September 16, 2019

СУД АЁЛНИ ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ЭТМАДИ

Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди очиқ суд мажлисида одам савдоси билан боғлиқ жиноятни содир қилган аёлга нисбатан ҳукм ўқиди.

Судланувчи Адиба Раимова (исм-шарифлар ўзгартирилган) 2019 йилнинг 21 май куни тунги соат 00-10ларда “Дилноза” кафесида 6 ёшли ўғли Дониёрни “Камола” исмли шахсга 15 млн. сўмга сотаётган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ушланган.

Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилиб, иш судга оширилган.

А.Раимова судда, айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, шароити оғир эканлигини, болани сотишдан мақсад келажакда яшаш учун уй-жой сотиб олмоқчи бўлганлигини, қилмишини оғир жиноят эканлигини тушуниб етганлигини, келгусида бу каби кечириб бўлмас хатоларга йўл қўймаслигини билдириб, қонуний енгиллик беришни сўраган.

Суд мажлисида Навбаҳор тумани хотин-қизлар қўмитаси вакили иштирок этиб, судланувчига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб, унга фойдали меҳнат билан шуғулланиш имкониятини яратиб беришини билдириб, кафолат хати тақдим қилди.

Суд, А.Раимованинг қилмишига иқрор ва пушаймонлигини, аёллигини, қармоғида 4 нафар вояга етмаган фарзанди бўлиб, ўзи ягона тарбиячи ва боқувчи эканлиги, моддий жиҳатдан қийналганлиги, илгари судланмаганли, шу билан бирга Навбаҳор тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси томонидан унга нисбатан кафолат хати берилганлиги ва ишдаги бошқа енгиллаштирувчи ҳолатларни, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатлар сифатида баҳолаб, инсонпарварлик принципига амал қилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси ЖК 135-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, яъни у айбланаётган модда санкциясида назарда тутилмаган озодликни чеклаш жазоси тайинлашни лозим топди.

А.Раимовага 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Абулқосим Рузиқулов, Жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди раиси