ОДИЛ СУДЛОВНИ АМАЛГА ОШИРИШ ЙЎЛИДА
Юртимизда барча соҳаларда бўлгани каби суд-ҳуқуқ соҳасида ҳам амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилишнинг энг муҳим кафолати сифатида суд ҳокимиятининг нуфузини янада мустаҳкамлаш, судларнинг мустақиллигини таъминлашдан иборат.
Муҳтарам Президентимизнинг 2018 йил 13 июлдаги “Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш ва суд ҳокимияти органларига ишончни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида ҳам суд-ҳуқуқ тизими нуфузини ошириш, судларни ихтисослаштириш билан бирга қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган.
Фармонда судлар фаолияти тўғрисида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш белгиланган.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида оммавий ахборот воситалари ҳамда жамоатчилик вакиллари билан ўтказилган матбуот анжуманида Фарғона вилоятдаги суд раислари томонидан жорий йилнинг 9 ойида одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш борасидаги фаолиятлари юзасидан ахборот берилди.
Тадбирда дастлаб, фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раиси Ихтияр Касимов сўз олиб, ўзининг маърузасида ҳисобот даврида фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилояти судлари томонидан одил судловни амалга ошириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида бир қатор ишлар амалга оширилганини таъкидлаб ўтди.
Жумладан, судларда ўтган давр мобайнида 13.413 та фуқаролик ишлари кўриб тамомланган бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига (17749 та) нисбатан 24,4 фоизга камайган.
Шунингдек, 6.821 та аризалар бўйича суд буйруқлари чиқарилиб, суд буйруқлари ҳам 35,5 фоизга камайган.
Кўриб тамомланган фуқаролик ишларининг 12.016 таси бўйича ҳал қилув қарори чиқарилиб, 10.076 та ёки 83,8 фоиз даъво қаноатлантирилган, 1.940 та даъво талаби қаноатлантиришдан рад қилинган, 521 та иш юритишдан тугатилган ва 876 та даъво кўрмасдан қолдирилган.
Судлар томонидан аҳоли муаммолари билан ишлаш, мунтазам равишда халқ билан очиқ мулоқот, давра суҳбатлари ва сайёр қабулларни ўтказилиши натижасида юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни белгилаш, никоҳдан ажратиш, мулкка нисбатан эгалик ҳуқуқини белгилаш, фуқароларнинг уй-жой низолари, жиноят натижасида етказилган зарарни ундириш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш каби тоифа ишлар сезиларли даражада камайган.
Шу билан биргаликда Хотин-қизлар қўмиталари билан ҳамкорликда жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оилаларни сақлаб қолиш мақсадида олиб борилган тадбирлар натижасида никоҳдан ажратиш ҳақидаги кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 12,1 фоизга камайган.
Фуқаролик ишлари бўйича судларда ишларни кўриб чиқиш натижаларида аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳамда оилавий низоларни олдини олиш юзасидан 207 та хусусий ажрим, 39 та тақдимнома чиқарилган бўлса, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва ташкилотларда 379 маротаба, оммавий ахборот воситаларида 126 маротаба турли ҳуқуқий мавзуларда чиқишлар амалга оширилган.
Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди раиси вазифасини бажарувчи Фарходжон Ғаниев судларда жорий йилнинг 9 ойи давомида 2.621 шахсга нисбатан 2.096 та жиноят ишлари кўриб чиқилгани, шундан – 275 шахсга нисбатан 238 та жиноят иши аёллар, 66 шахсга нисбатан 53 та жиноят иши вояга етмаганлар ва 100 шахсга нисбатан 100 та жиноят иши олтмиш ёшдан ошган эркакларга нисбатан кўриб тамомланганини таъкидлади.
Жорий йилнинг 9 ойида қасддан одам ўлдириш, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, фирибгарлик, безорилик, ўғирлик, пора бериш, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ ва бошқа турдаги жиноятлар сезиларли даражада камайган.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, Хотин-қизлар ва Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида 84 нафар шахс жиноят иши бўйича озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланиб, судланувчиларга нисбатан енгилликлар берилган.
Вилоят маъмурий суд раиси Абдурасул Эранов ўтган 9 ой давомида маъмурий судларда жами 25.176 нафар шахсга нисбатан 20.976 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилганини таъкидлади.
