September 13, 2019

КЕЛИШУВ БИТИМИГА ЭРИШИЛДИ

 Фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро суди томонидан Қамаши тумани Ҳалқ қабулхонасида тез-тез сайёр қабуллар ташкил этилмоқда.

Яқинда ўтказилган сайёр қабулда 15 нафар фуқаро мурожаати тингланиб, уларга ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди.

Бундан ташқари фуқаролик ишлари сайёр суд мажлисларида кўрилмоқда.

Даъвогар А.Ҳакимовнинг жавобгар Қамаши туман тиббиёт бирлашмасига нисбатан моддий ва маънавий зарарларни ундириш ҳақидаги фуқаролик иши кўриб чиқилди.

Даъвогарнинг сўзларига кўра, у Қамаши тумани тиббиёт бирлашмасида шифокор бўлиб ишлаб келиб, 2018 йил 19 август куни автоҳалокатга учраган. Вилоят тиббий меҳнат экспертиза комиссияси хулосасига кўра, А.Ҳакимов автоҳалокат туфайли 75 фоиз меҳнат қобилиятини йўқотиб, 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолган.

Воқеа юзасидан Қамаши туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 2018 йил 2 октябр куни далолатнома расмийлаштирилган. Жабрланувчига 14.7 млн. сўм миқдорида бир йўла нафақа пули ва 2018 йил 25 декабрдан то 2019 йил 25 декабргача ҳар ойда 921.164 сўм миқдорида ойма-ой зарар пули тўлаш ҳақида 59-т-сонли бўйруқ чиқарилган.

Шунингдек, кафолат хати орқали ушбу тўловларни 2019 йилнинг апрель ойигача тўлаб бериш кўрсатилган, бироқ бирлашма томонидан 1 августга қадар жами 7.189.152 сўм ойма-ой зарар пуллари ҳисобланган, шундан 2.003.660 сўм миқдорида солиқ асоссиз равишда ушлаб қолинган. Тўлаб берилган ойма-ой зарар пуллари эса 5.1 млн. сўмни ташкил этган. Даъвогар А.Ҳакимовга жами 14.7 млн. сўм миқдорида бир марталик товон пули ва 1.470.656 сўм миқдоридаги ойма-ой зарар пуллари бугунги кунга қадар тўланмаганлиги аниқланди.

Булиб ўтган сайёр суд мажлисида, тиббиёт бирлашмаси хуқуқшуноси А.Раҳматов, касаба уюшма қўмитаси раиси Р.Хайруллаев ҳамда ҳисобчи А.Эшмаматовлар иштирок этиб, даъвогар А.Ҳакимовнинг даъвосини тан олиб, ҳозирда бирлашмада пул маблағлари етишмаслигини билдиришди.

Суднинг ташаббуси билан тарафлар суд мажлиси муҳокамасида келишув битими тузишиб, судга тасдиқлаш учун киритдилар.

Тўланмаган маблағ келишув битими орқали ундириладиган бўлди.

 

 

Баҳодир Азизов, Фуқаролик ишлари бўйича Яккабоғ туманлараро суди раиси