September 16, 2019

ТАДБИРКОРНИ ЧУВ ТУШИРИБ КЕТИШДИ...

Жорий йилнинг 13 сентябрь куни Янгиер шаҳрида жойлашган “Абдурахмон Жомий” маҳалла фуқаролар йиғини маъмурий биносида жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг раиси Ж.Ҳайдаров томонидан ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш билан боғлиқ жиноят иши очиқ сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

Судланувчи Жўрақулов Давронбек Абдурашит ўғли Янгиер шаҳрида фаолият юритаётган “MAX WAY BUSINESS” МЧЖда сотувчи-менежер лавозимида ишлаб келиб, 2019 йил июнь ойи давомида Андижон вилояти, Андижон шаҳрида хизмат сафарига юборилган вақтда “MAX WAY BUSINESS” МЧЖ балансида бўлган ҳамда жамият томонидан ишлаб чиқариладиган жами 30.022.000 сўмлик енгил автомашиналар учун мўлжалланган “тормозной-колотка”ларни 18.06.2019 йилги №15-сонли ҳамда 24.06.2019 йилги №19-сонли юк хатлари билан ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш мақсадида қабул қилиб олган ва моддий жавобгарлигида бўлган 14.896.110 сўм миқдордаги махсулотларни ўзлаштириб юбориб, корхона маъмуриятидан яширинганликда айбланган.

Дастлабки тергов даврида айбланувчи Д.Жўрақулов ҳамда фуқаровий даъвогар Х.Бобоевлар ўз аризалари билан мурожаат қилишиб, жиноят ишини ярашганликлари муносабати билан тугатишни сўрашган.

Суд, фуқаровий даъвогар Х.Бобоев ҳамда айбланувчи Д.Жўрақуловнинг ярашув тўғрисидаги аризаларини жиноят иши ҳужжатлари билан ўрганиб, Янгиер шаҳар прокурорининг катта ёрдамчиси С.Мирзахмедовнинг жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатиш ҳақидаги фикрини эшитиб, айбланувчи Д.Жўрақуловнинг муқаддам судланмаганлигини, айбига ихтиёрий иқрорлигини ва етказилган моддий зарар тўлиқ қопланганлигини, фуқаровий даъвогар ва айбланувчига бирон-бир тазйиқ бўлмаганлигини, ярашув айбланувчи ва фуқаровий даъвогарни хоҳишлари билан бўлаётганлигини ҳамда Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноят ЖКнинг 661-моддаси таъсир доирасига тушишини инобатга олиб, Д.Жўрақуловга нисбатан юритилган жиноят ишини ярашганлик муносабати билан тугатишни, шунингдек айбланувчи Д.Жўрақуловга нисбатан дастлабки тергов жараёнида қўлланилган “Муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида” тилхат эҳтиёт чорасини бекор қилишликни лозим топди.

Жўрақулов Давронбек Абдурашит ўғлига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси 1-қисми билан бўлган жиноят иши юзасидан тарафларнинг ярашганлиги муносабати билан Жиноят Кодекснинг 661-моддасига асосан тугатилиб, фуқаровий даъвогар Х.Бобоевга мазкур иш бўйича иш юритишни қайта тиклаш юзасидан илтимоснома бериш ҳуқуқи йўқолганлиги тушунтирилиб, Д.Жўрақуловга нисбатан дастлабки тергов жараёнида қўлланилган “Муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида”ги тилхат эҳтиёт чораси ажрим қонуний кучга киргандан сўнг бекор қилинди.

Ж.Ҳайдаров,
Жиноят ишлари бўйича Янгиер шаҳар судининг раиси