December 6, 2019

САЙЛОВ МАВЗУСИДАГИ СУҲБАТ

 2019 йил 22 декабрь куни мамлакатимизда муҳим сиёсий воқеа - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтади.

Шу муносабат билан жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди ташаббуси билан Самарқанд вилоят ИИБ 37-сонли жазони ижро этиш муассасасида сайлов жараёнида фаолликни ошириш, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг мазмун-моҳиятини етказишга қаратилган “Сайлов қонунчилигидаги янгиликлар” мавзусида учрашув ўтказилди.

Тадбирда Самарқанд вилоят суди раиси ўринбосари Ў.Мамадалиев, вилоят судининг судьяси Б.Алиқулов, жиноят ишлари бўйича Пастдарғом туман судининг судьяси О.Аллаев ҳамда Пастдарғом туман маъмурий судининг раиси В.Файзуллаевлар иштирок этишиб, маҳкумларга Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексида белгиланган сайлов принциплари, фуқароларнинг сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи билан боғлиқ қоидалар, янгиликлар ва ҳар бир сайловчи билиши керак бўлган маьлумотлар, сайлов бюллетенларни тўлдириш тартиби ва ёш сайловчининг овоз беришда иштироки билан боғлиқ қоидалар тўғрисида батафсил маълумот беришди.

Шунингдек, Сайлов кодексидаги энг катта янгиликлардан бири - Кодекснинг 5-моддасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмайди, деб белгилаб қўйилгани, бу билан ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахсларда сайловда иштирок этиш, яъни сайлаш ҳуқуқи вужудга келганлиги ҳақида тушунтириш берилди.

Тадбир давомида маҳкумлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди