ИИБ ХОДИМИ САККИЗ ЙИЛ ҲАҚИҚАТ ИЗЛАДИ
Шахсга нисбатан айблов эълон қилинса-ю, агар у туҳмат бўлса, бундан оғир мусибат йўқ. Чунки инсонни айбсиз айбдор бўлиш руҳан бир эзса, ўзини оқлагунча исбот-далил келтириб, буни тан олдиргунча яна бир эзилади.
Ҳаётда ўз номи, шаънини оқлагунча йилларини, умрини бой берганлар бўлгани ҳақида ўйлаб кўрсак, оқлов нечоғлик муҳим тушунча эканини яхши англаймиз.
Ноҳақ айбланса-ю, «майли, менга фарқи йўқ, яшайвераман», дейдиган одамни топиб бўлмайди. Чунки бу ор-номус, шаън билан боғлиқ ва ҳеч бир кимса бунга асло тоқат қила олмайди. Шунинг учун ҳам инсон шаъни наинки энг нозик, балки энг улуғ тушунча.
Инсон шаъни – Ватан шаъни каби юксак тушунчалар билан бирлаша оладиган, юртга қалқон бўла оладиган жасорат манбаи ҳамдир. Бундай шаън учун кўксини қалқон қилган марду майдонларимиз ўтгани тарихдан маълум.
Тинч замонда ҳам одамлар шаън учун курашиб яшайдилар. Чунки турмушда турли сабаблар билан ноқулай вазиятларга тушиб қолаётган, билиб-билмай айбсиз айбдорга айланаётганлар ҳам учраб туради.
Шундай шахсларнинг оқланиши эса, уларнинг ҳаётга бўлган умиди, ишончи қайта туғилишидир. Бу эса, албатта, суд орқали рўёбга чиқарилади.
Эътибор берилса, 2017 йилгача судларда оқлов ҳукми чиқариш деярли бўлмаган.
Бугунги кунга келиб эса, судларда оқлов ҳукми чиқариш оддий ҳолга айланиб бормоқда. Муҳими, бу одамларда адолатга бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Ички ишлар идоралари ходими Шукуров Ахмаджон Орзикулович ҳам ўз номини оқлаш учун саккиз йил курашди. Судланган пайтида бу шахс Сирдарё вилояти ИИБга қарашли 13-сонли тергов ҳибсхонаси тезкор бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган. Айбланишига сабаб эса, унинг 2009-2011 йилларда Сирдарё вилояти ИИБга қарашли 13-сонли тергов ҳибсхонасида ишлаган пайтида рўй берган айрим воқеалар сабаб бўлган. Гап шундаки, у маҳкум ва маҳбусларни бирга сақлаб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят ижроия кодексининг 58, 62, 77, 79-моддасида белгиланган талабларга риоя қилмаганликда айблар қўйилган.
Мазкур жиноят иши биринчи босқич судида кўрилиб, тергов ҳибсхонасининг ички тартиб қоидаларига мувофиқ ҳам тезкор бўлими бошлиғи А.Шукуров зиммасига айнан деферинициация принципига амал қилиш (ЖИК 6-моддаси), маҳкумларни ажратилган ҳолда сақлаш (ЖИК 58-модда),режимнинг асосий талабини (ЖИК 62-модда), маҳкумларнинг телефон орқали сўзлашувларни (ЖИК 77-моддаси), маҳкумларнинг посилкалар, йўқловлар, бандероллар ва пул жўнатмалари олишини ва юборишини (ЖИК 78-моддаси) ҳамда маҳкумларнинг ёзишмаларини (ЖИК 79-моддаси) амалга ошириш, назорат қилиш ва хакозолар кирмаслги ўз тасдиғини топди, иш бўйича унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмагани муносабати билан у айбсиз, деб топилди.
Оқланган А.Шукуровга ўзига етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш юзасидан судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.
Албатта, бу осон бўлмади. Саккиз йил давомида судма-суд юриш, ҳамкасбларнинг турли гап-сўзлари, яқинлар, қўшнилар олдидаги ноқулайлик… Булар арзимас ҳолатлар эмас, балки одамни адо қилишга олиб борадиган сабаблардир. Айниқса, иродасиз кишилар бу ҳолга тушса, руҳан синиши ҳеч гап эмас. Бироқ қаҳрамонимиз номи оқлангунча курашди ва бунга эришди.
Оқланиш — бу чинакам қувонч, юзи ёруғлик… Қувонарлиси, кейинги уч йилда 1 минг 705 нафар инсон бунга мушарраф бўлди. Аниқроқ айтганда, 2017 йилда 262 нафар, 2018 йил 867 нафар шахс оқланган бўлса, жорий йил 9 ойида судлар томонидан 576 нафар шахс оқланди. Бу шунча инсонларнинг ҳаётга бўлган умиди, ишончи қайта туғилганини англатади. Бу шунча оилада бағрибутунлик, шукроналикка сабаб бўлаётган хайрли воқеликдир.
Б.Мамадаминов, Жиноят ишлари бўйича Ховос туман судининг судьяси