УЗОҚ ОВУЛДАГИ УЧРАШУВ
Навоий вилояти Томди тумани “Шиели” овул фуқаролар йиғинида Зарафшон туманлараро иқтисодий суди раиси А.Ҳамидовнинг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари вакиллари иштирокида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан Иқтисодий процессуал кодексига киритилган охирги ўзгартириш ва қўшимчалар ҳамда Президент Ш..Мирзиёвнинг яқинда (23 июль) бўлиб ўтган видеоселектр йиғилишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига берган топшириқлари юзасидан тушунтириш берилди.
Суд раиси ўз сўзида Иқтисодий процессуал кодексига киритилган янги боб, ўзгаришлар ҳақида фикр юритиб, “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” боби ҳақида батафсил маълумот берди.
Унга кўра, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан — энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса — беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.
Давра суҳбатида соддалаштирилган иш юритишни кўриб чиқиш тартиби, ишнинг ҳолатлари бўйича даъвогарнинг талабалари, тарафларнинг келишуви ва ишнинг бошқа жиҳатлари ҳақида тушунчалар берилди.
Бундан ташқари, Президентимиз иштирокида бўлиб ўтган видеоселектр йиғилишида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари олдига қўйилган вазифалар ҳақида ҳам фикр юритилди ҳамда иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Зарафшон туманлараро иқтисодий суди