25 000 доллар, сохта абитуриент, “паравоз”: бухоролик фирибгар қўлга тушди
Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг очиқ суд мажлисида, судланувчи И.Шамаматовга нисбатан жиноят иши кўрилиб, унга нисбатан тегишли ҳукм ва жазо тайинланди.
Иш ҳолатига кўра судланувчи И.Шамаматов 13.01.2012 йилдан 13.08.2018 йилга қадар АТ Халқ банки Когон филиалида Ахборот технологиялари ва ахборотни муҳофаза қилиш шўъбаси бош мутахассиси вазифасида ишлаб келиб, текин бойлик орттириш мақсадида, ўзганинг мулкини қўлга киритишни режалаштириб, 2018 йил июль ойида Когон шаҳри, Бобир шоҳ кўчаси 10-уй, 5-хонада яшовчи фуқаро (Мадина) тахаллусли аслида эса Жулакова Нозима Темировна билан танишиб, суҳбат жараёнида унинг таниши Ў.Жамоловни Бухоро Давлат тиббиёт институтига ўқишга кириш мақсадида ҳужжат тайёрлаб юрганини эшитиб, ўзининг жиноий режасини амалга ошириш мақсадида фуқаро Н.Жулаковага Бухоро давлат тиббиёт институтида юқори лавозимларда танишларим бор, улар орқали Ў.Жамоловни олий ўқув таълим муассасасига ўқишга киритиб қўяман деб уни қизиқтирган.
Шундан сўнг, И.Шамаматов 2018 йил 31 июль куни фуқаро Ў.Жамолов билан Бухоро шаҳридаги Корзинка супермаркети олдида учрашиб, келишувга кўра уни ўзининг яқин алоқалари орқали тест синовларида юқори билимга эга бўлган сохта абитуриентлар, яъни паравозлар ёрдамидан фойдаланган ҳолда тиббиёт институтига ўқишга киришига кўмаклашиш эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб, жами 194.797.000 сўмга тенг 25.000 АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан олаётган вақтида жиноят устида ушланган.
Суд мажлисида судланувчи томонидан содир қилинган жиноятнинг хусусияти ва ижтимоий хавфлилик даражаси, унинг шахси, айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймондалиги, ижтимоий аҳволи ва оилавий шароити, 1 нафар фарзанди борлиги, айбини тушуниб етганлиги, жиноят содир этиш пайтидаги ва содир этилганидан кейинги хулқ-атвори ҳамда жазони енгиллаштирувчи бошқа ҳолатларни инобатга олиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми а банди ва 28,211-моддаси 3-қисми а банди билан Жиноят Кодексининг 57,59,61-моддаларига асосан 4 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.