ЁШ САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВ
Янгиобод тумани агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежида "Ёшларнинг сайлов жараёнларида фаол иштироки – менинг биринчи овозим " мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда жиноят ишлари бўйича Янгиобод туман суди раиси в.б. Ш.Шамшиев ва туман маъмурий суди раиси А.Норқўзиев, Ёшлар Иттифоқи туман Кенгаши ҳамда коллеж ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.
Маълумки, жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутатлигига ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман-шаҳар кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар олдидан тайёргарликлар ҳозирдан бошланиб кетганлиги таъкидланди ва шу муносабат билан Жиззах вилоят судлари томонидан шу йил 25 июнь куни қабул қилинган Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги, судья ва суд ходимлари жойларда аҳолининг турли қатлам вакиллари билан учрашувлар, давра суҳбатлари, манзилли тарғиботлар ўтказмоқдалар.
Тадбирда туман суди раислари томонидан Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодексининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди.
-Ёш сайловчиларга, айниқса, бу йил биринчи бор сайловларда иштирок этадиган ёш йигит-қизларга Сайлов кодекси мазмун-моҳияти, сайлов ўтказиш тартиби, сайланадиган депутатларнинг жамият ҳаётидаги роли ҳақида батафсил маълумотлар берилди, - дейди Ёшлар Иттифоқи туман Кенгаши раиси Муродбек Рахмонбердиев.
-Мен бу йил биринчи бор сайловларда иштирок этиб, ўзимнинг Конституцияда белгилаб қўйилган сиёсий ҳуқуқларимдан фойдаланаман, - дейди коллеж ўқувчиси Камола Маматқулова. - Ростини айтсам ҳаяжондаман, бугунги тадбирдан сайловларнинг жамиятимизнинг демократлашуви ҳамда фуқароларнинг ҳаёти фаровонлашувига катта таъсири борлигини билиб олдим. Демак, барча тенгдошларим қатори елкамда сайловлар юксак савияда ўтиши ҳамда муносиб номзодлар сайланиши учун масъулият борлигини ҳис қиляпман.
Тадбир якунида туман маъмурий суди раислари иштирокчиларнинг янги қабул қилинган Сайлов кодекси бўйича саволларига батафсил жавоб бердилар.
Жиззах вилоят маъмурий суди