдирилган.

Статистик маълумотларни таҳлил қилганда, жорий йилнинг 9-ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1.502 тага ёки 15,6 фоизга фуқаролик низолари сони камайишига эришилган.

Шу билан биргаликда, никоҳдан ажратиш ҳақидаги кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 345 тага камайган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳамда оилавий низоларни олдини олиш юзасидан 1.156 та хусусий ажримлар, 24 та тақдимномалар чиқарилган.

Вилоят маъмурий суди раиси Салохиддин Турсунов 9 ой давомида жами 25.679 та шахсга нисбатан 21.685 та иш маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб тамомланиб, шундан 17.857 таси ёки 82,3 фоизи сайёр суд мажлисларида кўрилганлигини таъкидлади.

Ҳисобот даврида кўриб тамомланган 13.524 та маъмурий ишлар бўйича 16.396 та шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган.

Тадбиркорларга яратилаётган имкониятлар натижасида МЖтКнинг 271-моддаси 10-банди (оқибати бартараф этилган) билан 1.409 та шахсга нисбатан 1.402та иш, МЖтКнинг 271-моддаси 11- банди (зарарни қоплаш) билан 5.365 та шахсларга нисбатан 5.283 та маъмурий ишлар тугатилган.

Олиб борилган ҳуқуқий тушунтиришлар ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш борасидаги ишлар натижасида 9 ойда вояга етмаганлар иштирокида содир этилган ҳуқуқбузарликлар ўтган йилга нисбатан 53 тага камайган.

Ачинарлиси аёллар ва 60 ёшдан ошган фуқаролар иштирокида содир этилган ҳуқуқбузарликлар 320 тага кўпайган.

Маъмурий судлар томонидан қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган масъул мансабдор шахсларга нисбатан 328 та ҳусусий ажрим ва 7.647 та тақдимномалар чиқарилиб 13 нафар мансабдор шахсларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилган.

Иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш ҳамда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантиришга қаратилди – деди, вилоят иқтисодий суди раиси вазифасини бажарувчи Анваржон Хоназаров.

Жорий йил 9 ойида вилоят ва туманлараро иқтисодий судлари томонидан жами 9427 та ишлар кўриб чиқилган. Хусусан, Наманган вилоят иқтисодий суди томонидан 76 та, Наманган туманлараро иқтисодий суди томонидан 3014 та, Учқўрғон туманлараро иқтисодий суди томонидан 2020 та, Чуст туманлараро иқтисодий суди томонидан 2051 та ҳамда Янгиқўрғон туманлараро иқтисодий суди томонидан 2266 та ишлар мазмунан кўриб ҳал этилган.

Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13 минг 565 тага камайган.

Ўтган давр мобайнида 149 та ишлар суд буйруғи тартибида кўриб чиқилиб, кўрилган ишларнинг 2423 таси фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид, 6238 таси маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид, 741 таси ташкилот ва фуқароларнинг банкротлигига оид, 21 таси корпоратив муносабатларга оид ҳамда 4 таси юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга оид ишларни ташкил этган.

Кредит шартномалари бўйича жами 391 та 68.465.810.000 сўмлик ишлар кўрилган, шундан 357 таси 59.009.140.000 сўмлик даъво аризалар қаноатлантирилган, даъво аризадаги важлар ўз исботини топмаганлиги учун 25 та даъво аризалар рад этилган, 4 таси кўрмасдан қолдирилган, 5 та ариза бўйича иш юритиш тугатилган.

Бундан ташқари, солиқ қарзи бўйича ундирувни солиқ тўловчининг молмулкига қаратиш юзасидан жами 5481 та 22.041.530.000 сўмлик ишлар кўрилган бўлиб, шундан, 4908 таси 20.301.620.000 сўмлик даъво аризалар қаноатлантирилган бўлса, 448 таси қарздор қарзини тўлиқ тўлагани, шунингдек даъво талабларини тўлиқ бартараф этганлиги учун рад этилган, 115 таси кўрмасдан қолдирилган, 10 таси бўйича иш юритиш тугатилган.

Хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 779 та ишлар кўрилиб, шундан, 698 таси қаноатлантирилган ва тадбиркорлар фойдасига 25.774.680.000 сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинди.

Шунингдек, суд раислари брифингда қатнашган ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга батафсил ахборот бериш билан бирга, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликка қарши кураш, “Менинг маҳаллам-менинг судьям” ғояси асосида олиб борилган ҳуқуқий тарғибот ишлари, сайёр суд мажлисларида журналистлар иштирокини таъминлашнинг аҳамияти ва долзарблиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтдилар.

Сардор Жўрабоев,
Фуқаролик ишлари бўйича
Наманган вилоят суди судьяси