ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР СОДИР ЭТГАН ЖИНОЯТЛАР МУАММОЛАРИГА БАҒИШЛАНДИ
Сирдарё вилоят ички ишлар бошқармаси мажлислар залида "Вояга етмаганлар томонидан содир этилган қотиллик жиноятларини тергов қилишининг ўзига хос хусусиятлари, гумонланувчиларнинг ҳаракатларини малака қилишда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар" мавзусида семинар ўтказилди.
Мазкур семинар Республиканинг барча ҳудудлар билан видеоконференция режимида ўтказилиб, семинар-ўқув машғулотида Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг тегишли тергов бошқармалари, прокуратура органларининг тегишли бўлимлари, жиноят ишлари бўйича судлар, адвокатура вакиллари ва бошқалар иштирок этишди.
Ўқув семинарида қотиллик жиноятларини содир қилган вояга етмаганларни ишларини тергов қилиш, уларни сўроқ қилиш, айб эълон қилишда тегишли процессуал ҳаракатларни ўтказилиши, шунингдек вояга етмаганларни ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга нисбатан қўлланиладиган процессуал мажбурлов чораларини қўлланиши ҳамда тайинланиши мумкин бўлган жазо чораларининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўз юритилди.
Семинарда жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят судининг судьяси А.Эргашев томонидан, мавзуга оид масалаларни ҳал қилишда мавжуд муаммолар юзасидан берилган айрим саволларга жавоб берилди.
Жумладан, қотиллик жиноятини содир қилган вояга етмаганларни ҳаракатларини "ўта шафқатсизлик" оғирлаштирувчи белгиси билан квалификация қилишда эътиборга олинадиган ҳолатлар, қонуний вакил бўлмаган ҳолларда педагог ва психологнинг иштирокини таъминлаш, суд-тиббиёт экспертизаси орқали вояга етмаганларни аниқ ёшини аниқлаш ҳамда вояга етмаганларни жиноятлари ҳақидаги ишлар бўйича исботланиши лозим бўлган ҳолатлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорларидаги кўрсатмалар асосида жавоблар ва фикрлар берилди.
Семинар якунида, иштирокчилар томонидан берилган фикрларда, терговда учраётган муаммоларни ҳал қилиш, бу тоифадаги ишларни ҳал қилишда қонун устуворлиги тўла таъминлаш ва камчиликларга барҳам бериш, процессуал ва моддий қонун меъёрларини тўғри татбиқ этилишига тергов органларининг эътиборини жалб қилган ҳолда кўзланган назарий ва амалий ёрдам беришга қаратилган семинарнинг мақсади, мазмун-моҳияти тўлиқ ёритилди, деб топилди.
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди