December 9, 2019

КАССАЦИЯ ИНСТИТУТИ СУД ҚАРОРЛАРИНИНГ АСОСЛИ, АДОЛАТЛИ ВА ҚОНУНИЙЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШНИНГ МУҲИМ МЕЗОНИДИР

 Мамлакатимизда ҳуқуқий давлат барпо этишнинг таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизими тубдан ислоҳ қилингани, хусусан, суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим чора-тадбирлар туфайли инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш самарадорлиги ошди. Судларнинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлари бўйича ихтисослаштирилиши билан бир қаторда, суд ишларини апелляция ва кассация тарзида кўриб чиқиш институтлари жорий этилгани ҳамда такомиллаштирилганлиги ана шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Маълумки, амалдаги "Судлар тўғрисида"ги қонунга мувофиқ, қонуний кучга кирмаган суд қарорлари устидан келиб тушган шикоят, протестларни кўриб чиқувчи апелляция инстанцияси жорий этилди. Айни пайтда кассация тартибида иш юритиш, яъни қонуний кучга кирган суд қарорлари устидан келиб тушган шикоят ва протестлар асосида ишни юқори инстанцияда кўриш тартиби белгиланди.

Кассация инстанциясининг энг муҳим вазифаси - кўрилган ишлар бўйича биринчи босқич судлари томонидан йўл қўйилган моддий ёки процессуал қонун бузилиши ҳолатларини ўз вақтида тузатишдан иборатдир. Янги қабул қилинган Фуқаролик процессуал кодексининг 416-моддасига асосан суд ишни кассация тартибида кўраётганида суд ҳужжатларининг қонунийлиги, асослантирилганлиги ва адолатлилигини текширади. Суд янги далилларни ўрганиб чиқиши ва янги фактларни аниқлаши мумкин. Эски таҳридаги Фуқаролик процессуал кодексининг 34813-моддасига биноан эса суд иш қайтадан тўлиғича, мазмунан кўрилмасдан, фақат шикоят қилинган қисми бўйича моддий ва процессуал ҳуқуқий меъёрларнинг тўғри татбиқ этилганини текширарди.

Айтиш керакки, Фуқаролик процессуал кодексининг 403-моддасига мувофиқ, қонуний кучга кирган ва апелляция тартибида кўрилмаган суднинг ҳал қилув қарори ва ажримлари устидан улар қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида берилган шикоят ва келтирилган протестлар кассация инстанцияси судларида кўрилади.

Кассация тартибида берилган шикоят ва келтирилган протестлар тегишли инстанция суди номига ёзилса-да, ҳал қилув қарори чиқарилган судга тақдим қилиниши белгиланган.

Биринчи инстанция суди кассация шикояти ёки протестини қабул қилиб олгач, Фуқаролик процессуал кодексининг 409-моддасида белгиланган процессуал ҳаракатларни амалга ошириб, кассация шикояти ёки протести келиб тушган кундан эътиборан йигирма кунлик муддат ичида ишни шикоят ёки протест билан бирга кассация инстанцияси судига юборади.

Агар биринчи инстанция суди мазкур кодекснинг 408-моддасига биноан, кассация шикояти бериш ёки протести келтиришда ушбу Кодекснинг 405 ва 406-моддалари талаблари бузилишига йўл қўйилганлигини ёки давлат божи тўлашдан озод қилинмаган шахс шикоят берганлик учун божни, шунингдек, почта харажатларини тўламаган бўлса, кассация шикояти ёки протестини ҳаракатсиз қолдиради. Бу ҳақда судья ажрим чиқариб, унда шикоят ёки протестнинг ҳаракатсиз қолдирилишига асос бўлган камчилик ва уларни тузатиш учун берилган муддатни кўрсатади.

Агар шикоят берган ёки протест келтирган шахс ажримда кўрсатилган камчиликларни белгиланган муддатда тузатса, шикоят ёки протест дастлаб судга тақдим этилган кунда берилган ҳисобланади.

Кассация инстанцияси суди Фуқаролик процессуал кодексининг
415-моддасига асосан кассация шикояти ёки протести берилган ишни у келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқади. Иш ўта мураккаб бўлган ёки бошқа алоҳида ҳолларда тегишли суднинг раиси бу муддатни кўпи билан яна йигирма кунга узайтириши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Олий суди кассация шикояти (протести) бўйича келиб тушган ишни у келиб тушган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай кўриб чиқиши керак. Алоҳида ҳолларда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки унинг ўринбосари бу муддатни кўпи билан яна бир ойга узайтириши мумкин.

Ишни кассация инстанциясида кўриш муддати узайтирилган тақдирда, ишда иштирок этувчи шахслар иш кўриладиган кун ҳақида олдиндан хабардор қилиниши лозим.

Кассация инстанцияси суди ушбу кодекснинг 419-моддасига мувофиқ, ишни кассация тартибида кўриб чиққач, ўз ажрими билан:

− ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгаришсиз қолдиришга, шикоятни (протестни) эса қаноатлантирмасликка;

− ишни янгидан кўришга юбормасдан ҳал қилув қарорини, қарорни ўзгартиришга ёхуд бутунлай ёки қисман бекор қилишга ва янги ҳал қилув қарори, қарор чиқаришга;

− ушбу Кодекснинг 122 ва 124-моддаларида кўрсатилган асосларга кўра ҳал қилув қарорини, қарорни қисман ёки бутунлай бекор қилишга ва аризани кўрмасдан қолдиришга ёки иш юритишни тугатишга ҳақли.

