December 17, 2019

ҲУҚУҚИЙ ДАХЛДОРЛИК МАСЪУЛИЯТИ

  Бош қомусимиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда муҳтарам Президентимиз томонидан ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда Конституция ва қонунлар устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилган изчил ислоҳотлар, шахс, жамият ва давлат муносабатларида энг олий қадрият сифатида инсон ҳуқуқларини кафолатлаш йўлида қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтиб, “Конституциямиз ҳар бир фуқаронинг онги ва қалбидан чуқур жой олган, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ кафолатлайдиган ҳақиқий ҳаёт қомусига айланмоғи лозимлиги”ни алоҳида қайд этиб ўтишлари билан бирга Конституциямизнинг ҳақиқий ҳаёт қомусига айланиши учун олдимизда турган вазифалар, ҳали қилишимиз лозим бўлган кўплаб ишлар, қонунларни қабул қилишдан бошлаб то унинг ижросигача ўз фаолиятимизни танқидий баҳолаб, шахсий жавобгарликни оширишимиз жоизлиги юзасидан ҳар бир соҳа олдида турган дастурамал йўналишлар ҳам белгилаб берилди.

Дарҳақиқат, халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз юртимизда демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда нуфузини ошишида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бош қонунимиз миллий демократик тараққиёт йилларида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий ҳаётнинг барча соҳаларида изчил ва босқичма-босқич, узвий ва тизимли равишда амалга оширилаётган кенг қамровли демократик ислоҳотларнинг мустаҳкам манбаи ҳамда асосий кафолатидир.

Албатта, Конституция ва қонунлар ижросини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясини кучайтириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва маданиятни юксалтириш, қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини кенг аҳоли қатламига етказиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида кўп гапиришимиз мумкин.

Биргина жорий йилнинг ўзидаёқ 70 дан ортиқ қонун, 350 дан зиёд Президент фармони ва қарорлари қабул қилинганлиги ҳам, авваломбор, Асосий қонунимизда белгиланган эзгу ғоя ва мақсадларни кундалик турмушимизга тадбиқ этишга, халқимизнинг фаровонлигини оширишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Аммо, шу билан бирга давлатимиз раҳбари айтганидек “биз қанчалик қонунлар яратмайлик, қандай ислоҳотлар ўтказмайлик, агар фуқароларимизнинг ҳуқуқий билими, онги ва маданияти етарли бўлмаса, кутилган натижаларга эришиш мушкул бўлади. Конституция ва қонунларга ҳурмат, ҳуқуқий онг ва маданият ҳар бир фуқаронинг, ҳар бир мансабдор шахснинг ҳаёт ва фаолият тарзига айланмоғи керак. Лекин ана шундай ҳуқуқий масъулиятни бугун ҳаммада ҳам шакллантира олаяпмизми?”

Аҳамият берган бўлсангиз, гап ҳуқуқий масъулият, жамиятда ҳуқуқий тафаккурни ошириш, фуқаролар онгида Конституция ва қонунлар асосида кундалик яшаш турмуш-тарзини шакллантиришни кенг тарғиб этиш ҳақида бормоқда.

Ҳақиқатдан ҳам биз Асосий қонунимиз яратиб берган имкониятлар тўғрисида кўп гапиришимиз мумкин, лекин баъзан Конституциямизни бошдан адоқ, ҳатто, бир маротаба ҳам ўқиб чиқишга, фарзандларимизни Бош қонунимиз руҳи ва ғоялари билан тарбиялашга, ҳуқуқларимизни талаб қилиш билан бир пайтнинг ўзида бурчларимизни бажариб қўйишимиз лозимлиги ҳақида ўйлашда ўзимизда куч топа олмаймиз.

Сабаби, ҳар биримиз кундалик турмушда, ўқишда ёки ишда бўладими, фуқаролик ҳуқуқларимиздан фойдаланиш билан бирга зиммамиздаги бурчимизни ҳам тўлақонли бажараяпмизми, ўз ҳуқуқ ва эркинликларимизни амалга оширишда бошқа шахсларнинг қонуний манфаатларига путур етказиб қўймаяпмизми, ҳуқуқ ва бурч масъулиятини бирдек ҳис қилиб, шунга амал қилаяпмизми деган саволларни ўз олдимизга қайта-қайта қўйишимиз керакдай. Чунки, ҳуқуқий маданият, авваломбор, ҳар бир фуқаронинг ўз ҳуқуқи ва бурчини бирдек билиши, унга тенг амал қилиши демакдир.

Шунинг учун ҳам муҳтарам юртбошимиз ўз чиқишларида бежизга “айрим фуқароларимиз бошқарув идораларидан масъулият талаб қилишни яхши билади-ю, лекин ўзининг жамият олдидаги масъулияти ва мажбуриятини унутиб қўяди” деб алоҳида таъкидлаб ўтмадилар.

Мисол учун, айрим фуқаролар томонидан суд ҳужжатларидан норози бўлиб йўлланаётган мурожаатларда ҳам айнан шундай ҳолатларни кўриб турибмиз, ажабланарлиси, суд қарори бир чеккада қолиб кетадида, судьянинг шаъни ва қадр-қимматини ерга урувчи ҳар хил гаплар ёзилади. Ахир, қабул қилинган суд қарорининг қонунийлигига баҳо берувчи юқори инстанция судлари борку, нима учун шикоят хатини қоралаётганда гапни фақат қабул қилинган суд ҳужжатидан эмас, судьянинг шаънини топтовчи асоссиз сўзлардан бошлаймиз.

Демак, бу масалалар ҳам ҳали биз ҳуқуқшунослар, судьялар олдида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, ҳуқуқий тарғиботни олиб боришда талай вазифалар турганлигини кўрсатади. Тўғриси, яна ҳамкасбларим нотўғри тушунмасин-у, олиб борилаётган сайёр қабуллар, сайёр суд мажлислари, халқ билан мулоқот доирасида қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва масъулиятини англашини ошириш бўйича ўтказилаётган ташвиқот-тарғибот учрашувлари ёки маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларни олдини олиш борасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар ўзининг тўлиқ ижобий натижасини бераяпти, деб айта олмаймиз. Мамлакатимизни янгилаш, миллий юксалишни ривожлантириш жараёнида фуқаролар онгида ҳуқуқни англаш ва ҳуқуқий дахлдорлик масъулиятини кучайтиришда аслида биз юристлар биринчилар қаторида ташаббус кўрсатишимиз лозим.

Шундай экан, жамиятимизда Конституция ва қонунлар устуворлигида яшаш дунёқарашини шакллантириш, фуқароларда конституциявий ватанпарварлик ва ҳуқуқий дахлдорлик масъулиятини ошириш фаолиятимизнинг бош мезони ва мазмуни бўлиши даркор.

 

Муҳиддин БОЗОРОВ, Қашқадарё вилоят иқтисодий суди судьяси