Жумладан 16.063 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазолар қўлланилган ва 9.113 нафар шахсга нисбатан ишлар ҳаракатдан тугатилган.
Кўриб тугатилган ишлар бўйича – 4.502 нафар ёки 17.8 фоизи аёллар, 1.154 нафар ёки 4.5 фоизи 60 ёшдан ошганлар, 297 нафар ёки 1.1 фоизи чет Давлат фуқаролари, 2.578 нафар ёки 10.2 фоизи тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этган.
Судларда кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик ишлари тоифаси таҳлил қилинганда энг кенг тарқалган ҳуқуқбузарликлар бу 3.677 та шахс ёки 14.6 фоиз хақорат қилиш, 2.640 та шахс ёки 10.4 фоизи лицензиясиз фаолият билан шуғулланиш, 2.595 та шахс ёки 10.3 фоиз майда безорилик, 2.202 та шахс ёки 8.7 фоиз транспорт воситасини маст ҳолда бошқариш, 1.874 шахс ёки 7.4 фоиз енгил тан жароҳати етказишни ташкил қилган.
Шунингдек, ҳисобот даврида маъмурий судлар томонидан 1402 та оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид ишлар кўриб тугатилган бўлиб, 966 та аризалар қаноатлантирган, аризачиларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. 328 та иш бўйича аризалар рад қилинган. 75 та иш бўйича иш юритувдан тугатилган, 33 та иш кўрмасдан қолдирилган.
Туман (шаҳар) маъмурий судлари томонидан кўриб тугатилган ишлар бўйича ҳуқуқбузарликни олдини олиш ҳамда қонун бузилиш ҳолатларини бартараф этиш мақсадида жами 726 та тақдимнома ва 351 та хусусий ажримлари чиқарилиб, жойларга муҳокама қилиш учун юборилган.
Фарғона вилояти иқтисодий суди раиси Тиллаволди Атабаев иқтисодиёт соҳасида тадбиркорларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борада қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантиришга қаратилганини эътироф этиб ўтди.
Жорий йилнинг 9 ойи давомида иқтисодий судлар томонидан жами 8309 та ишлар кўриб чиқилган.
Кўрилган ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37,4 фоизга камайган, ишларнинг 72,2 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Бу даврда 283 та ишлар суд буйруғи тартибида кўриб чиқилган бўлиб, жами кўрилган ишларнинг 3,4 фоизини ташкил қилган.
Кўрилган ишларнинг 2 031 таси ёки 24,4 фоизи фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид, 5 903 таси ёки 71,4 фоизи маъмурий ҳуқуқий муносабатларга оид, 360 таси ёки 4,3 фоизи ташкилот ва фуқароларнинг банкротлигига оид, 12 таси ёки 0,1 фоизи корпоратив муносабатларга оид ҳамда 3 таси ёки 0,03 фоизи юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлашга оид ишларни ташкил этган.
Вилоят иқтисодий судлари томонидан хусусий тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан кичик бизнес субъектлари, фермер хўжаликлари, деҳқон хўжаликлари ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид 950 та иш кўрилиб, ишни кўриш натижаларига кўра уларнинг фойдасига 199 млн. сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинган.
Таҳлилларга кўра иқтисодий судларда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан солиқ ва бошқа мажбурий тўловлардан бўлган қарз ундирувини қарздорнинг мол-мулкига қаратиш, маҳсулот етказиб бериш шартномаси билан боғлиқ низолар кўпайган бўлса, тадбиркорлик субъектларининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, банкрот деб топиш, кредит шартномаси билан боғлиқ, шунингдек коммунал хизмат кўрсатиш ва лизинг шартномаси билан боғлиқ низолар бирмунча камайган.
Судларда ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жами 217 та суд таъсир чоралари қўлланилган. Хусусан, 7 та маъмурий иш қўзғатилган, 32 та моддий жавобгарликка тортиш ва 46 та интизомий жазо чораси қўллаш ҳақида, шунингдек, қонунбузарликларнинг олдини олиш юзасидан эса 132 та хусусий ажрим ва хабарномалар чиқарилган.
Фарғона вилоят судларида ҳафтанинг жума куни тадбиркорлар куни ҳамда шанба куни очиқ эшиклар куни деб белгилангани алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Алишер Абдуллаев,
Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг суд амалиётини таҳлил қилиш ва статистикаси бўлими бошлиғи