Бундан ташқари ушбу Кодекс 377-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асослар аниқланганда, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради. Ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидаларига мувофиқ кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда ишда иштирок этувчи шахслар бажариши лозим бўлган ҳаракатлар ва уларни бажариш муддатлари кўрсатилади.

Илгарги Фуқаролик процессуал кодекси 34815-моддасига биноан кассация инстанция суднинг ҳал қилув қарорини бутунлай ёки қисман бекор қилишга ҳамда ишни янгидан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юбориш каби ваколати бўлган. Янги қабул қилинган Кодекс билан эса кассация инстанциясининг ваколатлари соддалаштирилиб, бекор қилинган ҳал қилув қарорлари бўйича шу инстанциясининг ўзи ҳал қилиш амалиёти яратилди. Бу орқали фуқароларнинг оворагарчилигини, ортиқча харажати ва вақтини, турли инстанцияларда сарсон ва саргардон бўлиб юришини, бир ишни биринчи инстанция судларида бир неча марта кўрилиши олди олдинди, десак адашмаган бўламиз.

Ушбу институтнинг қонунчилигимизга жорий қилиниши суднинг ҳал қилув қарорлари ва ажримлари ҳар томонлама сифатли ва адолатли бўлишини таъминлашга ҳамда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларининг тўғри татбиқ қилинишига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоя қилинишига янада самарали хизмат қилмоқда.

Ўтган 2019 йил 11 ойи давомида фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти ва туманлараро судлари томонидан биринчи инстанцияда жами кўрилган ишлар сони 10 минг 378 тани ташкил этган. Шундан 322 та фуқаролик иши келтирилган шикоят ва протестлар асосида кассация инстанцияси судида кўрилган бўлиб, шундан 40 та ҳал қилув қарори бекор қилинган ҳамда 45 та ҳал қилув қарори ўзгартирилган ва қолганлари эса ўзгаришсиз қолдирилган.

Масалан, судга даъвогар Ё.Шойимов (исм-шарифлар ўзгартирилган) даъво аризаси билан мурожаат қилиб, унда жавобгар “Умиджон” фермер хўжалигидан иш ҳақини ундиришни сўраган.

Суднинг ҳал қилув қарори билан даъвогар Ё.Шойимовнинг даъвоси қаноатланирилган. Суднинг ҳал қилув қароридан норози бўлган жавобгар “Умиджон” фермер хўжалиги раҳбари кассация шикояти келтирган. Вилоят суди кассация инстанцияси томонидан Фуқаролик процессуал кодексининг 419-моддасига мувофиқ, суднинг ҳал қилув қарори қонуний, асосли ва адолатли экани кассация шикояти ҳамда улар юзасидан билдирилган эътирозлар доирасида текширилди. Яъни, биринчи инстанция суди ишни ҳал қилишда ходим сифатида Ё.Шойимов 2015 йил 2 январга қадар бўлган даврдаги иш ҳақлари тўланмаётганлиги бўйича, яъни меҳнатига яраша тўланиши лозим бўлган иш ҳақиси берилмаётганлиги хусусида 2015 йил апрель ойига қадар даъво қўзғатиши мумкин бўлган бўлса-да, узрли сабабларсиз бу ҳақда ўтган йиллар мобайнида судга ҳам арз қилмасдан келган.

Ходимнинг 2014-2015 йилларда иш ҳақи тўланмаганлиги юзасидан иш берувчига ёзма мурожаат қилганлиги ҳолати бу мурожаат бўйича қониқарли жавоб бўлмаганлигини билганлиги ҳолда кейинги даврда низолашмаган ҳамда даъво ариза киритмаганлиги сабабли даъво муддати узрли сабабсиз ўтказганлигидан далолат беради ва бу муддатни тиклаш учун ҳам асос йўқ. Бинобарин, биринчи инстанция суди юқоридаги аниқланган ҳолатлар ва қонун талабларидан келиб чиқиб, жавобгарнинг даъво муддатини қўллаш ҳақидаги талабини эътибордан четда қолдириб, нотўғри хулосага келган. Натижада вилоят судининг кассация инстанциясининг ажрими билан биринчи босқич судининг ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвони рад қилиш бўйича янги ҳал қилув қарори чиқарилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, ўтган даврда фуқароларнинг суд орқали ҳимояланиш кафолатлари жиддий тарзда кучайтирилди. Ушбу кафолатлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш бўйича кенг кўламдаги чора-тадбирлар амалга оширилди.

Пировардида қуйи судлар томонидан йўл қўйилган хатоликларни ўз вақтида бартараф этиш, бузилган ҳуқуқ ва манфаатларни тиклаш имкони кенгайди. Бу, ўз навбатида, ижтимоий адолат ва қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим омилидир.

 

Шаҳобиддин Ғафуров, Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилояти судининг катта ёрдамчиси