October 25, 2019

ҲУҚУҚИЙ МАДАНИЯТНИ ЮКСАЛТИРАМИЗ

 Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга йўналтирилган миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш ҳамда малакали кадрларни тайёрлаш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Бироқ, айрим жабҳаларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб келинган эди.

Ушбу йўналиш Президентимиз эътиборларидан четда қолмади ва жорий йилнинг 9 январь санасида “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди.

Мазкур Фармон доирасида жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят, туман (шаҳар) судлари томонидан жойларда аҳоли билан кенг қамровли учрашув ва давра суҳбатлари ўтказилиб келинмоқда.

Хусусан, жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти суди судьяси Фахриддин Халилов томонидан шаҳардаги 16-сонли умумий ўртатаълим мактабида ўқувчи ва мураббийлар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув очиқ мулоқот тарзида ўтказилиб, судья Ф.Халилов томонидан юқоридаги Фармоннинг мазмун-моҳияти, шунингдек, Бош қомусимиз-Конституция, вояга етмаганлар жиноятчилиги, ёшларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини ошириш борасида кенг қамровли маъруза қилинди.

Бундан ташқари, учрашув давомида, ёшлар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар, уларнинг оқибатлари ҳамда олдини олишда ёшларнинг ўрни ва роли тўғрисида тушунчалар бериб ўтилди.

Тадбир якунида маърузачи ўқувчиларни қизиқтирган саволларига жавоб берар экан, мамлакатимиз ривожига ҳар бир инсон, ёшу қари бирдек масъул эканлигини алоҳида таъкидлади.

 

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди