ОЛИЙ СУД РАИСИ САЙЁР ҚАБУЛИДА БИР ОҚЛОВ, ҚИРҚ ТЎҚҚИЗ НАФАР ШАХС МУДДАТИДАН ОЛДИН ОЗОД ЭТИЛДИ
Мамлакатимизда демократик ва эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кенгайтириш, одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд иши юритувининг сифатини, аҳолининг суд идоралари билан боғлиқ муаммоларини ҳал этилишига кўмаклашиш, фуқароларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш мақсадида Олий суд раиси, судьялари, вилоят жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлари раислари иштирокида ташкил этилаётган сайёр қабуллар ўз самарасини бераётир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Козимжон Комилов 9 декабрь куни Қорақалпоғистон Республикасида, 10 декабрь куни эса Хоразм вилоятида сайёр қабул ўтказди.
Нукус шаҳрида бўлиб ўтган сайёр қабулда Олий суди раиси ва судьялар томонидан 173 нафар фуқаронинг турли масалалардаги мурожаатлари тингланди.
Қабул давомида қилинган мурожаатларнинг кўп қисмини фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, суд қарорларидан норози бўлиш, белгиланган жазоларни енгиллаштириш, уй-жой, мерос масалалари ташкил этди.
Жумладан, Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот, Чимбой, Нукус шаҳар ва Нукус туман судлари қарори билан турли муддатларга озодликдан марҳум этилган 39 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод этилди.
Жиноят ишлари бўйича Тахтакўпир туман суди томонидан
1 нафар шахсга нисбатан жиноят иши кўрилиб, оқлов ҳукми чиқарилди.
Жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар, Элликқалъа, Беруний ва Қонлиқўл туман судлари томонидан 6 та жиноят иши ярашганлиги муносабати билан тугатилди.
Шунингдек, 46 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар сайёр суд мажлисида кўрилиб, уларнинг аризаси қаноатлантирилиб, маъмурий иш юритувдан тугатилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси томонидан
10 декабрь куни Урганч шаҳрида ўтказилган сайёр қабулда 210 нафар фуқаро қабул қилинди.
Сайёр қабулда 120 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 14 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб қаноатлантирилди.
72 та мурожаат бўйича аризалар Олий суд томонидан назорат тартибида хал қилиш учун қабул қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар ва Хазорасп туман судлари томонидан 10 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан олдин озод қилинди.
Шунингдек, 4 нафар шахсга нисбатан қўзғатилган маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ишлар сайёр суд мажлисида кўрилиб, аризаси қаноатлантирилиб, маъмурий иш юритувдан тугатилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида сайёр қабулларда муаммолари ҳал бўлган 46 нафар фуқаро Ўзбекистон Республикаси Президенти номига ёзма ташаккурнома билдирди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати